Ҳар бир ёш қалбда ватанга муҳаббат ҳисси бор

Ҳар бир ёш қалбда ватанга муҳаббат ҳисси бор

Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Наманган вилояти кенгашининг ёшлар ва фуқароларни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг онгига ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат, меҳнатга масъулиятли муносабат, ҳарбий хизматга ҳурмат туйғуларини сингдиришда хизматлари беқиёс. Ташкил топганига 30 йил тўлаётган вилоят Кенгаши эса қўлга киритилаётган юксак натижалар боис республикада ўз ўрнига эга.

Мухбиримиз «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят Кенгаши раиси Аҳмаджон Алоходжаев билан ушбу қутлуғ сана муносабати билан жорий йилда амалга оширилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашди.

- Аҳмаджон ака, аввало яқинлашиб келаётган қутлуғ сана – ташкилотнинг 30 ёшга тўлиши билан самимий табриклаймиз. Бизга маълумки, ҳарбий ватанпарварлик тарғиботи ва ёшлар билан ишлашда ташкилот маълум тажриба ва салоҳиятга эга. Суҳбатимизни мана шу жараёндаги муҳим жиҳатлар нималардан иборат, шу ҳақда бошласак.

- Табрик ва самимий эътироф учун раҳмат. Бугунги кунда Кенгаш тасарруфида 13 та ўқув спорт техника клублари ва вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази бўлиб, спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантирилиши ва оммалаштирилишини таъминлаш, спорт ташкилотлари ва жамоалари фаолиятига кўмаклашиш, болалар, ўсмирлар ва чақирувгача бўлган ёшлар ўртасида оммавий спорт ишларини ташкил этиш ва ўтказиш, ёшлар ва фуқароларни мудофаа соҳасидаги бошланғич билимларга ўқитишда ва уларни ҳарбий хизматга тайёрлашда давлат ҳокимияти органларига кўмаклашиш, автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини, шунингдек, оммавий техник касблар мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолиятимизнинг асосини ташкил этади.

Вилоят кенгаши ва унинг тизимидаги ташкилотларда 26 та  бошланғич ташкилот ва уларнинг 19545 нафар аъзолари мавжуд. Шу кунгача ўқув спорт техника клублари томонидан 400 дан зиёд тадбирлар ўтказилди. Уларда 62973 нафар аҳоли ва ёшлар иштирок этди.

Президентнинг 2018 йил 12 декабрдаги «Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4061-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ватан-муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” шиори остида “Уч авлод”, “Ватан фидойи фарзандларини унутмайди” шиори остида  «Ватанпарварлик автоюриши», “Ватан-муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” “Ватанпарварлик” фестивали, “Адлия сайли”,  «Ҳар бир оила-тадбиркор», “Биз ватанпарварлармиз!” “Ватан фидоий фарзандларини унутмайди” шиори остида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини ҳимоя қилиш йўлида жонини фидо этган ҳарбий хизматчи ва Ички ишлар ходимларининг фарзандлари иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Шунингдек, “Янги Ўзбекистон ёшлари – бирлашайлик”, “Ёшлар - ёшлар учун”, “Қўмондон ва ёшлар”, “Ёшларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятлар яратиб бериш борасида ислоҳотлар”, “Стресс нима ва уни бартараф этиш усуллари”, “Ёшларни тадбиркорликка йўналтириш”, “Тадбиркорлар ва Ёшлар мувафаққиятга эришиш йўллари” мавзусида семинар – тренинглар  ташкил этилди.

- Спортнинг техник ва амалий турларини оммалаштириш ва ривожлантириш йўналишида қандай ишлар амалга ошириляпти?

- Тасарруфимиздаги ташкилотларда Ёзги олимпиада ўйинлари дастурига киритилган “Ҳаво милтиғидан ўқ отиш” ва “Триатлон”, ҳамда “Ёзги биатлон”, “Дуатлон”, “Моделсозлик”, “Ракетамодел”, “Авиамодел”, “Эркин учувчи авиамодел”, “Корд авиамодель”, “Радиоспорт”, “Картинг”, “Автоспорт”, “Авторалли”, “Автомобил халқа пойгаси”, “Мотоспорт”, “Парашют”, “Ҳарбий амалий кўпкураш” спорт турлари бўйича тўгарак ва секциялар фаолият юритиб келмоқда.

Вилоят кенгаши тизимидаги туман ва шаҳар ўқув спорт техника клублари ҳамда ўқув муассасалари қошида 59 та секциялар фаолият юритиб келмоқда, 33 нафар тренерлар 755 нафар ёшларга спортнинг техник ва амалий турлари билан мунтазам шуғулланмоқда.

Тақвимий режага асосан 44 маротаба клуб, 52 маротаба туман ва шаҳар, 16 маротаба вилоят, 6 маротаба  республика мусобақалари ўтказилди. Республика мусобақаларида 235 нафар спортчи иштирок этди. Вилоят терма жамоаси спортчилари республикада 6 марта биринчи ўринни, 8 марта иккинчи ўринни ва 4 марта учинчи ўринни эгаллади.

Спортнинг техник ва амалий турлари бўйича 2021 йилнинг ҳозирги кунига қадар ўтказилган мусобақа натижаларига кўра жами 22 та олтин, 20 та кумуш ва 27 та бронза медаллар қўлга киритилди.

Шунингдек, “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгашининг ўқ отиш спорти секциясида Вадим Кондаков мураббийлиги остида шуғулланиб келаётган Муҳаммад Камалов жорий йилнинг 4-11 сентябрь кунлари Россия Федерациясиннг Татаристон Республикаси пойтахти Қозон шаҳрида старт олган биринчи МДҲ давлатлари ўйинларида Пневматик милтиқдан ўқ отиш йўналишида 1-ўринни эгаллаб, олтин медалга сазовор бўлди. Муҳаммад шу билан бирга 10-20 сентябрь кунлари Қозоғистон Республикасиннг Чимкент шаҳрида 14-Осиё Чемпионатида Пневматик милтиқдан ўқ отиш йўналишида “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгашининг ўқ отиш спорт секцияси аъзоси  Муҳаммад Камалов фахрли 2 ва 3-ўринни эгаллаб, кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлган бўлса, яна умидли спортчи Тарасова Алина ҳам ушбу мусобақада иштирок этиб, 4-ўринни эгаллади.

- “Ватанпарвар”нинг спортчи ёшлари эришаётган ютуқлар уларнинг кейинги фаолиятида қандай имкониятларни туҳфа этяпти?
- “Ватанпарвар” ташкилотида спорт билан шуғулланиб, республика, Осиё, Жаҳон ва Халқаро мусобақалар ғолиблари бўлган ёшлар мамлакатимиздаги Олий ўқув юртларига имтиёзли тарзда ўқишга қабул қилинмоқда. Исҳакова Камила, Тохирова Мукамал, Аҳмадалиев Муроджон, Жўрамирзаев Сарвар, Каримов Саидбек, Тохирова Мухтасар, Абдуллаев Иззатбек ва Камалов Муҳаммад, Тарасова Алина ва Назаров Дилмуродлар ана шундай имтиёздан фойдаланаётган ёшларимиздан.
- Автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш фаолияти ҳақида ҳам кенгроқ маълумот бериб ўтсангиз.
-
Кенгаш тасарруфида 13 та ўқув спорт техника клуби ва вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази бўлиб, автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича бир қатор ижобий ишлар олиб борилмоқда.

Ҳозирги кунда Халқ хўжалигига оммавий касб ходимларини тайёрлаш бўйича Вилоят кенгаши тасарруфидаги ўқув ва спорт ташкилотлари томонидан оммавий касб ходимларини тайёрлаш режасига асосан “А”, “В”, “ВС”, тоифали ҳайдовчиларни тайёрлаш ва “В-С”, “Д”, “Е”, “ВЕ” “СЕ” тоифалар бўйича қайта тайёрлаш ишлари сифатли даражада ташкиллаштирилган.

“Ватанпарвар” ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган, уч ўлчамли анимация эффектлари ва видеоконтентга эга кўринишдаги электрон ўқув қўлланмалардан таълим олаётган ҳайдовчиликка номзодлар интернет тармоғи орқали кенг фойдаланишлари ва уларга қулайликлар яратиш мақсадида, тасарруфдаги барча ташкилотлар узлуксиз интернет тармоғига уланган бўлиб, худудларда WiFi зоналар ташкил қилинди.

Ҳозирги кунда ташкилотларда турли тоифадаги хайдовчиликка номзодларни сифатли тайёрлаш мақсадида “Е-АVТОМАКТАВ” электрон платформасидан кенг кўламда фойдаланиш ишлари тўғри ташкиллаштирилган. 

Ташкилот тизимидаги ўқув ва спорт ташкилотларида ҳайдовчиликка номзодларни сифатли тайёрланишида мухим ўрин тутадиган бошланғич амалий машқ майдончалари (ўқув машқ негизлари)ни таъмирлаш ва керакли элементлар билан жиҳозлаш ишлари ишлари тўлиқ бажарилди.

Жорий йилнинг 3-чорак давомида: Наманган вилоят кенгаши тасарруфидаги ўқув ва спорт ташкилотлари автомобил паркини замонавий автомобиллар билан таъминлаш мақсадида, жами: 1 дона «СAPTIVA», 6 дона «Нексия-3» ва 1 дона Отайўл, жами: 8 дона енгил ва юк автомобиллари харид қилиниб, ўқув автомобили сифатида жиҳозланди. Улардан бугунги кунда ўқув машқ автомобили сифатида фойдаланилмоқда.

3 босқичли ўқув курслари ташкил этилган бўлиб, дастлабки босқичда 2021 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши ва унинг тасарруфидаги ўқув муассасалар томонидан «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг ҳайдовчилик курсларида ўқитиш ишлари олиб борилмоқда. Бунда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг ҳайдовчилик курсларида ўқитиш ишлари - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 мартдаги “Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 132-сон Қарори билан тасдиқланган Низом талаблари асосида ҳар бир таълим олувчи ёшлар учун ўқув тўлов маблағларининг 75 % гача бўлган қисмини туман, шаҳар “Васийлик кенгаши” нинг тегишли қарорлари билан “Ёшлар жамғармаси” ҳисобидан тўлаб берилмоқда. Ҳозирги кунда вилоят бўйича жами 1397 нафар «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшлар ҳайдовчилик курсларида таълим олмоқдалар.

Иккинчи босқичда 2021 йил 1 августдан бошлаб, вилоятдаги секторлар худудидаги 5 та “Ватанпарвар” ташкилоти ўқув муассасалари негизида «Ёшлар дафтари» ва “Темир дафтар”га киритилган ёшлар ва мухтож оилаларнинг фарзандларини “Техник хизмат кўрсатиш мутахассисларини тайёрлаш курслари”да “вулканизаторчи”,                                     “газ-электрпайвандчи”, “аккумуляторчи”, “автоэлектрик” ва “авточилангар” мутахассисларини тайёрлаш учун ўқув моддий базани жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирда ушбу мутахассисликлар бўйича жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб ўқиш бошланди. Ҳозирги кунда вилоят бўйича жами 190 нафар «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшлар юқоридаги касблар бўйича таълим олмоқдалар

Учинчи босқичда 2021 йил 1 декабрдан бошлаб, вилоятлараро ўқув марказ сифатида танланган “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган шаҳар ўқув спорт техника клуби негизида «Ёшлар дафтари» ва “Темир дафтар”га киритилган ёшлар ва мухтож оилаларнинг фарзандларини “Махсус техникаларни бошқариш бўйича мутахассисларини тайёрлаш курслари” да “юк ортувчи транспорт ҳайдовчиси”, “юк крани ҳайдовчиси”, “автогидроподъёмник ҳайдовчиси”, “ғилдиракли трактор машинисти” ва “битта ковшли экскаватор ҳайдовчиси” мутахассисларини тайёрлаш ишлари режалаштирилган бўлиб, вилоят кенггаши тасарруфидаги Наманган туман Ўқув спорт техника клуби томонидан тегишли тартибда “Лицензия” олинган бўлиб, “ғилдиракли трактор машинисти” мутахассислиги бўйича 10 нафар ўқувчилар рўйхати шаклланган.

- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.