Cайлов халқнинг эртанги кун истиқболи

Cайлов халқнинг эртанги кун истиқболи

Мамлакатимизда халқимиз тақдири ва келажаги билан боғлиқ кенг кўламли ҳаётбахш ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда умуминсоний ҳамда миллий қадриятлар асосида ташкил этилувчи сайловлар муҳим аҳамиятга эга.

Аслида ҳар қандай демократик жамиятда сайловлар жараёни халқнинг нафақат бугунги ҳаёти, балки эртанги кун истиқболига бўлган юксак ишончи, умидини кўрсатиб берувчи тиниқ кўзгудир.

Шу кунларда юртимизда президентлик сайловига тайёргарлик кўриш, сайловни жаҳоннинг энг илғор тажрибалари асосида ўтказиш, айни жараёнда сайловчилар, хусусан, баркамол авлоднинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар муҳим паллага кирмоқда. Боиси, ушбу сайлов халқимизнинг янгича тафаккури, дунёқараши, ўз тақдири ва келажагига бўлган муносабатини яққол намоён этувчи муҳим сиёсий жараён эканлиги барчамизга яхши маълум.

Таъкидлаш ўринлики, кейинги беш йил мобайнида давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги янгиланишлар ҳар бир соҳада тўлиқ намоён бўлмоқда. Эзгу ташаббуслар доирасида миллий сайлов тизимининг изчил ва босқичма-босқич либераллашуви, парламент ва президентлик сайловларининг қонун талаблари ва умумэътироф этилган халқаро меъёрларга тўла мос ҳолда ўтказилиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилгани ҳеч кимга эмас. Бундай ислоҳотлар самараси сифатида юртимизда сайлов қонунчилиги борасида мукаммал тизим шаклланишига эришилди.

Дунёда умумэътироф этилган талаб ва меъёрлар, миллий қадрият ва анъаналар, замонавий мезонлар асосида ишлаб чиқилган сайловга оид муносабатларни тартибга солувчи қонунларимиз эркин ва адолатли сайлов жараёнларини ташкил этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга ҳар бир сайловчи мазкур жараёнда эркин танловни амалга ошириши ва энг муносиб номзодга овоз бериши учун зарур шарт-шароитларни яратиб беради.

Мамлакатимизнинг янги тарихи солномасидан муносиб ўрин оладиган кейинги беш йил жаҳон ҳамжамияти томонидан миллий давлатчилигимизнинг мустаҳкамланиши, демократик анъаналарнинг ривожланиш босқичи сифатида эътироф этилаётгани барчамизни беҳад мамнун этади. Ҳақиқатан ҳам ушбу даврда фуқароларнинг сиёсий жараёнлар, давлат ва жамиятни бошқаришда иштирок этишининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Айни жараёнда сайлов қонунчилиги янгиланди, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар янгича талабларга мувофиқ тарзда ислоҳ этилди.

Дарҳақиқат, сайловлар ҳар қандай демократик жамиятда кенг қамровли ислоҳотларнинг амалий натижаси, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришга фаол жалб қилишнинг энг муҳим шаклларидан бири сифатида қаралади. Айни пайтда Ўзбекистонда сайлов тизими ва сайлов ҳуқуқи демократик мезонларга асосланган бўлиб, у ҳар биримизга ўз ҳуқуқ ва манфаатларимизни тўлиқ ҳимоя қилиш учун барча имкониятларни яратиб беради.

Айни кунларда вилоятимизда сайловга муносиб тайёргарлик кўриш, халқимизнинг бугунги бахтли ҳаёти ва келажагига дахлдор бўлган сиёсий жараёнга тараддуд ишлари белгиланган талаблар асосида ташкил этилмоқда. Чунки мамлакат учун муносиб раҳбар сайлашда қатнашиш, бу ҳар бир сайловчи учун нафақат ўз ҳуқуқидан эркин фойдаланиш, балки юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини акс эттирувчи фаол фуқаролик позициясини ҳам намоён этади. Шунинг учун ҳам вилоятимизнинг барча ҳудудларида сайловчиларнинг сиёсий билимларини ошириш, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқий маданияти, электорал фаоллигини кучайтириш бўйича юзма-юз мулоқотлар, амалий семинарлар, ўқувлар ташкил этилиши режалаштириляпти. Бу жараёнга олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тажрибали ҳуқуқшунослар, кенг жамоатчилик вакиллари фаол жалб этилиши кўзда тутилган.

Бугун ҳамюртларимизнинг сиёсий дунёқараши, жамиятда рўй бераётган турфа жараёнларга муносабати тобора фаоллашиб бормоқда. Ҳар биримиз ўз ҳаётимизни юрт тақдири билан мустаҳкам ришта каби боғлай олаётганимиз қувонарли, албатта. Бу сайловчи сифатида тўғри танлов қила олиш ва энг муносиб номзодга овоз беришда энг муҳим омил эканлигини асло унутмаслик зарур.

Замон шиддат билан одимлар экан, ҳаётнинг ўзи ҳар куни олдимизга ўнлаб вазифаларни кўндаланг қўймоқда. Халқимизнинг энг эзгу орзу-мақсадларини рўёбга чиқиши эса барчамизнинг тўғри танловимиз – муносиб номзодга овоз беришимизга бевосита боғлиқ.

Мамлакатимизда шу йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Президент сайловидаги муносиб танловимиз орқали барчамиз ана шундай орзуларимизни амалга ошишига ишонамиз.

Саодатхон  Усманова, Наманган Давлат университети доценти.