Барча бахтли бўлишга ҳақли

Барча бахтли бўлишга ҳақли

Бироқ бу имкон энг аввало, инсоннинг ўз қўлида бўлади!

 ...Аслия (исмлар шартли) умрининг бир неча йилини панжара ортида ўтказди. Бунда ўзининг сабрсизлиги, ўйламай қадам босишини эмас, балки бошига ўгай ота зуғумларини солган онасини, кейинчалик турмушга чиққач, тақдирни унга ичкиликка муккасидан кетган эрни раво кўрганини сабабчи қилиб кўрсатади. Аламзадалик, ён-атрофидаги инсонлардан нафратланиш ҳисси уни озодликка чиққанидан сўнг ҳам тарк этмади. Унинг шу аҳволга тушишига бошқалар айбдордай, ёрдам қўлини узатганга ҳам, икки оғиз ширин сўз айтганга ҳам юзини терс бураверади.

Аслини олиб қараганда, у ҳам аёл. У ҳам инсон. Унинг ҳам бошқалар каби бахтли бўлишга ҳаққи бор. Фақат ҳаётга нисбатан қарашини, шу тушунчага нисбатан муносабатини ўзгартиролса, ўзини ўзи тарбияласа, ислоҳ қилса бас...

Маҳалла, жамоатчилик, масъуллар, айниқса, психологлар, диний идора вакилларининг Аслия билан иш олиб бораётганига бирмунча вақт бўлди. Энг муҳими, бу саъй-ҳаракатларнинг беиз кетмасин – аёл жамиятга ижтимоий жиҳатдан мослашиб кета олсин...

Дарвоқе, бахт деган тушунчани инсонлар турлича тасаввур қилади. Кимдир уни тинчлик-хотиржамлик ёки сиҳат-саломатликда деса, бошқа биров оила, дўстлар, яхши даромадли ишда деб билади. Умуман, бахт ҳақида гап борганда ҳар ким уни ўз дунёқараши, тафаккури, қаричи билан ўлчайди ва хулосага келади.

Бироқ инсон билибми-билмайми хато қилади. Ҳаётнинг боши берк кўчаларига кириб қолади. Айни шу пайтда уни чигал ўй-хаёллар руҳан эзади. Нега ҳамма бахтли, ҳамма яхши яшаяпти, биргина мен шундай оғир ва аянчли аҳволдаман, деган ўй унга тинчлик термай қўяди. Гоҳида адашган кимса мана шундай фикрлар исканжасида яна хатога, жиноятга қўл уради...

Адашиб жиноят йўлига кирган ва содир этган қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган инсонларга яна бир бор имкон бериш, уларни тўғри йўлга, оиласи бағрига қайтариш давлатимиз олдида турган муҳим масалалардан бирига айланди. Зеро, адашганлар ҳам шу мамлакат фуқароларидир.

Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар йили билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган жазо муддатини ўтаётган фуқароларни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзоламоқдалар. Бу халқимизга хос инсонпарварлик ва кечиримлиликнинг юксак намунасидир.

Аслида жиноят ёки гуноҳ қилганларни афв этиш жўнгина кечадиган жараён эмас. Бу тадбирнинг ҳикмати шундаки, у орқали ҳаётда билиб-билмай қоқилган, бошини деворга урган кишига тўғри йўлни топиб олиши учун имконият берилади. Шу аснода унга виждони, диёнати билан яккама-якка мулоқот қилиш, ўз хатти-ҳаракатини тафаккурдан ўтказиш, теварак-атрофга очиқ юз билан қарай билиш муҳити яратилади.

Хусусан, афв дегани, аввало, ишонч дегани. Бунинг масъулияти жуда катта. Бу ишончни оқлаш, унга муносиб бўлиш инсоний бурч. Афв дегани — меҳр-мурувват дегани. Оғир кунингда сенга кўрсатилган меҳр ва мурувватга муносиб жавоб бермоқ керак. Яхшиликнинг жавоби фақат яхшилик бўлмоғи керак, дейилади улуғ боболаримиз ўгитларида. Афв дегани, имкон дегани, тўғри йўлга қайтиб, ҳаётнинг, оиланинг, фарзандларнинг қадрига этиб яшаш учун берилган имкон дегани. Қандай хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ, ҳар кимнинг тақдири ўз қўлида.

Шу ўринда яна бир муҳм масала борки, ижтимоий кўмакка муҳтож кишиларни ҳаётга қайта мослаштириш, уй-жой муаммоси бўлса, ҳал этиш, ишга жойлаштириш каби юмушларни амалга ошириш керак. Маҳалла-кўй, қўни-қўшни эса уларга эътиборли бўлиши, бегона кўз билан қарамаслиги, уларни ёлғизлатиб қўймаслиги муҳим аҳамиятга эга. Бу олижаноб халқимизнинг меҳр-оқибатлилиги, ҳар доим эзгуликка мойиллиги намунасидир. Уларнинг кейинги тақдири одамлар орасида юксак ишончни оқлаш баробарида шу озод ва обод юртга дахлдорлик туйғусини намоён этиб яшашида акс этади.

Ҳайитали ТЎЙЧИЕВ, 
Улуғнор туманидаги “Мингбулоқ” жомеъ масжиди имом-хатиби.