15 июндан Республика умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул бошланади

15 июндан Республика умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул бошланади

Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган  брифингда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова маълум қилди.

 Маълум қилинишича, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг марказидаги умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул жараёнлари тажриба-синов тариқасида электрон шаклда амалга оширилади. Жараён 2 босқичда бўлади:

Биринчи босқичда ота-оналар 2021 йилнинг 15 июнидан 5 июлига қадар my.maktab.uz электрон плафтормаси орқали рўйхатдан ўтиб, фарзандлари 1-синфга чиқадиган мактабларни танлайдилар.

Бунда ота-оналарга 3 та мактабни танлаш имконияти берилади. Биринчи мактаб-ота-она доимий истиқомат қилаётган ҳудуддаги мактаб, яъни яшаш манзили бириктирилган микроҳудуддаги мактаб;

Иккинчи ва учинчи мактаблар - ота-оналарнинг ихтиёрий танлови асосида фарзандларини қатнаши учун қулай бўлган  мактаблар.    

Иккинчи босқичда 2021 йилнинг 6 июлидан 31 июлга қадар ота-оналар электрон плафторма орқали танлаган биринчи мактабга, яъни бириктирилган микроҳудуддаги мактабга ҳужжатларини топширадилар, бунда ҳужжатларни топшириш тўлиқ электрон шаклда амалга оширилади. Ота-оналарнинг доимий яшаш манзили бўйича бириктирилган микроҳудуддаги мактабга жойлашишлари кафолатланади. 

Агар ота-оналар микроҳуддуддаги мактабни эмас, бошқа мактабларни танлаган бўлса, яъни электрон рўйхатдан ўтиш вақтида танлаган иккинчи ёки учинчи мактабларнинг бирида бўш ўринлар бўлган тақдирда 1-15 август кунлари ҳужжатларини топширишлари мумкин бўлади.

Қолган ҳудудлар (Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг бошқа туман (шаҳар)лари) умумтаълим мактабларида  1-синфга  қабул анъанавий шаклда, яъни бевосита мактабда амалга оширилади.

Қабул анъанавий шаклда амалга ошириладиган ҳудудларда ота-оналар бевосита 2021 йилнинг  15 июндан -15 июлга қадар  доимий яшаш манзили бўйича бириктирилган микроҳудуддаги мактабга фарзандларини 1-синфга жойлаштриш учун ҳужжатларини топширишлари мумкин. 

Шунингдек, 16 июлдан - 15 августга қадар ота-оналарга ихтиёрий танлов асосида бошқа мактабларга, яъни микроҳудудига кирмаса ҳам бўш ўринлар бўлса, фарзандларини 1-синфга қабул қилиш учун бошқа мактабга ҳужжатларини топшириш имконияти берилади. 

Эслатиб ўтамиз, “Таълим тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонуннинг 9-моддасига асосан етти ёшга тўладиган йилда қабул қилинади (2014 йил 1 январидан 31 декабригача туғилган болалар).

Мазкур қонун талаблари бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги, мулкчилик шаклидан қатъий назар, яъни нодавлат хусусий барча таълим муассасалари учун ҳам мажбурийдир.

 Умумтаълим мактабларига бириктириладиган микроҳудудлар  маҳаллаларнинг жойлашуви ва аҳолининг демографик ўсишини инобатга олган ҳолда туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори асосида белгиланади.

Ҳудудларда янги уй-жойларнинг қурилиши ёки маъмурий ҳудудий чегараларнинг ўзгариши сабабли туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори билан умумтаълим мактабларига бириктирилган микроҳудудлар қайта  ўзгартирилиши мумкин.