Бетимсол тарбия мактаби

Бетимсол тарбия мактаби

Соғлом фарзанд соғлом оилада туғилади. Оила эса инсоннинг барча сиру синоатларини ўзида мужассамлаган олтин сандиқ, уни бахтга бешик деб атаса ҳам бўлади. Хусусан, инсонни инсон сифатида шакллантирадиган бетимсол мактаб ҳам бу оиладир. Унинг «китоблари»ни, ҳаётий сабоқларини ўқиш, уқиш нақадар мароқли.

Мамлакатимизда оила мустаҳкамлигига жиддий эътибор қаратилади. Негаки, дунёнинг баъзи бир мамлакатларида жамият маънавий-аҳлоқий жиҳатдан емирилиб бораётганини кузатиб турибмиз. Шундай бир шароитда бизнинг мамлакатимизда халқимизга хос бўлган юксак аҳлоқий қадриятлар учун курашиш, жамиятимизнинг маънавий соғломлигини, мустаҳкамлигини асраб қолиш ниҳоятда эзгу ишдир.

Бу жараёнда барчамизнинг олдимизга муҳим вазифалар қўйилган. Биз ёшларга оиланинг муқаддаслиги, соғлом турмуш кечиришнинг ўзи катта бахт экани, тотувликда барака борлигини уқтиришимиз керак.

Чунки сўнгги пайтларда ғарб мамлакатлари оиласидаги инқирозли ҳолатларнинг айримлари бизнинг ҳам ҳаётимизда кириб келаётганини сезмаслигимиз мумкин эмас. Афсуски, ота-оналар билан фарзандлар, ака-ука, опа-сингиллар, яъни бир оилада камол топган кишиларнинг ўзаро муносабатларида ғайриодатий ҳолатлар ҳам юзага келмоқда.

Бугун айрим йигитларда оила, фарзандлар тақдирига даҳлдорлик ҳисси нисбатан камайгандек. Арзимаган сабаб билан аёли билан ажрашган, атиги бир нафар фарзанди таъминоти учун қонуний тарзда тўлайдиган алиментни тўлашдан қочиб юрадиганлар ҳам орамизда топилади. Бугун ота меҳридан мосуво бўлгани етмагандек, моддий камчиликлар билан улғаяётган болада эртага оилага масъуллик ҳисси бўлармикан? Менимча, йўқ.

Аввало, барча болаларга ота-оналари бағрида вояга етиш бахти насиб этсин. Бунинг учун эса ҳаммамиз оила мустаҳкамлиги учун курашмоғимиз керак.

Ҳайитали ТЎЙЧИЕВ, 
“Мингбулоқ” жомъе масжиди имом-хатиби.