2022 йил якунига қадар барча ҳудудларда буйрак трансплантацияси амалиёти йўлга қўйилади

2022 йил якунига қадар барча ҳудудларда буйрак трансплантацияси амалиёти йўлга қўйилади

“Хирургия хизматини трансформация қилиш, ҳудудларда жарроҳлик амалиётлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, 2022–2023 йиллар давомида каминвазив ва юқори технологик жарроҳлик амалиётлари кўлами оширилади.

Шу жумладан, туман (шаҳар)ларда кўрсатиладиган амалиётлар турини 60 тадан 79 тага, ҳудудларда эса 130 тадан 168 тага ошириш, В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази юрак ва ўпка трансплантацияси жорий этилиши белгиланди.

Қарорга кўра, В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан 2022 йил якунига қадар барча ҳудудларда  буйрак трансплантацияси амалиёти йўлга қўйилади.
 
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва ҳудудий давлат тиббиёт муассасаларининг хорижий тилларни яхши биладиган ходимларининг 2021–2022 йилларда хирургия соҳаси учун долзарб йўналишлар бўйича нуфузли хорижий тиббиёт муассасалари ва марказларига малака ошириш ва стажировка ўташ учун юбориш, шунингдек, марказ фаолиятига етакчи хорижий мутахассисларни жалб этиш чоралари кўрилади.

Малака ошириш ва стажировка ўташ учун юбориладиган ходимларга Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази билан тузиладиган шартнома шартларига мувофиқ, марказ ва ҳудудий давлат тиббиёт муассасаларида ишлаб бериш мажбурияти юклатилади.

Шундай қилиб, хорижий мутахассисларни давлат тиббиёт муассасаларига жалб этишда:

– хорижий мутахассислар учун икки томонга авиачипталарни сотиб олиш харажатлари (узоқ муддатли меҳнат шартномалари тузилганда бир йилда икки мартадан ошмаган ҳолда) ҳамда республика меҳмонхоналарида яшаш харажатлари тегишли давлат тиббиёт муассасаси томонидан миллий валютада тўланади;

– уларни жалб этиш ва моддий таъминоти бўйича харажатларни молиялаштириш манбаи этиб Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси маблағлари, тегишли давлат тиббиёт муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари, халқаро молия ва бошқа ташкилотлар, хорижий ҳукумат ташкилотларининг грантлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобланади.