Қалбларимизга меҳр-оқибат, илму маърифат нурлари ёғилсин

Қалбларимизга меҳр-оқибат,  илму маърифат нурлари ёғилсин

Бу йилги Рамазон ойи ҳам худди ўтган галгиси каби глобал коронавирус пандемияси ва минтақанинг аксарият мамлакатларида коронавирус билан боғлиқ аҳвол қайта ёмонлашаётган бир пайтга тўғри келиб турибди. Шундай бўлса-да, юртимиздаги масжидлар эшиклари жамоат намозлари учун ёпилмади,  мусулмонларга карантин чораларига қатъий риоя қилган ҳолда "Таровеҳ" намозларини ўқишларига ҳам изн берилди. Аллоҳ субҳонаха ва таолога беҳад ҳамду санолар бўлсинки, биз ана шунинг шукронаси учун ҳам атрофдагиларга раҳм-шафқат назари билан қарашимиз, айниқса, жабрдийда, қийналган, муҳтож ва бечораларга беғараз ёрдам беришимиз керак.                                                                                            Бошқа ибодатлардаги каби, садақа ва хайр-эҳсонда ҳам фарзу вожибдан кейинги ўринда ихтиёрийси туради. Албатта, садақанинг бу тури ҳам соҳибининг ўзига катта фойдалар келтиради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:  "Қай бир киши ҳалол-покдан садақа қилса, Аллоҳ ҳалол-покдан бошқани қабул ҳам қилмайди, албатта, Раҳмон у(садақа)ни ўнг қўли билан қабул қилиб олади. Агар у бир дона хурмо бўлса ҳам Раҳмоннинг кафтида ўсади. Ҳаттоки тоғдан ҳам катта бўлиб кетади. Худди бирингиз тойчоғи ёки бўталоғини тарбия қилганидек", дедилар".  Садақа эса сиртдан молнинг озайишига ўхшаб кўринса ҳам, аслида, Аллоҳ таоло садақаси берилган молни баракали қилиб қўяди. У эгасига юқади, бахт-саодат келтиради ва бало-офатлардан сақлайди.

Садақа ва хайр-эҳсон берувчи қўл яхши қўл, баракали қўл, хайр-эҳсонли қўл, ҳамманинг ҳавасини келтирадиган, Аллоҳга ва Унинг Расулига хуш келадиган қўлдир.

Муҳтарам юртдошлар! Ҳайит байрамига соғ-омон етиб келиб, юртимиз бўйлаб кенг нишонлаганимиз учун Аллоҳ таолога шукрона айтиб, янада ҳамжиҳат бўлиб яшашга интилайлик. Яратган парвардигор барчамизнинг хонадонларимизга, жонажон юртимиз Ўзбекистонга тинчлик-хотиржамлик, қут-барака ато қилсин, бошимиз узра меҳр-оқибат ва илму маърифат нурлари ёғилаверсин.

Мусохон Аббасиддинов,
Наманган шаҳар Бош имом хатиби