Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги Янги Наманган шаҳарчасида 84 гектарлик майдонда барпо этиладиган «Namangan China Town» мега-лойиҳасининг тамал тоши қўйилди. Минтақада ўхшаши йўқ бўлган ушбу қурилиш мажмуаси ҳудуднинг иқтисодий қиёфасини тубдан ўзгартириши билан аҳамиятли.
Мазкур лойиҳа учун хитойлик инвесторлар томонидан 750 миллион доллар миқдорида сармоя йўналтирилади. Натижада ҳудудда 9—20 қаватли замонавий уйлар, болалар боғчаси, мактаб, шифохона, ресторанлар, беш юлдузли меҳмонхона ва йирик савдо марказлари қад ростлайди.
Мега лойиҳа нафақат шаҳар меъморий кўринишини янгилайди, балки минглаб иш ўринлари яратиб, Наманганнинг инвестицион жозибасини сезиларли даражада кучайтиради. Янги мажмуа келажакда шаҳар ривожининг янги босқичи сифатида эътироф этилиши кутилмоқда.
