Бош мақсадимиз – халқ розилигига эришиш

Бош мақсадимиз – халқ розилигига эришиш

Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратди. Иқтисодиётда маъмурий-буйруқбозликка асосланган бошқарув тизимидан мутлақо воз кечилиб, бозор ислоҳотлари босқичма-босқич амалга оширилаётгани ва пул-кредит сиёсати пухта ўйлаб олиб борилгани макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиётнинг юқори суръатлар билан ўсишини таъминлади ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш учун кенг имкониятлар ва қулай шароитлар яратилишига хизмат қилди.

Ўтган беш йил ичида Наманган вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиши кўрсаткичи 129,3 фоизни ташкил этди, 185 та хорижий қўшма корхоналар ташкил этилди. Айни пайтда вилоятда иккита эркин иқтисодий зона ва 72 та кичик саноат зоналари мавжуд.

Бу мамлакатимизда тадбиркорларга яратиб берилаётган қулай ва кенг имкониятларнинг самарасидир. Айниқса, Президентимизнинг 2021 йил 18-19 февраль кунлари вилоятимизга қилган ташрифлари давомида олдимизга янги ва долзарб вазифалар қўйилди.

Уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор ишларни амалга оширдик. Жумладан, ички йўлларни таъмирлаш учун “Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси”дан 150 млрд. сўм ва республика бюджети маблағлари ҳисобидан 50 млрд. сўм, вилоят маҳаллий бюджетдан 100 млрд. сўм, жами 300 млрд. сўм маблағ ажратилиши белгиланган бўлса, бугунги кунга қадар вилоят бўйича жами 1 367,2 км. ички йўлларда таъмирлаш ишлари бажарилди. Дастур бўйича 726,7 км. ички йўлларда таъмирлаш ҳамда ҳашар йўли билан қўшимча 640,5 км. йўлларни шағаллаш ишлари амалга оширилди. Мисол учун, Янги Наманган туманидаги “Келажак тонги” маҳалласидаги “Саҳоват уйи”га борувчи йўлнинг 3,0 км. қисми янгидан қурилди. Бу ишларга 1,6 млрд. сўм маблағ сарфланди. Энг муаммоли бўлиб келаётган Наманган шаҳри “Гўзал” кўчасининг 1,5 км. йўлидаги реконструкция ишларига 10,4 млрд. сўм маблағ сарфланиб, йўл янгидан асфальтланди. Шунингдек, Наманган шаҳридаги “Шаршара” маҳалласи йўлининг 8,0 км. қисми ҳам таъмирга муҳтожлиги сабабли 3,9 млрд.сўм маблағ сафрлаш ҳисобига тўлиқ асфальтланди.

Аҳолини тоза ичимлик сувига бўлган талабини қондириш мақсадида жорий йилда ажратиладиган 306 млрд. сўм маблағ ҳисобига 90 та объектда 654,3 км. ичимлик ва оқава сув тармоқларини қуриш режалаштирилган. Ҳозирги кунга қадар 355,9 км. ичимлик ва оқава сув тармоқлари тортилди, 1 та янги сув олиш, 1 та оқава сувларни тозалаш иншоотлари қурилди, 4 та сув олиш иншоотлари мукаммал таъмирланди. Натижада 84 та МФЙда яшовчи 248,6 минг аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди, вилоятда бу борадаги кўрсаткич йил охиригача 65,2 фоиздан 70,0 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Бу йўналишдаги ишларга батафсил тўхталадиган бўлсак, айтиш мумкинки, Наманган шаҳридаги “Бунёдкор” маҳалласини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 149,1 млрд. сўм маблағ ажратилди ва Янгиқўрғон туманидаги “Булоқбоши” сув иншоотидан “Бунёдкор”гача 20,8 км. магистрал тармоқ, “Ёшлик” сув тақсимлаш иншоотидан “Мустақиллик” сув иншоотигача 11 км. магистрал сув тармоғи ва “Бунёдкор” маҳалласида 43 км. ички тармоқлар қуриш режалаштирилган эди. Шу кунга қадар 60 млрд. сўмдан ортиқ маблағ эвазига жами 60,6 км. траншея ковлаш, 59,4 км. турли диаметрдаги полиэтилен қувурларни монтаж қилиш ва 119 дона колодецлар ўрнатиш ишлари амалга оширилди. Бу билан 9495 нафар аҳолининг тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлаётгани ижобий натижа, албатта. Ўз навбатида, Мингбулоқ тумани “Найман” маҳалласида яшовчи 2463 нафар аҳолини илк бор тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун ҳам маҳалллий бюджет ҳисобидан 500 млн. сўм маблағ ажратилди ва 4,5 км. ичимлик сув тармоғи тортилиб, сув олиш иншоотидаги сув минораси таъмирланди.

 Электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 9500 та янги темир бетон таянчлар ўрнатилди, 405 км. электр тармоғи тортилди, 152 та янги трансформаторлар ўрнатилди. Натижада, 28,0 минг нафар аҳолини ва
1,5 мингта улгуржи истеъмолчиларнинг электр энергияси таъминоти яхшиланди.

Мисол учун, Мингбулоқ тумани “Қолгандарё” маҳалласида аҳолини электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида бугунга қадар 171 та электр устунлари ўрнатилди, 2,8 км. электр тармоғи тортилди, 6 та трансформатор таъмирланди, 2 та янги трансформатор ўрнатилди. Натижада, маҳалладаги 3675 нафар аҳолини электр таъминоти яхшиланди.

Бундай сайъ-ҳаракатлар Наманган шаҳридаги “Бунёдкор” маҳалласида ҳам амалга оширилди. Бу ерда 680 та янги электр устунлар ўрнатилиши, 72 та ёғоч устунлар бетонга алмаштирилиши, 13,7 км. электр тармоғи тортилиши, 18 та трансформаторлар таъмирланиб, 3 та янги трансформаторларнинг ўрнатилиши аҳолининг электр энергияси билан боғлиқ муаммоларига барҳам берди.

Газ таъминоти масаласидаги мавжуд муаммолар ҳам жадаллик билан ечим топмоқда. Шу кунгача 14,4 км. тармоқлар жорий таъмирланди. 40 та газ тақсимлаш пунктлари жорий ва 26 таси мукаммал таъмирланди, 219 та янги газ баллонлар ҳамда 34 682 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Масалан, Норин туманидаги “Сузоқовул” маҳалласида 1,8 км. газ тармоқлари модернизация қилиниши ҳисобига 420 та хонадоннинг, Чортоқ туманидаги “Ифтихор” маҳалласида 0,8 км. газ тармоқларини реконструкция қилиниши натижасида 1100 та хонадоннинг газ тармоғи яхшиланди.

Мингбулоқ тумани “Ойбек” маҳалласида ҳам 1,1 км. газ тармоқлари янги тортилди, Наманган шаҳридаги “Бунёдкор” маҳалласида табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида 10,2 км газ тармоқлари жорий таъмирланди, 190 та янги газ баллонлар ҳамда 204 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

Куз-қиш мавсумидаги иссиқлик таъминоти шу пайтгача шаҳарлик аҳолининг йиллар давомидаги жиддий муаммосига айланган эди. Энди бундай эмас, чунки Давлатобод туманининг 8 та маҳалласидаги 350 та кўп қаватли уйлар ва унда жойлашган 15,4 мингта хонадонларни марказлашган иссиқлик таъминотини қайта тиклаш ишлари бошланган. Жумладан, Давлатобод туманидаги Порлоқ МФЙ ҳудудидаги 59 та уйларда ички тармоқларни тиклаш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, қурилиш ишлари давом этмоқда.

Вилоятимизнинг ҳар бир ҳудуди кун сайин ободлик касб этиб бормоқда. Бу наманганликлар кўнглига байрам кайфиятини бағишлабгина қолмай, бунёдкорлик, ободончилик ишларига бош қўшишга ундамоқда. Айтиб ўтиш ўринлики, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда вилоятда 775 та маҳалланинг архитектура қиёфасини янгилаш ва ҳудудларини ободонлаштириш бўйича 2 трлн. 304 млрд. сўмлик ишлар амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, юқоридаги дастурларга киритилган 22 та қишлоқ ва 4 та маҳалла бош режалари ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Ҳозирги кунга қадар, дастур доирасида 509,2 млрд. сўм маблағ ўзлаштирилди.

Ичимлик суви таъминотини ва оқава сув тармоқларини яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш, электр таъминотини яхшилаш, туман марказлари ва шаҳарларнинг меъморий қиёфасини замонавийлаштириш ва ободонлаштириш ишларидан ташқари, алоқа ва ахборотлаштириш тизимини яхшилаш доирасида 264 км. алоқа тармоқлари ҳамда 133 та базавий станцияларни ўрнатиш ва модернизация қилиш ишлари бажарилди. Бугунгача 264 км. алоқа тармоқлари қурилди.

Ижтимоий соҳа инфратузилмасини яхшилаш доирасида 130 та боғча, 149 та мактаб, 72 та тиббиёт муассасаси қуриш ва таъмирлаш бўйича ҳозирга қадар 127 та боғчаларда 18,7 млрд сўмлик, 127 та мактабларда 14,4 млрд сўмлик, 50 та тиббиёт муассасасида 10,0 млрд сўмлик қуриш-таъмирлаш ишлари бажарилди.

Маҳалла ва маданият объектларини ривожлантириш доирасида 101 та маҳалла биноси, 15 та маҳалла гузари ҳамда 1 та маданият марказини қуриш режалаштирилган бўлса, ҳозирда 101 та маҳалла биноси, 11 та маҳалла гузарида 9,7 млрд. сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. Шунингдек, 1 та маданият марказида қурилиш ишлари давом этяпти.

Шунинг баробарида, Халқ демократик партияси Наманган вилояти кенгаши биноси ўрнида “Маънавият маркази”ни ташкил этиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланган, реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. “Namangan new city” лойиҳасини амалга ошириш бўйича Наманган шаҳрининг Давлатобод тумани ва Тўрақўрғон туманларидан 558 гектар ер майдони ажратилди ва “Namangan new city” дирекцияси ташкил этилди. Ҳозирда Туркия давлатининг “Vertebra studio” компанияси томонидан лойиҳа ва бош режалар ишлаб чиқилган.

Ижтимоий соҳада ҳам эътиборга молик натижаларга эришиляпти. Жумладан, вилоятда тиббиётни ривожлантириш учун Молия вазирлиги томонидан вилоятнинг маҳаллий бюджетига ажратилган 100 млрд. сўм ссуда маблағларидан ҳозирга қадар 49,2 млрд. сўми сарф қилинди. Вилоят саломатликни қайта тиклаш шифохонасини (собиқ “Семашка”) Янги Наманган тумани марказий шифохонасига айлантириш бўйича қурилиш ишлари бошланган бўлса, Наманган шаҳрининг “Орзу” маҳалласида қиймати 18,3 млрд. сўмлик 110 кишига мўлжалланган, барча шароитларига эга “Саховат” уйи қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Бундан ташқари, Наманган шаҳрида 2 та янги оилавий поликлиника қуриш ишлари учун 12,1 млрд. сўм маблағ йўналтирилган. Вилоят бўйича тиббий-асбоб ускуналар сотиб олиш учун эса 18,7 млрд.сўм сарфланди.

Таълим сифатини ошириш мақсадида Покистон Ислом Республикаси билан ҳамкорликда Наманган шаҳрида Лаҳор университети кампуси ва клиникаси ташкил этиш бўйича битим имзоланди. Лаҳор университети билан ҳамкорликда “The International University of Namangan” нодавлат олий таълим муассасасини ташкил этиш бўйича ишлар бошланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 392-сон қарори билан педагог-ходимлар аттестация жараёнлари ўтказилди. Аттестация жараёнларида жами 13 537 нафар педагоглар иштирок этиб, иштирок этган ўқитувчиларнинг 1 205 нафари олий тоифа 3 519 нафари биринчи тоифа ва 2 926 нафари иккинчи тоифа малака сертификати олишга эришдилар, яъни 7 650 нафар ўқитувчиларнинг тоифалари бир поғонадан ошди. Мактаб ўқитувчилари учун методик хизмат самарадорлигини яхшилаш мақсадида методистлар фаолиятини такомиллаштириш учун вилоятдаги 110 нафар методистларнинг малакаси оширилди ҳамда малака ошириш натижасига кўра сертификатланди. Йил якунига кўра 37 255 нафар ўқитувчиларнинг “ҳаёт давомида таълим” тамойили асосида малакаси тўлиқ оширилади.

Мактабларда инглиз тилини ривожлантириш мақсадида Fulbright дастури доирасида 2 нафар, “English Speaking Nation” дастури доирасида
2 нафар америкалик мутахассислар, рус тили фанини ўқитилиш сифатини ошириш мақсадида “ЗЎР” (“КЛАСС”) дастури доирасида 6 нафар россиялик мутахассислар вилоятимизга ташриф буюрди. “Зўр!” лойиҳаси ўқув машғулотларининг
2-босқичи якуни бўйича 240 нафар рус тили фани ўқитувчиларига Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети мутахассислари томонидан сертификатлар топширилди. Уларнинг 148 нафари ТРКИ бўйича С1 даражадаги ва 226 нафари ТПК бўйича сертификатларга эга бўлди.

Янги ўқув йилида 4 та математика, 4 та кимё-биология, 6 та информатика, 14 та хорижий тиллар ҳамда 5 та физика фанларига, жами 33 та ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилмоқда.

Ҳудудлар бўйича таълим сифати паст бўлган Наманган туманидаги умумтаълим мактабларига Наманган давлат университетининг профессор-ўқитувчилари бириктирилди, республикада фаолият олиб борувчи маҳоратли ўқитувчилар томонидан мактабларда ўқувлар ташкил этилди, барча ўқитувчиларнинг билимларини аниқлаш бўйича тестдан ўтказилди, Қоракўл халқаро мактаби билан шартнома имзоланди.

Алоҳида таъкидлашни истардимки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда “Маҳаллабай” ишлаш тамойилининг ҳаётга тўла татбиқ этилиши натижасида маҳалла тизими ҳар томонлама ривожланмоқда. Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, одамлар дардини тинглаш, тизимдаги мавжуд муаммоларга ечим топиш, оилавий ажримлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш каби муҳим вазифаларни тўла-тўкис бажарилишига эришилмоқда.

Жумладан, вилоятимизда ҳам “Маҳаллабай” ишлаш тизими асосида 775 та маҳаллаларга бириктирилган 1 331 та тижорат банк ва иқтисодий идора ходимлари томонидан 502 мингта хонадонлар ўрганилди. Ўрганиш жараёнида 92 248 та муаммо аниқланди. Шундан, ўтган давр мобайнида 84 820 та ёки 91,9 фоиз муаммолар бартараф этилди. Мухтож оилаларнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилиб, ҳудудлардаги 106 та оилаларга чорва ҳайвонлари, 1 643 та оилаларга 26 653 та парранда, 1 176 та эҳтиёжманд оилаларга тикув машиналари, 1 005 та ёшларга техника воситалари берилди.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва кенгайтириш истаги мавжуд 28,8 мингта субъектлар аниқланган. Бугунгача уларнинг 26,6 мингтасига жами 575,3 млрд.сўм кредит маблағлари ажратилди ва 25,5 та фуқаро бандлиги таъминланди.

Уйчи тумани мисолида оладиган бўлсак, “Овчибулоқ” маҳалласида хатлов натижасида 338 та муаммо аниқланиб, шу кунгача 322 та масала ҳал этилган. 12 та хонадонда иссиқхоналар ташкил этилган. Кредит ажратиш билан боғлиқ бўлган 64 та мурожаатдан 62 таси “Агробанк” Уйчи филиали томонидан 1,0 млрд.сўм миқдорида кредит ажратилиши ҳисобига ҳал этилган. 2020-2021 йиллар давомида мазкур банк томонидан 87 нафар фуқарога жами 1,5 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилган.

Айниқса, ҳудудда жойлашган “Абдулвоҳид Билол Шамсиддин меҳнат” МЧЖга “Ипотека банк” вилоят филиали томонидан 45,0 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилиши маҳалла аҳли ўртасида ишсизликни бартараф этилишига сабаб бўлди. Қолаверса, “Овчибулоқ Ёшлар” КСЗни ташкил этиш учун
4,0 гектар миқдорида ер майдони ажратилиб, ушбу кичик саноат зонасида умумий қиймати 80,7 млрд. сўмлик 20 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг учун тижорат банклари томонидан 9,6 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилади. Лойиҳалар ишга тушиши натижасида 374 та янги иш ўринлари яратилади. Ҳозирда “Миркамол оил саноат” МЧЖнинг 5,0 млрд. сўмлик ўсимлик мойини қадоқлаш лойиҳаси ишга тушди.

 Вилоят бўйича жорий йилда “Темир дафтар”га 34761 та эҳтиёжманд оила ва уларда яшовчи 48885 нафар меҳнатга лаёқатли ишсизлар киритилган эди. Уларнинг 48504 нафари ишга жойлаштирилди. Шу каби кўрсатилган амалий ёрдамлардан сўнг Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари қарорлари билан 48 504 нафар меҳнатга лаёқатли аъзолари бўлган 34 077 та оила “Темир дафтар”дан чиқарилди. Ҳозирда қолган 684 та оила билан иш олиб бориляпти.

 “Аёллар дафтари”га киритилган 35275 нафар аёлдан 34911 нафарининг муаммолари ўрганилиб, ижобий ҳал этилди. АТ “Халқ банки”нинг вилоят филиалига “Аёллар дафтари”га киритилган, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган 5417 нафар аёл учун 155 млрд. сўм ресурс маблағи келиб тушди ва бугунгача 5334 нафар аёлга жами 72,3 млн. сўм имтиёзли кредитлар ажратилди.

 “Ёшлар дафтари”га эса 50556 нафар ёшлар киритилган эди ва “Ёшлар жамғарма”сига маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган маблағларидан 17,3 млрд. сўм маблағ ажратиб берилди. Бугунга қадар 41486 нафар “Ёшлар дафтари”даги йигит-қизларнинг муаммолари ҳал этилди. Жумладан, ёшларнинг 12012 нафари ишга жойлаштирилди, 18930 нафарига вақтинча фойдаланиш учун ер берилди, 4120 нафарига кредитлар ажратилди, 2301 нафари “Устоз-шогирд” анъанаси доирасида ҳунармандларга бириктирилди, 4123 нафарини ҳам бошқа йўналишлардаги муаммолари ўз ечимини топди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи халқ фаровонлигининг асоси экани ҳеч кимга сир эмас. Мазкур йўналишда ҳам йилнинг ўтган даврида муайян ишлар амалга оширилди. Айни пайтда вилоят бўйича 127,3 минг нафар фуқаро ишсиз, 57,5 минг нафар фуқаро ишлаш учун хорижга кетган. 2020-2021 ўқув йилида таълим муассасаларини 41580 нафар битирувчи тамомлади. Уларнинг 26099 нафарини меҳнат бозорига кириши кутилмоқда.

Жорий йилнинг 6 ойи давомида барча соҳаларда 113135 янги иш ўринлари яратилди. Йил якунига қадар 192512 та янги иш ўринлари яратилиб, ишсиз аҳоли бандлиги тўлиқ таъминланади. Бундан ташқари, ғалладан бўшаган майдонларни такрорий экин экиш учун ажратиб бериш ҳисобига яна 262,2 мингта янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

Қишлоқ хўжалиги вилоятимизнинг етакчи соҳаси ҳисобланади. Жорий  йилда пахта ҳосили учун 7 та пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 63406 гектар майдонда ғўза парвариш қилиняпти. Бу майдонларнинг ҳар гектаридан ўртача 40 центнердан 221,0 минг тонна пахта хом-ашёси етиштириш кутиляпти.

67750 гектар майдондаги ғалладан 175355 тонна товар дон ва 18 022,3 тонна уруғлик жамғарилди. Янгиқўрғон туманидан бошқа барча туманларда ғалла сотиш режаси ортиғи билан бажаришга эришилди. Вилоятдаги 1411 та фермер хўжаликларининг 1279 таси давлатга дон сотиш режасини ортиғи билан бажарди. Бугунгача 61356 гектар майдонга такрорий экинлар экилди.

Вақтинча ишсиз аҳолига маълум миқдордан ер берилиши натижасида 63,0 минг гектар майдонда экин экиш ишлари амалга оширилди, натижада 238627 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди.

Ушбу йилда 33000 гектар ер майдонларини ўзлаштириш ва қишлоқ хўжалиги экинларини экиш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилиб, 21,6 минг гектар ер майдонлари ўзлаштирилди. Бу ерларга 122 км. суғориш тармоқлари қурилди, 39 км. коллектор тармоғини таъмирлаш, 53 дона тик суғориш қудуқлари қуриш, 12 та насос агрегатларини қуриш, 31 км. электр тармоқларини тортиш ишлари ҳамда 331 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиялари қурилди. Ўзлаштирилган ерларнинг 7 гектарида полиз экинлари, 727 гектарида дуккакли экинлар, 354 гектарда мойли, 127 гектар шоли, 1 475 гектар озуқа экинлари, 1474 гектар бошқа экинлар ва 4721 гектарда интенсив боғлар барпо этилди.

Вилоятда диний соҳа вакиллари томонидан 6 ой давомида 1155 та, хотин-қизлар ўртасида тарғибот тадбирларини мувофиқлаштириш бўйича вилоят тарғибот гуруҳи томонидан 1322 та умумпрофилактик тадбирлар ташкил қилинди. Бу тадбирларнинг 293 тасига республикадаги таниқли имомлар, олимлар, психологлар, мутахассислар жалб қилинди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 июлдаги 424-24м-сонли қарорига асосан ижтимоий кўмакка муҳтож шахсларга ажратилаётган маблағларнинг манзилли етиб бориши назоратга олинди.

Хусусан, 6 ой давомида 103 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож шахсларнинг (адашганлар) уй-жой олиб бериш, яшаш хонадонида 2 хонали уй қуриб бериш, уй-жойини таъмирлаш, фарзандларини тўйини қилиб бериш, соғлиғини тиклаш, турмуш шароитини яхшилаш, фарзандларининг контракт пулларини тўлаб бериш каби муаммоларини ҳал қилиш учун Республика махсус жамғармасидан ажратилган 2 млрд. 690 млн. сўм пул маблағлари билан уларнинг муаммолари бартараф этилди.

Йил давомида 1334 нафар вояга етмаган ёшлар томонидан вилоят ИИБ МФРБга хорижий мамлакатларга чиқиш паспортини олиш юзасидан аризалар келиб тушган, уларнинг 609 нафари умумий ўрта-таълим мактаби ўқувчилари, 48 нафари касб-ҳунар мактаблари ва академик лицей ўқувчилари, 261 нафари мактабгача таълим тарбияланувчилари, 416 нафари она қарамоғидаги болалар бўлган. Уларнинг ота-оналари билан вилоят ишчи гуруҳи якка тартибда профилактик суҳбатлар ўтказди, ота-оналар фарзандларини чет мамлакатларга чиқиб кетмаслигига кафолат бердилар.

Ҳозирда вилоятда 4 та миллий маданий марказлар тўлақонли фаолият олиб боряпти. Наманган шаҳрида ташкил этилган “Дўстлик уйи” учун ажратилган бино 1,2 млрд. сўм маблағ ҳисобига капитал таъмирланди. “Дўстлик уйи”даги 4 та марказлар 13 та компьютер жамланмаси, 4 та телевизор, 15 та шкаф, 20 та стол, 101 стул ҳамда миллий чолғу асбоблари ва либослар жамланмаси билан таъминланди.

Хулоса қилиб айтганда, вилоятда ҳар бир соҳада улкан ўзгаришлар юз бермоқда. Бунинг замирида меҳнаткаш, оқкўнгил ва аҳил наманганликларнинг янада яхши яшашига эришишдек мақсад мужассам. Бу эзгу жараёнда ҳалол меҳнати ва билимини, куч-салоҳиятини аямаётган юртдошларимизни қадрлашимизни мамнуният билан таъкидлашни истардим. Зеро, улар қалбидаги эртанги кунга бўлган ишонч ҳаётимизни файзга тўлдираверади.

 

Аҳмаджон АЪЛОХОДЖАЕВ,
халқ депутатлари Наманган вилояти кенгаши депутати.