Конституция – миллий тараққиёт ва маънавий юксалиш пойдевори

Бугун юртимиз ҳаётида алоҳида қадр-қимматга эга сана — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун. Бу нафақат тарихий воқеа эсланадиган байрам, балки жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси ўз ҳаёти, масъулияти ва келажаги ҳақида чуқур мушоҳада қиладиган кун ҳамдир. Зеро, Конституция — бу шунчаки ҳужжат эмас. Бу халқнинг иродаси, давлатнинг истиқболи, миллатнинг маънавий-ахлоқий мезонидир.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида қабул қилинган Асосий қонунимиз ўзбек халқининг қадимий давлат тузишни билган, адолатни қадрлаган, инсон шаънини олий неъмат деб билган фазилатларини замонавий тамойиллар билан уйғунлаштира олди. Қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқларининг дахлсизлиги, фуқароларнинг тенглиги каби принсиплар бугун демократик жамиятнинг бош мезонига айланганини кўриб турибмиз.

Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳар бир босқичи Конституцияда ўз аксини топаётгани, энг муҳими, бу ўзгаришлар халқ манфаатидан келиб чиқаётгани Асосий қонунимизнинг ҳаётий, такомиллашиб борувчи ҳужжат эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Филолог сифатида бир ҳақиқатни алоҳида таъкидлашни истардим: тил, маданият, миллий тафаккур ва Конституция — бир-бирини тўлдирувчи ҳодисалардир. Чунки миллатнинг ўзлигини белгилаб берадиган маънавий қадриятлар ҳуқуқий асосга эга бўлмаса, тараққиёт узил-кесил бўлмайди. Бугун Асосий қонунимизда она тилига, миллий маданиятимизга, маърифат ва таълим соҳасига берилган эътибор — шу юксак қадриятларнинг давлат даражасида мустаҳкамланаётганидан далолат.

Конституция бизни бирликка, масъулиятга, ҳалоллик ва фуқаролик бурчини адо этишга чорлайди. Чунки маънавий кучга эга бўлган жамиятгина юксалади, маърифатли инсонларгина мустаҳкам давлатни барпо эта олади.

Олий таълим муассасаларида Асосий қонунимизни ўрганиш — бу фақат ҳуқуқий билим бериш эмас. Бу — ёш авлодни эркин фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, Ватанга садоқатли қилиб тарбиялаш жараёнининг асосий бўғинидир. Айниқса, филология йўналишида таҳсил олаётган талабалар учун Конституция нафақат сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат, балки жамиятнинг маънавий тилсимларини очиб берувчи асосий манбадир.

Бугунги ўқув жараёнида демократик қадриятларни чуқур англаган, сўзнинг қудратини тўғри тушунадиган, жамият ривожига дахлдор бўлишни ўзига бурч деб биладиган ёшларни тарбиялаш – биз педагогларнинг шарафли вазифасидир.

Конституция куни — бу бизга яна бир бор қудратли ҳақиқатни эслатади: давлат мустаҳкамлиги — қонун устуворлигида, жамият тараққиёти — адолатда, миллатнинг келажаги эса маънавиятда.

Обидхон Ҳусанхўжаев,
Наманган давлат университети филология факултети декани,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.