Ҳар ўнтанинг бири ёхуд муддатидан эрта туғилганлар ҳаётининг илк кунлари

Ҳар ўнтанинг бири ёхуд муддатидан эрта туғилганлар ҳаётининг илк кунлари

17 ноябрь -  Халқаро муддатидан эрта туғилган болалар куни

Бу сана кўпчиликка таниш бўлмаслиги мумкин. Маълумотларга кўра, муддатидан эрта туғилганлар куни 2011 йилда «Муддатидан эрта туғилган болаларни парвариш қилиш Европа фонди» (European Foundation for the Care of Newborn Infants, EFCNI), Африка мамлакатлар халқаро ёрдам фонди (Little Big Souls) ҳамда Австралиянинг муддатидан эрта туққан оналар Миллий фонди томонидан тасдиқланган.

Илк бор «Муддатидан эрта туғилганлар куни» 2009 йилда нишонланган эди. Шу куни Австралия пойтахти майдонида университет профессорлари Арнольд Поллак ва  Ангелика Бергер осмонга 500 та оқ пуфак учиришган – бу Вена шаҳрида  бир йил давомида муддатидан эрта туғилган болалар сонига тенг эди.

2012 йилда байрам кунлари  биринчи марта «Пайпоқчалар чизиғи» ўтказилган. Уни мазмуни шундан иборатки, хоҳлаган одам ижтимоий тармоқларда «Мен ўнтадан бириман. Ўнтадан бири - бутун дунё бўйича муддатидан эрта туғилади» шиори остида пост қолдиради. Унда 10 жуфт кичик ўлчамдаги пайпоқча расми акс эттирилган. Ушбу пайпоқчалар муддатидан эрта туғилган бола символи ҳисобланади. Ушбу акция кўп мамлакатларда ҳар йили 17 ноябрда ўтказилади.

Биз Наманган вилояти перинатал маркази акушер-гинекологи, тиббиёт фанлари номзоди Лола АБДУЛЛАЕВА билан суҳбат жараёнида муддатидан эрта туғруқ ҳолатларининг сабаби, бундай ҳолатда дунёга келган чақалоқларнинг яшаш имконияти даражаси ва ушбу мавзу билан боғлиқ саволларга жавоб олишга ҳаракат қилдик.

- Лола Файзуллаевна, аввало, айтинг-чи, қанча муддатда, яъни неча ҳафталикда дунёга келган чақалоқлар муддатидан олдин туғилган ҳисобланади?

- БССТ томонидан муддатидан эрта туғруқ деб, 22 ҳафтадан 37 ҳафтагача бўлган вақтда юз берган туғруқлар ва вазни 500 граммдан юқори бўлган чақалоқлар туғилиши билан изоҳланади. Туғилгандан кейин 4 та тирик туғилиш белгилари кузатилиши керак, булар - юрак уриши, мустақил нафас, киндик пульсацияси ва оёқ-қўлларнинг қимирлаши. Булар ичида энг асосий белги – чақалоқнинг юрак уриши. Агар тирик туғилиш қайд этилган бўлса, чақалоқ реанимацияга тўлиқ хажмда ўтказилади.
-
Муддатидан олдин туғилган чақалоқлар ҳаёти катта хавф остида бўлиши барчага яхши маълум. Бунда энг оғири қандай давр бўлади?
-
Туғруқдан кейин мослашув даври - энг оғир давр. Муддатдан эрта туғилган чақалоқлар ота-оналари учун туғруқдан кейин узоқ муддат чақалоқ ҳолати ноаниқ бўлиб туради. Бундай чақалоқларнинг анатомик жиҳатдан барча организм аъзолари тўғри шаклланган бўлади, лекин функционал жиҳатдан она организмидан ташқаридаги мослашув жараёни жуда қийин ўтади.

Териси ўта юпқа ва тез шикастланувчан бўлиб, ўзининг ҳимоя вазифасини бажара олмайди, вирус ва бактериялардан ҳимоя қила олмайди. Тери ости қавати ўта кам ривожланган бўлиб, чақалоқлар ўта озғин кўринишда бўлади. Ўпкалар етилмаган, организмни кислород билан таъминлай олмайди. Юрак-қон томир системаси ўта нозик, турли зўриқишларга чидамсиз бўлади.

Шу билан бирга овқат ҳазм қилиш тизими ҳам ўта мўрт бўлгани учун энтерал озиқлантиришда қийинчиликлар туғилади. Марказий нерв тизими травмага ва гипоксияга ўта сезувчан бўлиб, қон ивиш хусусияти етилмаганлиги учун мияга қон қуюлиши кўп кузатилади ва бу оғир асоратларга олиб келади.

35 ҳафтагача туғилган болаларда кўп рефлекслар бўлмайди, ҳаттоки сўриш ва ютиш рефлекслари. Муддатидан эрта туғилган чақалоқларда эрта мослашув даври қийин ўтади. Ушбу даврда бир зумда чақалоқ холати яхши ёки ёмон томонга ўзгариши мумкин. Ушбу ўзгаришлар энг зўр парвариш ва даволаш  шароитида ҳам юзага келади.

- Бундай болалар тўла соғайиб кетиши мумкинми, уларда қандай асоратлар сақланиб қолади?

- Кўп нарса ҳомиладорлик муддати, туғилгандаги вазни, ҳолати ва касалликларга боғлиқ бўлади. Муддатидан эрта туғилган чақалоқларда кўпинча церебрал паралич, когнитив бузилишлар, кўриш ва эшитиш билан боғлиқ бузилишлар каби асоратлар кузатилади. Чақалоқ вазни қанчалик кам бўлса, ҳомиладорлик муддати қанча эрта бўлса, юқоридаги асоратлар шунчалик кўп учрайди.

Биз муддатидан эрта туғруқ хавфида ҳомиладорликни ҳеч бўлмаса, бир неча кунга узайтиришга ҳаракат қиламиз. Бунда дори воситаларини қўллаш чақалоқни ташқи муҳитга тезроқ мослашишига ёрдам беради.

- Муддатидан эрта туғруқлар сабаби нима, бу ҳолатнинг олдини олиш мумкинми?

- Муддатидан эрта туғруқларга сабаблар кўп, шу жумладан, аниқ бўлмаган назорат ва башорат қилиб бўлмайдиган сабаблар ҳам бўлиши мумкин. Аксар ҳолларда чекиш, экстракорпорал уруғлантириш натижасидаги ҳомиладорлик, айниқса, кўп ҳомиладорлик - эгиз, уч эгиз ҳомиладорликда эрта туғилишга мойиллик бўлади. Шунингдек, туғруқдан кейин тезда яна ҳомиладор бўлган аёлда, онанинг ёши 17 ёшдан ёш ёки 35 ёшдан катта бўлса, аёл қандли диабет ва бошқа сурункали касалликлар билан оғриган бўлса ҳам муддатидан эрта туғруқ содир бўлиши эҳтимоли юқори. Преэклампсия - ҳомидадорлик асорати бўлиб, ҳомиладорликни 20-ҳафтасидан кейин ривожланиб, артериал қон босим 140/90 мм. су.дан юқори бўлиб, сийдикда оқсил пайдо бўлади. Ушбу ташхис қўйилиши билан врачлар ҳомиладорлик муддатидан қатъий назар, кесар кесиш йўли билан ҳомиладорлик тўхтатади. Шуни ҳам унутмаслик керакки, бўлажак онадаги стресс ҳам муддатидан эрта туғруқ хавфини кучайтиради.
-  Муддатидан эрта туғилган чақалоқларга қандай махсус тиббий ёрдам кўрсатилади?
-
Чақалоқ муддатидан эрта туғилса, унга махсус ёрдамнинг ҳар хил турлари кўрсатилиши мумкин. Масалан, ўпка сунъий вентиляциясидан тортиб, то турли хил иситгичлардан фойдаланишгача ва иссиқ шапкагача қўлланилади.

Мамлакатимизда ҳам кўп босқичлик чақалоқларга ёрдам кўрсатиш протоколи ва стандартлар ишлаб чиқилган, врач ва хамшираларни замонавий аппаратуралар билан ишлашга ўргатилган, босқичма-босқич муддатидан эрта туғилган чақалоқлар реанимацияси, даволаш ва реабилитация қилиш технологияларга ўргатилади.

Бунда асосий масъулият неонатал ҳамширалар зиммасига тушади. Уларнинг вазифаси - муддатидан  эрта туғилган чақалоқларга она  қорнидаги каби шароитни яратиш. Албатта, ушбу вазифани замонавий технологиялар ёрдамида бажаришади.

Неонатал реанимация ҳам муддатидан эрта туғилган чақалоқларга мўлжалланган. Бироқ бундай реанимация жуда қиммат туради. Шундай бўлса-да, махсус тиббий марказларда, бўлимларда муддатидан эрта туғилган чақалоқга барча зарур ёрдамни кўрсатиш учун шароитлар яратилган. У ерда тажрибали мутахассислар: анестезиолог-реаниматологлар, неонатологлар, замонавий жиҳоз ва аппаратуралар, керакли дори-дармонлар захираси яратилган.

Муддатидан эрта туғилган чақалоқлар учун инкубаторлар (ҳарорат қулайлигини ва намликни таъминлаб, ташқи қўзғатувчилардан  ҳимоя қилади), ўпкалар сунъий вентиляцияси ўпкага сурфактант пуркаш билан (ўпкалар функционал имкониятини яхшилайди ва организмни кислород билан таъминлайди), парентерал озиқлантириш (озиқлантирувчи суюқликлар томир орқали юборилади), мослаштирилган сут аралашмаларни қўллаш, эрта кўкрак билан боқиш, она ва бола туғруқдан кейин эрта алоқаси, эрта бошланган реабилитацион  чоралар - шу ва бошқа муолажалар яхши натижаларга ва ўлим кўрсаткичларининг кескин камайишига хизмат қилади.

- Бу чақалоқларга уйга рухсат берилганидан кейин оналар нималарга кўпроқ эътибор беришлари керак?

- Узоқ даволаш, парвариш ва реабилитациядан сўнг чақалоқ мустақил нафас олишни, эмишни, нормал ҳароратда бўлишни, тана вазни қўшилиши бошлангандагина, унга уйга жавоб берилади.

Муддатидан эрта туғилган чақалоқни врач қабулига кўпроқ олиб боришга тўғри келади, яъни давони коррекция қилиш учун ва уйқу ҳамда озиқлантириш масаласида. Муддатидан эрта туғилган болаларга қўшимча текширувлар зарур: кўриш ва эшитиш бузилишининг коррекцияси, ретинопатия ва бошқа кўз касалликлари, ҳаракат-таянч, интеллектуал ва асаб-руҳий ривожланишининг мониторинги юритилиши керак. Умумий жадвалга асосан вакцинация қилиш зарур. Чунки бу болалар юқумли касалликларни оғирроқ ўтказади.

Табиийки, муддатидан эрта туғилган болаларда кўп касалликларга иммунитет паст бўлади, сабаби онадан болага антителолар ўтишга улгурмаган.

«Муддатдан эрта туғилган болаларни бир-бирига солиштириш керак эмас, сабаби иккита бир хил бола бўлмайди», дейди профессор Сергей Филатов. Шу маънода ҳаётининг биринчи кунлари ва ойларида ота-оналарга асосий маслаҳатчилар неонатолог ва педиатр бўлиши керак. Кейинчалик ва узоқ вақтга боланинг асосий бош врачи - онаси бўлади. Унинг сабри ва муҳаббатига қараб, бола соғлом ўсиши мумкин.

- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Касб байрами сизга ҳам муборак бўлсин!

Санжарбек ҲАМИДОВ ёзиб олди.