1 декабрдан сув корхоналари назоратчилари томонидан пул ундириш ишлари 35та туман ва шаҳарда тўхтатилади

1 декабрдан сув корхоналари назоратчилари томонидан пул ундириш ишлари 35та туман ва шаҳарда тўхтатилади

2021 йил 20 май кунидан бошлаб пилот лойиҳа тариқасида Тошкент вилоятининг Қибрай ва Тошкент шаҳрининг Олмазор ҳамда Шайхонтоҳур туманларида сув таъминоти корхоналарининг назоратчилари томонидан хизматлар учун аҳолидан пул ундириш ишлари тўхтатилган эди.

«Ўзсувтаъминот» АЖ хабарига кўра, ушбу ҳудудларга бириктирилган назоратчилар фақат белгиланган тартибдаги кузатув ва хатлов ишлари билан шуғулланиб, улар тасарруфидаги тўлов терминаллари ва термопринтерлар бошқа ҳудудларга бириктирилди.

Етказилган ичимлик суви ва кўрсатилган оқова сув хизматларидан келган тушумлар миқдори жорий йил январ-октябр ойларида 1,3 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 519 млрд сўм ёки 71 фоизга ошди. Ушбу тенденциядан келиб чиқиб, жорий йил август-ноябрь ойларида республикамизнинг 32 та туман ва шаҳарларида ҳам ушбу лойиҳа амалда татбиқ этилган эди.

Жорий йил 1 декабрдан бошлаб эса бундай тартиб республикамизнинг яна 35 та туман ва шаҳарларида, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус ва Мўйноқ туманларида, Андижон вилоятининг Асака тумани ва Хонобод шаҳрида, Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида, Жиззах вилоятининг Зафаробод, Фориш ва Ғаллаорол туманларида, Қашқадарё вилоятининг Қарши ва Деҳқонобод туманларида, Наманган вилоятининг Поп ва Тўрақўрғон туманларида, Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида, Сурхондарё вилоятининг Шеробод ва Бандихон туманларида, Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида, Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманлари, Тошкент шаҳрининг Бектемир ва Янгиҳаёт туманларида, Фарғона вилоятининг барча туман ва шаҳарлари, Хоразм вилоятининг Шовот ва Тупроққалъа туманларида жорий этилади.

Ушбу ҳудудларда истеъмол қилинган ичимлик суви ва фойдаланилган оқова сув хизматлари учун сув таъминоти корхоналари назоратчилари тўғридан тўғри тўлов талаб қилиши ҳолатлари юз берса, «Ўзсувтаъминот» Комплаенс-назорат бўлимининг +998555031055 телефон рақамига ёки stopcorruption@umail.uz электрон почтаси орқали мурожаат қилиш мумкинлиги айтилган.