Аёл – буюк ва беқиёс мўъжиза

Аёл – буюк ва беқиёс мўъжиза

Муаллиф ҳақида:

Саодатхон Усманова 1967 йилда Наманган шаҳрида туғилган. 1989 йилда Наманган давлат педагогика институтини рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси мутахассислиги бўйича тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Наманган шаҳридаги 15-мактабдан бошлаган. Шаҳардаги 60-мактаб ҳамда Наманган шаҳар юридик коллежида масъул вазифаларда ишлаб, НамДУда 2005 йилда педагогика ва психология кафедраси ўқитувчиси сифатида фаолиятини давом эттира бошлаган. Айни пайтда кафедра доценти, университет хотин-қизлар маслаҳат Кенгаши раиси вазифасида ишлаб келаётган С. Усманова 2017 йилда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 25 йил” кўкрак нишони билан, 2020 йилда “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланган. Оилали, тўрт нафар фарзанднинг онаси.

Муносабат

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу борада зарур ҳуқуқий асос яратиш ва уни янада такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, иш билан таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий муҳофазасини янада кучайтириш, оила, оналик ва болаликни ҳимоялаш, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўзининг юксак самарасини бермоқда.

Сўнгги йилларда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштироки янада мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинаётган Президент фармонлари ва қарорлари биз ўз қадр-қимматимизни янада чуқурроқ ҳис этишимиз, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда, кундалик турмушимизда муносиб ўринни дадил эгаллашимизга ҳар томонлама ёрдам бераяпти, десак сира муболаға бўлмайди.

Мустақиллик йилларида бир-бирини мантиқий давом эттирадиган давлат дастурларида хотин-қизларнинг манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўлган сайловларда хотин-қизлар тобора фаоллик иштирок этишяпти ва Олий Мажлис қонунчилик палатасига депутатликка, Сенат аъзолигига, маҳаллий кенгашларга сайланаётган хотин-қизлар сони тобора кўпчиликни ташкил этаяпти. 

Шу йил Халқаро хотин-қизлар куни арафасида, аниқроғи, 5 март куни Президентимиз хотин-қизлар ҳаётида муҳим ўрин тутган қарорга имзо чекдилар. “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5020-сонли қарор билан республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил этилди. Мазкур кенгашнинг асосий вазифалари этиб хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши, муносиб иш топишига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятини тўғри йўналтириш, ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, турар жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, даромадларини кўпайтириш борасида тизимли чора-тадбирларни белгилаш, хотин-қизларнинг оилаларни мустаҳкамлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда фарзанд тарбиясидаги ролини ошириш чораларини кўриш, “Аёллар дафтари” билан манзилли ишлаш, мутасадди ташкилотлар, секторлар томонидан хотин-қизлар муаммолари ўз вақтида бартараф этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш каби вазифалар белгиланди.

 Эндиликда Республика кенгаши, жумладан ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини оширади. Қарорга кўра, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси (Жамғарма) сифатида қайта ташкил этилди. Республика кенгашининг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ Жамғармага ҳар йили 300 миллиард сўмгача миқдорда Давлат бюджети маблағлари ажратилади. Шунингдек, тегишли дастурларни муваффақиятли ўзлаштирган хотин-қизларга туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари тавсиясига кўра, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун 3 йилгача муддат ва 6 ойгача имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида БҲМнинг 150 бараваригача (36 млн 750 минг сўмгача) миқдорда кредитлар берилади.

Ҳа, ҳар бир жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади. Бу борада юртимизда салмоқли натижаларга эришилмоқда. Зеро, аёлни улуғлаш барча хайрли ишларнинг мезонига айланган.

Саодатхон УСМАНОВА, 
Наманган давлат университети
хотин-қизлар маслаҳат Кенгаши раиси.