1 декабрга қадар коммунал тўловлар учун ягона рақам жорий этилади

1 декабрга қадар коммунал тўловлар учун ягона рақам жорий этилади

Ўзбекистонликлар яқин келажакда барча коммунал хизматлар учун тўловларни ягона рақам орқали тўлашлари мумкин бўлади.

Бу Шавкат Мирзиёев томонидан 24 июл куни имзоланган “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда кўзда тутилган.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 декабрга қадар коммунал тармоқлардаги барча рақамлар (газ, электр, иссиқ сув, ичимлик суви, канализация, чиқинди) жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамига ва юридик шахсларнинг солиқ тўловчининг идентификация рақамига боғланиши таъминланади ҳамда бу орқали ҳар бир шахсга “ягона мижоз” тамойили асосида уникал рақамдан фойдаланган ҳолда хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилади.

Ушбу вазифа ижроси Давлат персоналлаштириш маркази, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Энергетика, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, Кадастр агентлиги, “O‘ZSUVTA’MINOT” АЖ ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар зиммасига юклатилган.

Бундан ташқари, Кадастр агентлиги коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан биргаликда уч ой муддатда барча кўчмас мулк объектларининг кадастр рақамларига боғланишини ҳамда кўчмас мулк объектларининг ягона манзиллар реестри билан интеграция қилинишини таъминлайди.