Бу йил қишда Давлатободдаги 350 та кўп қаватли уйлар талаб драражасида иситилади

Бу йил қишда Давлатободдаги 350 та кўп қаватли уйлар талаб драражасида иситилади

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг барчаси халқимизни тинч ва фаровон, ўз турмушидан рози ҳолда яшашига эришишдек мақсадни назарда тутади. Тан олиб айтишимиз керак, кейинги қисқа вақт мобайнида шаҳарлар марказидан тортиб, чекка қишлоқларгача аҳоли турмуш шароити тубдан яхши томонга ўзгаряпти. Айниқса, бу масала Президентимизнинг вилоятларга ташрифи давомида ҳам эътибор қаратилаётган энг асосий масала бўлиб қолмоқда.

Наманган вилояти ҳам бу эзгу жараёндан четда эмас. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг шу йил 18-19 феврал кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Давлатобод тумани кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли хонадонларига 5 йил муддатга фоизсиз ссуда ажратиш йўли билан “жамғарма” фонди орқали маблағ ажратилиб, кўп қаватли уйларнинг ички тик қувурлари ва ертўла қисмидаги иссиқлик тизими қувурларини мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Давлатобод туманининг иссиқлик тизимини жорий йил давомида модернизация ва реконструкция қилиш учун республика бюджетидан 158,265 млрд. сўм ва маҳаллий бюджет ҳисобидан эса 28,600 млрд. сўм ажратилган. Ушбу  маблағлар эвазига 2 та марказлашган қозонхона янгидан қурилади. 56,6 км. ерости иссиқлик тармоқлари шахталари демонтаж ва монтаж қилинади.

Шунингдек, РК-1 қозонхонаси таъмирдан чиқарилгач, куз-қиш мавсумида туманнинг "Тўқувчи", "Навбаҳор", "Мустақиллик", ва "Порлоқ" МФЙлардаги 152 та кўп қаватли уй, 7582 та хонадон, 20064 аҳоли ҳамда 23 та ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик билан таъминланади. РК-2 қозонхонаси эса "Халқлар дўстлиги", "Умид", "Янги Тонг" ва "Давлатобод" МФЙлардаги 198 та кўп қаватли уй, 8752 та хонадон, 26136 аҳоли ҳамда 14 та ижтимоий соҳа объектларига иччиқлик таъминоти бўйича хизмат кўрсатади.

Бир сўз билан айтганда, бир неча ўн йиллар давомида куз-қиш даврида иситиш таъминоти масаласида ечим топмай келаётган муаммоларга барҳам берилади. Туманнинг 8 та МФЙдаги 350 та кўп қаватли уй, 16 334 та хонадон, 46200 нафар аҳоли ва 37 та ижтимоий соҳа объектлари галдаги қишни бу борада муаммоларсиз ўтказиши кутиляпти.

Санжарбек ҲАМИДОВ