Аянчли тақдирлар ҳаққи

Аянчли тақдирлар ҳаққи

Эркка, озодликка интилиш азалдан инсон қонида мавжуд туйғу. Бу неъматнинг қадрига кулликда, кимгадир қарам бўлганда етади кўпчилик. Афсуски, кейинги йилларда «одам савдоси», «хорижда ишлаётганлар», «қул каби сотилаётганлар» каби сўзларни эшитиб, ажабланмай қўйдик. Лекин бу нохуш сўзлар ортида қанча-қанча инсонларнинг аянчли тақдири ётганлиги дилларга ғашлик солади…

Ҳусан ака (исмлар шартли) бир неча йилдан буён тумандан шаҳарга қатнаб, машинасида йўловчи таширди. Топгани рўзғорга бемалол етаётганди, ҳатто тўплаётганди ҳам. Ўтган йили ўғлини ҳеч кимдан қарз кўтармай уйлантирди. У ҳар куни тонгда яхши ният билан уйдан чиқиб, шом бўлмай қайтарди. Кечки овқатни оиласи бағрида, келини қўлидан бир пиёла чойни хотиржам ичган ҳолда ерди. Аммо бугун бу кунлар унга ширин хотирага айланган…

… Ўша куни машинасига чиққан Хайрулло исмли таниш йигит пул тўлаётиб, чўнтагидан беш-олтита доллар чиқарди – мақтаниш учун.

- Ўҳ-ҳў, ука, ишинг яхши шекилли-а? Бақувватсан-ку!

Хайрулло бошини янаям баландроқ кўтариб деди:

- Бу ерда юрган эканмиз-да, ака. Беш йилдан буён ўша ёқдаман. Иш зўр, қўлимда йигирматача йигитлар бор. Пул дегани ўз-ўзидан чўнтакка келиб тушаверади. Йигитларимнинг ҳар бири ойига 600-700 доллардан олишади. Менинг ҳам топишим шунга яраша. Уларга бригадирман мен…

Ҳусан ака унинг гапларини узоқ тинглади. Тинглагани сайин унга ҳаваси кела бошлади. Хайруллонинг: “Ака, сиз ҳам юрибсиз-да, бу ерда аравакашлик қилиб. Мана, мен билан кетмайсизми, жарақ-жарақ пул юбормайсизми келинойимга”, деган охирги сўзидан кейин кўнглига ғулғула тушди.

- Хотин, мен ҳам Россияга бориб, бирор йил ишлаб келсаммикан, нима дейсан? – деди оқшом чоғи аёлига.

- Шу ерда ҳам бинойидек топяпсиз-ку, сизга яна нима етмаяпти? Қўйинг, ёнимизда бўлинг. Бу ёқда қизингизга совчилар келяпти…

- Нима, совчилар келса, мен кутволишим керакми уларни? Сен кузатаверасан-да. Маъқул келганига розилик бераверасан. Ахир, қиз чиқариш осонми? – хотинининг сўзини кесди Ҳусан ака. Унинг қарори қатъий эди.

Кейинги кунларда Хайрулло билан тез-тез қўнғироқлашиб турди. Ниҳоят, ўн беш кун деганда улар Россияга уч-тўрт йигитлар ҳамроҳлигида учиб кетишди…

… - Орзуларим, катта ниятларим гўё самолётда – осмонларга сочилиб кетгандай, - дейди бугун Ҳусан ака надомат билан. – Самолётдан тушиб, таксида бир уйга бордик. У ерда бир кун тунаб, эртаси куни автобусда бошқа шаҳарга кетдик. Шаҳардан яна йўлга чиқдик… Хуллас, бир ўрмонга бориб тўхтадик. Вазифамиз қарағай кесиш эди. Совуқдан қўлларимиз, оёқларимиз ҳеч нимани сезмай қоларди. Кўп йигитлар оёқ-қўлини совуққа олдириб қўйди. Мен ҳам…

Ҳусан ака тирсагидан кесиб ташланган ўнг қўлига қарайди. Унинг юрагидаги афсуснинг чеки-чегараси йўқ.

- Уйга қанча пул жўнатдингиз? – сўрайман ундан. У ахир, шу илинжда кетганди-да.

- Ҳеч қанча. Икки ой тўрт юз доллардан жўнатдим, кейин Ҳусан ғойиб бўлди. Хўжайин эса иш ҳақларимизни у олиб кетганини айтди. Ҳусанни ҳозир ҳам топиб бўлмаяпти…

Олдингдан оққан сувнинг қадрини бил, дейди доно халқимиз. Буни ҳис этмаган инсон эса ўз-ўзига жарб қилади холос. Ҳусан аканинг кечмиши бунга мисол.

Дарҳақиқат, одам савдоси бугун жаҳон ҳамжамиятини жиддий ташвишга солаётган трансмиллий жиноятлардан бири саналади. Кейинги пайтда кенг томир ёйиб бораётган бу қабиҳлик боис ер юзи бўйича миллион-миллион нафардан ортиқ кишилар қурбонга айланди. Одам савдоси жинояти бошқаларидан фарқли равишда ишончни суиистеъмол қилиш, алдов ва ҳийла йўли билан содир этилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизда одам савдосига қарши курашишнинг ҳуқуқий мезони яратилган. Бироқ изчил чора-тадбирлар ўтказилишига қарамай, ҳамон инсонлар ишончини пуллаш, унинг меҳнатидан ноқонуний равишда даромад топиш каби ноқонуний ҳолатлар учраб турибди.

Шунинг учун фуқароларимиз англаб етишлари керакки, қонуний йўлни танлаган, унга бўйсунган инсон ҳаётда ҳеч қачон адашмайди, алданмайди. Мамлакатимизда инсон қадри, ҳуқуқи олий қадрият саналади. Алданиб қолаётган, ўзга давлатларда қул каби ишлаб, саломатлигини йўқотиб, меҳнати эвазига тўланадиган ҳақни ололмай, бировларнинг чўнтакларига ишлаб бераётган юртдошларимиз агар қонунга таяниб иш тутганларида, бундай оғир аҳволга тушиб қолмасдилар.

Ҳайитали ТЎЙЧИЕВ, 
Улуғнор туманидаги “Мингбулоқ” жомъе масжиди имом-хатиби.