Қомусимиз – беназир ҳуқуқий қадрият

Қомусимиз – беназир  ҳуқуқий қадрият

Инсон умрининг мазмунли ва саодатли кечаётганини белгиловчи омиллар кўп. Бироқ ўз ҳаётини шу азиз она Ватан фаровонлиги йўлига бағишлаётган кишиларга ҳар қанча эҳтиром кўрсатсанг, уларни эъзозласанг арзийди. Албатта, бу ўринда юртимизнинг бугунги тараққиёти ҳамда фаровонлигига мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилаётган Конституциямизнинг асосчилари ва ушбу шарафли вазифага бошчилик қилиб, унга сайқал берган юртдошларимизни назарда тутмоқдамиз. Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудида асосий Қонунимизга бағишланган турли тадбирлар ўтказилиб, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тарғиб қилинмоқда. Доно халқимиз ўз эрки, озодлиги, ҳуқуқ ва манфаатлари ифодаланган ҳамда инсон шаънини олий даражага кўтарган мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг улуғворлигини аллақачон англаб етган. Конституцияни кимдир бахтимиз Қомуси, деб таърифласа, яна биров беназир ҳуқуқий қадрият, дея баҳо беради. Уммон тубидан излаб топилган ноёб дуру жавоҳир киши эътиборини қанчалик тортса, муқаддимада қайд этилган ҳар бир фикр ҳам ана шундай таъсирга эга. Хусусан, унинг ҳозирги ва келгуси авлодлар олдидаги юксак масъулият ва миллий давлатчилик ривожининг тарихий тажрибаси асосида, демократия ҳамда ижтимоий адолатга садоқатни намоён қилиш, юртдошларимиз муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш мақсадида қабул қилингани ҳар бир мустақил фикр эгасига қўшимча куч, юксак ишонч ва она-заминга муҳаббат туйғусини бағишлайди. Инсоният доимо эркин фикрлаш, озод ва фаровон ҳаётга қанчалик интилиб яшаганлигига тарих гувоҳ. Бугун озод ва обод юртда бахтли ҳаёт кечираяпмиз. Фикрлаш, сўз ва эътиқод, виждон эркинлигига, ҳуқуқларимиз дахлсизлигига эгамиз. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг тенглиги, қонуний манфаатларининг барча жиҳати Конституция ва унинг асосида қабул қилинган қонунларда ўз ифодасини топди. Асосий Қонунимиз инсон, хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, хоҳ ёш ёхуд кекса, соғлом ёки ногирон — барча инсонлар манфаатларини бирдек ифодалайди. Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар ҳуқуқлари алоҳида давлат ҳимоясига олиниши, ушбу масала конституциявий норма даражасида ифодаланиши эътиборга молик.
Конституция устуворлиги хусусида сўз кетганда, унинг нормаларида халқимизнинг асрлар оша давом этиб келаётган ўзига хос миллий ва диний қадриятлари ўз аксини топганлигини алоҳида айтиб ўтиш ўринлидир. Хусусан, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур эканлиги белгилаб қўйилган. Бугун юртимизда асосий Қонунимиз мазмун-моҳиятидан келиб чиқадиган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, салмоқли натижалар қўлга киритилаётир. Бу айни чоғда хорижликлар томонидан ҳам юксак эътироф этилмоқда. Зотан, бугунги кунда дунё ҳамжамиятида Ўзбекистон номи алоҳида ҳурмат ҳамда эҳтиром билан тилга олинмоқда. Шунинг ўзиёқ танлаган йўлимиз нақадар тўғри эканлигининг ва ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар юксак самаралар бераётганининг ҳаётий тасдиғидир. Ана шу ютуқларимизни янада мустаҳкамлаш ҳамда она Ватанимизнинг халқаро майдондаги нуфузини бундан-да ошириш ҳар биримиздан катта масъулият ва фидойиликни талаб этади. Бинобарин, давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, эришган ютуқларимизга маҳлиё бўлиб қолмаслигимиз, асосий вазифамиз ва масъулиятимизни бир зум ҳам унутмаслигимиз даркор. Шу диёрнинг бахтли фуқаролари сифатида юртимизнинг янада равнақ топишига муносиб ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиз ҳисобланади. Зеро Конституция – ҳаётимиз кафолатидир.

Нуруллоҳ Маҳкамов, 
Чуст туманидаги 
«Саид Насимхон тўра» жомеъ масжиди имом хатиби.