Депутат ташаббуси билан аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди

Депутат ташаббуси билан аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди

Баҳриобод  - Учқўрғон туманидаги энг олис қишлоқлардан бири. Шундай бўлсада ҳудудда бирорта тиббиёт муассасаси мавжуд эмас. З минг нафардан зиёд аҳоли вакиллари зарурият туғилса  Шаҳрихончекдаги оила шифокорлик пунктига ёки туман марказий поликлиникасига қатнашга мажбур эди.

Бугун кутилмаганда маҳалладаги 21-умумтаълим мактаби биноси кўчма поликлиника тусини олди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалининг директори, вилоят кенгаши депутати Аброржон Алижонов раҳбарлигидаги бир гуруҳ шифокорлар маҳаллий ҳамкасблари иштирокида тиббий асбуб-ускуна ва лаборатория текшируви аппаратлари билан Баҳриободга келиб кун давомида аҳоли ўртасида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкиллашди.

Тиббий тадбир кексаю ёшда катта қизиқиш уйғотди. Шифокорлар ташрифи саломатлик байрамига айланиб кетганлиги бежис эмас. Одамлар ўзлари ва яқинлари саломатлигини текширувдан ўтказишга ошиқишди.

Ахир улар учун бундай имконият ҳеч қачон бўлмаган эди. Яъни, жарроҳ, акушер-гинеклог, педиатр, қон-томир жарроҳи, кардиолог,  терапевт, невролог, нейрожарроҳ, травматолог ва бошқа тор соҳаларнинг энг тажрибали мутахассислари тўлиқ жамланган ҳолда илк бора бу ерга етиб келишди.

Чуқурлаштирилган тиббий кўрикка келганлар дастлаб туман тиббиёт бирлашмаси ва оила шифокорлик пункти ходимлари томонидан кутиб олинди. Карантин тартибларига мувофиқ ҳар бир кишининг ҳарорати ўлчанди, қўллар антисептик ишловдан ўтказилди ва рўйхатга олинди. Шундан кейин навбатма-навбат шифокорлар қабулига киритилди.

Таълим масканидаги синф хоналарига жойлаштирилган УЗИ, ЭКГ ва лаборатория текширувларидан ўтган аҳоли вакиллари бирма бир тор соҳа мутахассислари ҳузурига йўлланди. РШТЁИМ нейрожарроҳлик бўлими мудири Комилжон Абдусатторовнинг қабулини кузатамиз. Унинг олдида оғир дардга чалинган бемор ўтирибди. Доктор суҳбатдан сўнг Нигора Солиеванинг саломатлигини акс эттирувчи рентгент плёнкасини обдон ўрганиб , хастаҳол инсоннини безовта қилаётган диск чурраси ҳақидаги таҳминлари тўғри чиққанлигига амин бўлди. Унга умуртқа остеохондрози,асоратланган диск чурраси ташхиси қўйилди. Муаммого шу ернинг ўзида ечим топилди.  Нигора икки кундан кейин РШТЁИМ Наманган филиалида имтиёзли равишда соғломлаштирилишини эшитиб қувониб кетди.

-  Депутатимизга, унга ҳамроҳ бўлиб келган шифокорларга минг раҳмат. Дардимга даво топилди. Эл саломатлиги учун қайғураётган, одамларнинг дардига дармон бўлаётган давлатимиз раҳбарига ҳар қанча миннатдорчилик билдирсак, шунча оз,-дейди Н.Солиева.

Бундай дил изҳорларини травматолог Неъматжон Юсупов хизматидан мамнун бўлган Ҳалимахон ая Қабулова, кардиолог Маликжон Ортиқов тавсияларини олган Асқаржон ота Мадаминов ва набираларини тиббий кўрикка олиб келган Абдумутал ака Эрматов ва бошқалар ҳам баён этишди.

Кун давомида тиббиёт ходимлари фаол иш олиб боришди. Жарроҳ Аҳадхон Исмонов, қон-томир жарроҳлиги ва микрохирургияси бўлими мудири Абдулҳоди Йўлдошев, акушер-гинеколог Раъно Бузурхонова, педиатр Бобуржон Хўжаев, теравпевт Шоҳида Абдусаматова, невропатолог Бахтиёр Ёқуббоев, врач-лаборант Акрамжон Аҳмадалиев, жарроҳ Улуғбек Бозорбоевларнинг астойдил саъй-ҳаракатлари билан икки юз нафардан зиёд кексалар, аёллар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилди. Аниқланган касалликларни даволаш ва касалликка мойиллиги бор инсонларни соғломлаштириш чоралари кўрилди.

-  Шифокорларимизнинг ташрифидан аҳоли беҳад мамнун бўлди,-дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўринбосари Асияхон Отахонова. – Ҳудудда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб бораётган ишларимиз доираси янада кенгайди. Туман Кенгаши депутати, Қўғайўлмас оила шифокорлик пункти мудири Фотимахон Ғафурова билан кўкрак бези саротонининг олдини олиш ва хавф гуруҳига кирувчи одамларни скрининг текширувларидан ўтказиш босқичма-босқич давом этмоқда.

РШТЁИМ Наманган филиали директори Аброржон Алижоновнинг таъкидлашича, бу режалаштирилган эзгу ишларнинг дебочасидир. Яқин кунларда туманнинг бошқа чекка ҳудудларида яшовчилар ҳам малакали тиббий хизматдан баҳраманд бўладилар.

Эл соғлиғи-юрт бойлиги, деб бежиз айтилмаган. Қимматли ташаббуслар, астойдил саъй-ҳаракатлар юртдошларимиз узоғини яқин қилибгина қолмасдан, уларнинг дардини барвақт аниқлаш ва касалликларни самарали даволашга қаратилгандир.

                      Абдулла ҒОЗИЕВ.