АҚШнинг нуфузли университети Наманган давлат университети билан ҳамкорлик қилади

АҚШнинг нуфузли университети Наманган давлат университети билан ҳамкорлик қилади

АҚШнинг Мичиган давлат университети профессори Доглас Хартман Наманган давлат университетига ташриф буюрди. Бу ташриф Америка халқаро таълим консуллиги ва Наманган давлат университети ҳамкорлигига замин яратди.

Ташриф давомида  АҚШнинг Мичиган давлат университети (Michigan State University) профессори Доглас Хартман (Douglas K.Hartman) иштирокида “Педагогик жараёнларда ахборот технологияларидан фойдаланиш тажрибалар / using the ICT in pedagogical processes” мавзусида Жаҳон тиллари факультети талабалари билан давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда чет тилини ўқитишда TESOL ва TELF тизимларининг қўлланилиши, Мичиган давлат университетида талабаларнинг мустақил таълимга ўргатиш бўйича тажриба, асосий ва танлов фанларда баҳолаш тизими, фанларни ўзлаштиришда Academic Counseling (академик маслаҳатчи) тизимининг афзалликлари, онлайн таълимни ташкил этишдаги тажрибалар бўйича фикр алмашилди.

Тадқиқотчи Дилафрўз Саримсоқованинг “Developing sociolinguistic competence through intercultural online exchange between university students from the U.S. and Uzbekistan” мавзусидаги лойиҳа таклифи муҳокама қилинди.

Шундан сўнг проф.Д.Хартман университетнинг санъатшунослик факультетига ташриф буюриб, талабалар билан Америка ОТМларида санъат ва чизмачилик соҳалари бўйича кадрлар тайёрлаш тизими бўйича  суҳбатлашди. Факультет қошида ташкил этилган кулолчилик марказида олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Профессор Д. Хартман Мичиган давлат университети ва Наманган давлат университети ўртасида илмий ва академик ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Пўлатхон Лутфуллаев билан музокаралар олиб борди.

Нуфузли меҳмон университетда олиб борилаётган ишлар ва ўзгаришларни юксак баҳолаб, ҳамкорликни йўлга қўйиш  мақсадга мувофиқ эканлигини алоҳида таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Наманган давлат университети докторанти Абдувоҳид Исақов Мичиган давлат университетида илмий стажировка ўтамоқда.