Ҳар бир соҳада туб ислоҳотлар амалга оширилади, бу – янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлидир!

Ҳар бир соҳада туб ислоҳотлар амалга оширилади, бу – янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлидир!

Ўзбекистон Республикаси аҳолиси куни кеча унутилмас, мамлакат тарихидаги муҳим воқеанинг гувоҳи бўлди. Пойтахтимизда Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланиши муносабати билан инаугурация маросими бўлиб ўтди.

Бу қувончли лаҳзаларда ҳар бир Ўзбекистон фуқароси қалбида чексиз  фахр-ифтихор туйғусини ҳис этди. Шавкат Мирзиёев мазкур маросимда: “Жонажон Ватанимиз тимсоли ва мустақиллигимиз рамзи бўлган давлат байроғимиз, мадҳиямиз ва гербимизга, менга топширилган Президентлик Олий нишони ва байроғига юксак ҳурмат бажо келтираман. Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланишимни, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида олиб бораётган сиёсатимизнинг, юксак эътирофи сифатида қабул қиламан. Асосий қомусимиз кафили сифатида Конституция ва қонунларимиз талабларини сўзсиз бажариш, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш, бундан буён ҳам фаолиятимнинг бош мезони бўлиб қолади. Албатта, инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз. Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз”, - деган гапларни айтганида, беихтиёр қалбим янада тўлқинланди, кўзларимга ёш келди. Юртимизнинг тинчлигига, унда бунёдкорликлар амалга оширилаётганига, инсон қадри чин маънода улуғланаётганига, мана шундай юксак салоҳиятли инсон давлат раҳбари этиб сайланганига беадад шукроналар келтирдим. Чиндан ҳам холисона туриб айтиш керак, бундай шарт-шароит, имконият, инсонпарварлик яна қайси юртда бор?!

Янги Ўзбекистон янги тараққиёт стратегиясини белгилаб олди. Олдинда бизни юксак марралар кутмоқда. Эндиликда биз эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этамиз, инсон қадри-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган, кенг кўламли ислоҳотларимиз янги поғонага кўтарилади. “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғоясини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратамиз. Айниқса, маҳаллий бошқарув органларининг жойларда муаммоларни ҳал этишдаги роли ва масъулиятини янада кучайтирилади. Жамият бошқарувининг таянч бўғини бўлган, ислоҳотлар самараси бевосита акс этадиган маҳалла тизимини ҳокимликлар билан боғлаш мақсадида ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилади. Маҳалла раиси  маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, оила ва маҳаллада соғлом муҳитни шакллантириш каби масалалар билан шуғулланади.

Президентимизнинг, шунингдек, устоз-мураббийлар, таълим фидойиларига бўлган эътиборнинг янада кучайтирилиши тўғрисидаги фикрлари минг-минглаб бу соҳа вакилларини қувонтириб юборди. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йилгача олий тоифали ўқитувчиларнинг ойлиги 1000 АҚШ долларига қўтарилиши, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантиришнинг энг муҳим омили ҳисобланган сифатли таълим-тарбия масаласига жиддий аҳамият бериш тўғрисидаги қимматли фикрлари ва, айниқса: “Юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш учун бизга замонавий илм ва яна бир бор илм, тарбия ва яна бир бор тарбия керак. Бугунги ва эртанги кунимизни, ёшларимиз тақдирини ҳал қиладиган юксак малакали муаллим ва мураббийлар, профессор-ўқитувчилар, ҳақиқий зиёлилар керак. Бу заҳматкаш, фидойи инсонлар олдида ҳали қарздормиз. Шу боисдан ҳам, қанчалик қийин бўлмасин, ўқитувчилар меҳнатини муносиб рағбатлантириш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз”, деган сўзлари кўнгилларга сўнмас нур ва шижоат бағишлади.

Янги олий таълим муассасаларини ташкил этиш билан бирга, талабаларни турар-жой билан таъминлаш бўйича бошлаган ишларни жадал давом эттириш, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён этишлари учун шароитларни кенгайтириш, гендер тенглик, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш масалалари юзасидан таъкидланган таклиф ва вазифалар ҳам алоҳида эътиборга молик фикрлардир. Зотан, жамиятда айни шу жиҳатлар воситасида ривожланиш ва адолат тамойили қарор топади. Адолат устун қўйилган мамлакатда эса аҳоли турмуш даражаси янада кўтарилади, халқнинг оғири енгил бўлади.

Ўз ўрнида таъкидлаш керакки, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш – мамлакатимизда халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарурий шарти ҳисобланади. Одил судлов тизимининг чинакам мустақиллиги ва очиқлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини такомиллаштириш, адвокатура институтини кучайтириш, ушбу соҳалар фаолиятини рақамлаштириш бўйича кўплаб вазифалар  қўйилганлиги, келгусида маъмурий судлар фаолиятини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилиб, суд хусусий мулк ҳимоясида туриши, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш орқали ижро идораларини қонун доирасида ишлашга мажбур қиладиган тизимнинг йўлга қўйилиши орқали  жамият тараққиётига, биринчи навбатда, унинг иқтисодий равнақига эришишимиз мумкинлиги эътироф этилди. Мамлакатимиз ривожини, аҳоли фаровонлигини таъминлашда ҳал қилувчи ўрин эгаллайдиган тадбиркор ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилишимиз, бу борада қонун бузилишига мутлақо йўл қўймаслик, шу муносабат билан хусусий мулк устуворлиги қонунларимизда асосий тамойил сифатида белгиланиши таъкидланди.

Юртбошимиз қайси соҳа хусусида сўз юритмасин, барчасида туб ислоҳотларни амалга ошириш лозимлиги, халқ фаровонлиги, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш, илм-маърифатга асосий урғу бериш кераклигини таъкидлаб ўтдилар. Маросимда қатнашган ҳар бир иштирокчи бундай самимий фикрлар, ўринли таклифларни, одилона ва оқилона сиёсатни самимий мамнуният билан қаршилади.

 Янги Ўзбекистон, янги РЕНЕССАНС даврининг бошланиши барчамизнинг қалбимизда улкан ишонч, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотди. Бу йўлда бирдам бўлишимиз, ўз вазифамизга виждонан ва сидқидил ёндашишимиз, изланиш ва ташаббускорликни, Ватан ва халқ манфаатларини олий ўринга қўйиш билангина эзгу мақсадларимизга эришамиз.   

Собитхон ТУРҒУНОВ, 
Наманган давлат университети ректори, педагогика фанлари доктори.