«Чортоқ» маъданли суви Хитойга экспорт қилина бошлади

«Чортоқ» маъданли суви Хитойга экспорт қилина бошлади

Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонасидан маълум қилишича, Намангандаги «Chortoq Mineral Water» қўшма корхонаси Хитойга маъданли сув экспорт қилишни бошлаган.

«Чортоқ» маъданли сувини етказиб бериш бўйича Хитой компанияси билан қарийб 100 минг доллар миқдорида шартнома тузилган.

Маъданли сувнинг биринчи жўнатмаси Тошкентдан Пекинга авиақатновлар орқали амалга оширилган.

Мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонаси томонидан Ўзбекистоннинг тегишли идоралари билан биргаликда Хитойнинг йирик шаҳарларида ўтказилган реклама-кўргазма тадбирлари доирасида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида ўзбек қадоқланган маъданли сувининг Хитой бозорига чиқишига рухсат олинди.

Хитойликлар «Чортоқ» шифобахш суви даволаш хусусиятига эга экани, у овқат ҳазм қилиш тизими, жигар, ўт йўллари, ошқозон ости бези ва қандли диабет касалликларини даволашда қўлланилишидан яхши хабардор.

2022 йилда Хитойга минерал сув экспорти ҳажмини ошириш ва бир маромда етказиб бериш режалаштирилган, деб хабар беради «Дунё» АА.

Хитойда озиқ-овқат ва ичимликлар истеъмол ҳажми бугунги кунда 1 триллион доллардан зиёдни ташкил этади. Мамлакат озиқ-овқат чакана бозори ҳажми бўйича дунёда биринчи ўринда туради. «Euromonitor» тахминларига кўра, Хитойда истеъмол келгуси йилларда ўсишда давом этади ва 2024 йилга бориб, ушбу миқдор 1,8 триллион доллардан ошади.