1 июлдан пенсия таъминоти соҳасида қандай ўзгаришлар бўлади?

1 июлдан пенсия таъминоти соҳасида қандай ўзгаришлар бўлади?

Июль ойидан бошлаб Ўзбекистонда минимал пенсия ва нафақалар миқдори оширилмоқда.

Президент фармони билан 2021 йил 1 июлдан бошлаб пенсия таъминоти соҳасига бир қанча ўзгаришлар киритилди.

Хусусан, белгиланган ёшга доир энг кам пенсия ва ундан кам пенсия олувчи шахсларга пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи ҳисобида қўшимча тўлов жорий этилади. Яъни бугунги кунда белгиланган энг кам ёшга доир пенсия миқдори 513 минг 350 сўм ва ундан кам пенсия олувчиларнинг барчасига пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи ҳисобида маблағлар қўшиб тўлаб берилади.

Шунингдек, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 256 минг 675 сўмдан 400 минг сўмга оширилади.

Амалда тўлиқсиз ёшга доир пенсиянинг минимал миқдори белгиланган энг кам ёшга доир пенсиянинг 50 фоизидан юқори миқдорда тайинланади. Мазкур пенсия 400 минг сўм қилиб белгиланди.

Ёшга доир энг кам миқдордан 565 минг сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари 565 минг сўмга етказилади. Пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган иш стажига (аёллар учун 20 йил, эркаклар учун 25 йил) эга бўлган ҳамда бугунги кунда 513 минг 350 сўмдан 564 минг 999 сўмгача пенсия олувчи шахсларнинг пенсиялари 565 минг сўмга оширилади.

Ҳужжат билан зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори 315 минг 30 сўмдан 400 минг сўмга етказилади.

Бунда I гуруҳ бўйича ногиронлик нафақаси миқдори 430 минг 647 сўмдан 465 минг 618 сўмга оширилади.

Шу билан бирга, боқувчисини йўқотганлик:

  • пенсияси олувчиларнинг ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун қўшимча тўлов жорий этилади;
  • пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори 256 минг 675 сўмдан 400 минг сўмга оширилади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади;
  • нафақаси олувчи оилаларнинг барча аъзоларини қамраб олиш мақсадида уларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори 400 минг сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 150 минг сўмдан қўшилади.

Шу билан бирга, боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 400 минг сўмдан кам нафақа тайинланиб тўланаётган бўлса, унинг нафақа миқдори 400 минг сўмга етказилади ва қолган барча меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 150 минг сўмдан нафақа тайинланади.

Фармон асосида болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа ойига 513 минг 350 сўмдан 565 минг сўмга оширилади.