Адлия идораларининг бош мақсади халқни рози қилишдан иборат

Адлия идораларининг бош мақсади халқни рози қилишдан иборат

Наманган вилоят адлия бошқармаси ва унинг тизимида фаолият юритаётган туман (шаҳар) адлия бўлимлари ўз фаолиятини мурожаатлар билан ишлаш, жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш ва уларнинг муаммоларини тинглаш ҳамда уларга ечим топиш, қонуний тартибда қаноатлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида бошқарма ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан 3697 та жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилиб, 2561 таси ёки 69 фоиздан ортиғи қаноатлантиришга эришилган, 716 тасига ёки 20 фоизига ҳуқуқий тушунтириш берилган. Бундан ташқари, вилоятдаги турли идора ва ташкилотларга қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан 1574 та тақдимномалар киритилиб, киритилган тақдимномалар натижасида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилмасдан чиқарилган 544 та ҳужжатлар бекор қилинди, 514 нафар шахслар интизомий жавобгарликка тортилиб, шулардан 34 нафари билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди, жисмоний ва юридик шахсларга 9 млрд 360 млндан зиёд пул маблағлари ундириб берилди. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларида судларга 875 та даъво аризалари киритилиб, киритилган даъво аризаларига асосан фуқароларга 7 млрд. 55 млн.дан ортиқ пул маблағлари ундириб берилишига эришилди. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш соҳасида ҳам бошқарма ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан ўтган давр мобайнида 17 775 та тарғибот тадбирлари амалга оширилиб, шулардан 143 таси телевидение орқали, 400 таси радио орқали, 240 та газета ва 4893 та веб сайтлар орқали тарғибот тадбирлари амалга оширилган. Наманган туманида фаолият кўрсатувчи “Navbahor zamin oziq-ovqat” МЧЖ раҳбари Б.Исмоиловнинг туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 4, 16 ва 21-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларига шартнома асосида кўрсатилган аутсорсинг хизматлари учун тегишли пул маблағлари тўлаб берилмаётганлигидан норози бўлиб ёзган мурожаати ўрганиб чиқилди. Маълум бўлишича, “Navbahor zamin oziq-ovqat” МЧЖ томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июлдаги “Давлат мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 626-сон қарорига асосан, эксперимент доирасида Наманган туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 3 та, жумладан 4, 16 ва 21-сонли мактабгача таълим ташкилотларига аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тўғрисида шартномалар тузилган. Бироқ кўрсатилган аутсорсинг хизматлари учун туман мактабгача таълим бўлими томонидан жами 197 464 851 сўм пул маблағлари ўз вақтида тўлаб берилмаган. Мазкур қарздорликни зудлик билан бартараф этиш ва тегишли тўловларни амалга ошириш юзасидан вилоят мактабгача таълим бошқармасига тақдимнома киритилиб, бошқарманинг 2021 йил  27 сентябрдаги хатига асосан жамиятга жами197 464 851 сўм пул маблағлари тўлаб берилиши таъминланди. Шунингдек, Поп туманида яшовчи фуқаро А.Қазақбоевнинг Наманган вилоят “Намвилерлойиҳа” бўлинмаси томонидан 2021 йил июлгача бўлган оҳирги уч ойлик иш ҳақлари тўланмаганлигидан норозилиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “Ишонч телефони”га йўллаган мурожаати ўрганиб чиқилди. Ўрганиш жараёнида мурожаат муаллифи А.Қазақбоевнинг иш ҳақидан ҳақдорлиги аниқланди. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 161-моддасида меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган. Шунингдек, Меҳнат Кодексининг 154-моддасида иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шартлиги кўрсатиб ўтилган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 19 мартдаги “Иш ҳақи ўз вақтида тўланишига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  88-сон қарорининг 3-бандида мулкчилик шаклларидан қатъи назар корхоналар ва ташкилотлар раҳбарлари ходимларга иш ҳақини ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши учун шахсан жавобгар эканлиги кўрсатилган. Мурожаатни ўрганиш якуни юзасидан Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан жорий йилнинг 16 сентябрь куни “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институти Наманган вилоят “Намвилерлойиҳа” бўлинмасига тақдимнома киритилиб, фуқарога январь ойидан август ойигача тўланмаган 15 845 000 сўм миқдордаги иш ҳақи тўлаб берилиши таъминланди.

Давлатобод туман адлия бўлими томонидан тумандаги 31-сонли ва 57-сонли давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари бир гуруҳ ходимларининг лавозим маошлари ва базавий тариф ставкаларига 100 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ тўлаб берилмаганлигидан норози бўлиб қилган мурожаатлари юзасидан ўрганиш ўтказилди.

Маълум бўлишича, тумандаги 31- ва 57-сонли давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари ходимларига 2020 йил май ва июнь ойларида 223 549 146 (икки юз йигирма уч миллион беш юз қирқ тўққиз минг бир юз қирқ олти) сўм қўшимча ҳақ тўлаб берилмаганлиги маълум қилинган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 13.02.2019 йилдаги 391-сонли Қарорининг 3-бандига асосан, 2019 йил 1 июндан бошлаб давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарларининг, педагог ходимлар ва тиббиёт ходимларининг лавозим маошлари ва базавий тариф ставкаларига 100 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ тўланиши; 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари ёрдамчиларининг, шунингдек, қўшма типдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги ўсишида жисмоний ёки руҳий нуқсонлар бўлган болаларга мўлжалланган гуруҳларда ишлайдиган тарбиячилар, педагог ходимлар ва тиббиёт ходимлари ёрдамчиларининг лавозим маошлари  ва базавий тариф ставкаларига 100 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ тўланиши белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг  161-моддасида, меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган. Меҳнат Кодексининг 154-моддасида, иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъий назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шартлиги кўрсатиб ўтилган.

Туман адлия бўлими томонидан туман мактабгача таълим бўлимига тумандаги 31-сонли ва 57-сонли давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари ходимларига 2020 йил май ва июнь ойлари учун 223 549 146 (икки юз йигирма уч миллион беш юз қирқ тўққиз минг бир юз қирқ олти) сўм қўшимча ҳақ тўлаб берилиши юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритилди. Киритилган тақдимномага мувофиқ туман мактабгача таълим бўлими томонидан тумандаги 31-сонли ва 57-сонли давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларининг 132 нафар ходимларига 2020 йил май ва июнь ойларида 223 549 146 (икки юз йигирма уч миллион беш юз қирқ тўққиз минг бир юз қирқ олти) сўм қўшимча ҳақ тўлаб берилди.

 Наима Ядигарова, 
Наманган вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи