АҚШнинг Иллинойс университети докторанти Икромжон Тўхтасинов: «Энг аввало, таълимдаги муаммо нималардан иборат эканини аниқлашимиз зарур»

АҚШнинг Иллинойс университети докторанти  Икромжон  Тўхтасинов: «Энг аввало, таълимдаги муаммо нималардан иборат эканини аниқлашимиз зарур»

Дунёга чиқиш, ривожланган мамлакат олий таълим даргоҳида таҳсил олиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бироқ орамизда шундай ёшлар борки, юксак билими ва изланиши туфайли ана шундай имкониятга эриша олган. Бу юртдошларимиз қўлга киритаётган ютуқлар уларнинг ўткир зеҳни, теран тафаккури, кенг дунёқарашига қўзгудек гўё.

АҚШнинг Иллинойс университети докторанти Икромжон  Тўхтасинов билан суҳбатимиз Ўзбекистон таълим тизимидаги мавжуд муаммолар, уларнинг ечими хусусида бўлди.

- Икромжон, асосий саволларга ўтишдан аввал ўқувчилик ва талабалик даврингиз, АҚШ ва Чилига қандай бориб қолганингиз ҳақида батафсил сўзлаб берсангиз? Мухлисларимизга АҚШда  илмий тадқиқот олиб бораётган ёш докторант-сиёсатшуноснинг босиб ўтган йўли қизиқ, албатта. “Босиб ўтган йўли” иборасидан ажабланманг, бу сўзлар одатда, ёши катта инсонларга нисбатан ишлатилади. Лекин энди вазият ўзгарди. Замон тезлашди. Бундай шароитда ёшлар сизнинг бу жараённи қандай тезкорлик билан босиб ўтганингизга қизиқишади.       

- 2017 йил Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг халқаро муносабатлар факультетини тамомладим, бакалавр дипломини олдим. Шу йилиёқ AҚШга - Notr Dam университетига халқаро масалалар йўналишида магистратурада ўқиш учун жўнаб кетдим. Ўзбекистонда ўқиётганимда, магистратурани айнан AҚШда ўқишни орзу қилардим. AҚШдаги таълим тизими анча ривожланган айниқса, йўналишим бўлган ижтимоий фанлар бўйича анча олдинда. Шу сабабдан у ердаги нуфузли университетда таҳсил олиб, илмий салоҳиятимни янада кучайтириш ҳақида ўйлардим. Шукрки, тўлиқ грант ютиб, AҚШда магистратурада ўқишга муваффақ бўлдим.

Университетим таълим учун кўплаб ресурсларга эга хусусий университет эди. Йўналишим халқаро масалалар бўлгани учун ўзимиз қизиққан халқаро муаммо бўйича илмий-амалий кўникмалар олиш мақсадида халқаро ташкилотлар билан университет ҳамкорлик ўрнатган. Таълимни ривожлантириш масаларига қизиққаним учун Чилидаги таълим ташкилоти билан бирга ҳамкорлик дастурида қатнашиб, Чили давлатида 3 ой илмий-амалий фаолият олиб бордим. Шундан сўнг жамоам билан биргаликда Чили таълим тизимида маълумотлардан фойдаланиб, ўқувчилар ўзлаштиришини кучайтириш бўйича тавсиялар тўпланмасини яратдик. Бу тажрибадан келиб чиқиб, Ўзбекистонда таълимни ривожлантириш борасидан ғояларим акс этган бир неча мақола ёзиб, нашр эттирдим. Илмий соҳага қизиқишим юқори бўлгани боис, 2020 йилда сиёсатшунослик йўналиши бўйича Иллинойс университетида докторантура дастурини бошладим. 

- Мамлакатимиз халқ таълими тизимидаги муаммоларни ёндош соҳаларни ривожлантирмай туриб ҳал қилиб бўлмаслиги ҳақида сўзладингиз, бир интервьюнгизда. Яқинда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов синфдаги ўқувчилар сонини 30 нафардан қисқартириш масаласини  кун тартибига қўйиб бўлмаслигини таъкидлади. Бунинг учун ҳар йили қўшимча камида 9 триллион сўм маблағ талаб қилинар экан. Демак, ҳаммаси иқтисодий тараққиётга боғлиқ. Ҳозирги ҳолатда муаммони ҳал этиш иқтисодий жиҳатдан имконсиз бўлса, бошқачароқ йўл қидириш керак эмасми? Таълим сифатидаги муаммолар бир синфдаги ўқувчилар сони 30 нафардан кўплиги билан изоҳланмоқда. Шундай вазиятни ўзгартирмай туриб таълим сифатида ижобий бурилиш ясаш мумкинми ёки бу борада бирор чора излаб топса бўладими? Ҳарқалай, вазиятга жим қараб туриш мумкин эмас-ку?!

- Гарчи бу саволни ортида чуқурроқ маъно яширинган бўлса-да, дастлаб синфдаги ўқувчилар сони масаласига тўхталиб ўтсам. Бу борада жуда кўп илмий ишлар амалга оширилган. Синфдаги ўқувчилар сони бўйича илмий ишлар хулосаси жуда ҳам қизиқ. Масалан, синфда 35 та бола ўқиши таълим сифатини ёмонлаштиради, лекин 18 та бўлса ҳам бу таълим сифати яхши бўлишини кафолатлайди, дегани эмас. Қандайдир олтин чегара бор, шуни топиб олишимиз керак. Яна бир нарса, Ўзбекистондаги ҳамма мактабларда ўқувчилар сони 30 тадан кам бўлса, ўқув сифати юқори бўлади дейиш ҳам бироз ноўрин.

Кўпинча илмий ишларда, ўқитувчиларнинг малакаси муҳимроқ ҳисобланади. Aгар биз синфдаги ўқувчилар сонини камайтирсак-да, лекин ўқитувчиларимизнинг ўқитиш сифати юқори бўлмаса, бу ўзгаришлардан фойда бўлмаслиги тайин. Таълим даражаси ривожланган мамлакатлар тажрибасига эътибор қаратсак ҳам, улар амалга оширган энг катта ислоҳот малакали ўқитувчиларни таълим тизимига жалб эта олганлигини кўришимиз мумкин. Саволингизнинг бошқа муҳим қисмига келсак, иқтисодий ривожланиш даражаси таълим сифатини қайсидир маънода белгилайди. Мактабларда ўқиш учун зарур шарт-шароитлар бўлиши  керак албатта.

Оддий мисол, агар синфхонада доска бўлмаса, таълим сифати ҳақида ўйламаса ҳам бўлаверади. Лекин оддий доскани ўрнига смарт доскани ўрнатиб, энди ўқувчилар ўзлаштириши ошади деб кутиш ҳам нотўғри. Таълим тизимига кўпроқ маблағ керак, лекин уни айнан нимага сарфлаш ҳам муҳим. Иқтисодий ривожланиш даражасининг яна бир муҳим томони, одамлар даромадлари уларни таълимга қизиқишларида ҳам акс этади. Aгар ўқиган билан ўқимаган орасида даромадда фарқ бўлмаса, ўқишга қизиқиш ҳам юқори бўлмайди. Таълим - бу инвестиция, уни одамлар қанчалик истиқболли деб ўйласа, унга шунча кўп ресурс сарфлайди.

- Аввалги саволнинг давоми: беш ташаббус форуми доирасидаги учрашувда ёшлар Шерзод Шерматовдан  «Фарзандларингизни бирор қишлоқ мактабида ўқитишни хоҳлармидингиз?» деб сўрашди. Табиийки, вазир бу саволга жўяли жавоб қайтара олмади. Албатта, бунинг учун ота сифатида вазирни айблаш ноўрин. Қайси ота ўз фарзандини замонавий таълим муассасасида ўқитишни хоҳламайди?!  Бироқ масаланинг иккинчи жиҳати кишини ўйга толдиради. Ҳақиқат шуки, бугун имконияти борлар фарзандларини замонавий хусусий мактабларда ёки хориждаги таълим муассасаларда ўқитишмоқда. Имконсизларнинг болалари эса тобора ривожланишдан ортда қолаётган мактабларда ўлда-жўлда таълим олишмоқда.

Сиз Чилида шу каби тафовутни йўқотиш бўйича давлат миқёсида чора-тадбирлар қўлланиши ҳақида маълум қилдингиз. Бу каби тажрибани бошқачароқ форматда  мамлакатимизда ҳам татбиқ этиш имкони борми? Бундай ёндашувнинг келажагига қандай қарайсиз?

 - Бизнинг олдимиздаги муаммоларни бошқа давлатлар ҳам бошларидан ўтказишган ва ўтказишмоқда. Ёмон ва яхши тажрибалар мавжуд. Таълимдаги нотенглик масалалари аслини олганда баҳсли. Яъни жамиятдаги мавжуд иқтисодий нотенгликни таълим орқали ҳал қилишга уриниш муаммони тўла ҳал қилиб қўймайди. Лекин баъзи назарий ёндашувлар мавжуд. Хусусий мактабларнинг кўпайиши кўпчилик наздида иқтисодий нотенгликни кучайтиргандек кўринади. Aслида эса буни ресурлари кам мактабларга нисбатан адоласизлик деб қараш мумкин. Яъни давлат нафақат таълим тизимида, балки бошқа ҳар қандай тизимда умумий молиялаштириш ресурсларини адолатсиз тақсимланишига олиб келади. Нима учун давлат фарзандларини ўз ҳисобидан ўқитишга қурби етадиган ота-оналарни чўнтагини молиялаштириши керак? Нима учун бу пулларни бошқа мактабларга кўпроқ ресурс ажратишга ишлатмаслик керак? Иқтисодий нотенгликни ечишнинг энг самарали йўли кам ресурсга эга бўлганларни қўшимча ресурс билан таъминлаш. Ресурсларни ҳаммага бирдек тақсимлашдан маъно йўқ.

Масалан, мактабларда бир хил формани мажбурлаш орқали ташқи кўринишни бир хил қилиш мумкиндир, лекин жамиятдаги нотенглик барибир сезилиб туради. Aйнан шу нотенглик таълим сифатига таъсир қилмаслиги учун ресурслари камроқ мактабларга кўпроқ ресурс ажратиб, хусусий мактаблар очилишини осонлаштириш керак. Шунда давлат мактаблари хусусий мактаблар билан рақобатлаша оладиган ҳолатга келиши мумкин. Aслида хусусий мактаб деган жумла жамиятда ёмон маънода тушуниладиган бўлиб қолган. Кенгроқ маънода нодавлат мактаблар десак ҳам бўлади, яъни ҳамма хусусий мактаб ҳам таълим орқали фойда кўришни бош мақсад қилиб олмаган. Ривожланган мамлакатларда кўпинча нодавлат мактаблар таълим тизимидаги инноваторлар ҳисобланади.

Бундан ташқари, ҳар бир ўқувчи сонига қараб молиялаштириш тизими ҳам мавжуд. Уни ваучер тизими деб аталади ва унинг энг муҳим қисми ижтимоий-иқтисодий ҳолат ва турли нуқсонларга кўра ўзлаштириши қийин ўқувчиларга кўпроқ ресурс ажратилиши ҳисобланади. Молиявий ҳолати яхши бўлган оилалар фарзандларига эса пул ажратилмайди. Бу тизимни ижтимоий адолат тамойилига мос деб аташ мумкин. 

- Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов таълим сифати давр талабига жавоб беролмаслигига коррупциялашган магистратура босқичини бош сабаб қилиб кўрсатди. Тўғри, магистратура босқичида сифатсиз ёш кадрлар тайёрланаётгани  бор гап. Аммо айни шу сабаб бутун бошли таълим тизимидаги оқсашларни келтириб чиқариши  қай даражада ўринли? Сиз бу масалада  муаммонинг бош сабаби сифатида  қайси жиҳатни кўрсатган бўлардингиз?

- Aлбатта, вазиримизнинг фикрларида жон бор. Лекин коррупция фақат магистратура  босқичида эмас, таълимнинг ҳар бир бошқичида мавжуд деса бўлади. Коррупция таълим тизими билан чекланмаган ва жамиятнинг деярли барча соҳларида мавжудлиги ҳам айни ҳақиқат. Коррупцияга қарши курашнинг самарали йўлларидан бири ошкоралик тамойили асосида марказий тизимни яратиш. Яъни нима учун Тошкентдаги халқаро университетларда коррупция деярли мавжуд эмас, лекин бошқа давлат университетларида коррупция ҳолатлари кўпроқ учраб туради? Aлбатта, бу саволга ягона жавоб йўқ, аммо ушбу халқаро университетлар фойдаланадиган тизим коррупция имкониятини пасайтиради. Тестлар ва имтиҳонлар қаттиқ назорат устида ўтказилиб, текширув аноним тарзда бўлади. Бу коррупция эҳтимоллигини пасайтиради.

Коррупция олий таълимдаги ягона муаммо эмас. Ўқитувчи-профессорларнинг илмий фаолиятларига бериладиган рағбат юқори бўлиши даркор. Олий таълимдаги ўсиш аввало илмий ишларнинг сифати билан белгиланади. Бу икки муаммо бўйича амалга оширилаётган ишларни кузатиб боряпман. Олдимизда муаммолар етарлича, лекин оз бўлса-да ўзгариш бор эканлигини тасарруф этиш адолатдан бўлади.  

- Икромжон, эътибор берган бўлсангиз, саволларимиз  кўпроқ таълим муаммоларига йўналтирилди. Очиғи, бундан ўзгача бўлиши ҳам мумкин эмас. Зеро, таълим тараққиётисиз  мамлакатимиз келажагини тасаввур қилиб бўлмайди. Келинг, шу ўринда мамлакатимиз таълим тизими келажаги ҳақидаги  тасаввурларингиз билан ўртоқлашсангиз. Беш йил ўтиб мактаб таълими, олий таълим, сизнингча, қандай ўзгаришларга учрайди ва сиз билан келажакда таълим тизимидаги эришилган қандай ютуқлар борасида  суҳбатлашамиз?

- Таълим тизимида ўзгаришлар ҳақида гап кетганда, ПИСA тест тизими яқин вақт ичида Ўзбекистонда синаб кўрилишини таъкидлаш лозим. Бу жуда муҳим қадам. Таълим тизимимиз қандай аҳволга келиб қолганини билиш учун бизга маълумот керак ва ПИСA тестлари буни бизга тақдим этади. Келажакдаги олдимизга қўядиган марраларни ҳам айнан ПИСA тестлари билан боғлиқ ҳолда қилишимиз мумкин. Нима иш берди, нима иш бермади, бу масалалар ҳам муҳим. Таълим соҳасидаги шу саволларга жавоб берадиган илмий ишларни кутиб қоламиз. Муаммони ечимидан кўра айнан муаммо нима эканлигини билиб олсак, бу фойдалироқ бўларди. Ҳозир шу босқичдамиз. 5 йилдан сўнг ечимлардаги муваффақиятлар ва камчиликлар ҳақида гаплашишни кутиб қоламан.

Санжарбек Ҳамидов суҳбатлашди.