Диний экстремизм ва терроризм – жамият барқарорлигига таҳдид

Диний экстремизм ва терроризм – жамият барқарорлигига таҳдид

Халқимизнинг азалдан маънавияти етук, эътиқоди холис, иймони мустаҳкам. Меҳр-оқибатни, садоқатни, эзгуликни қалбан ва юксак қадрлайди. Бироқ афсуски, эзгуликка қарши ёвузлик ҳам бош кўтариб туради. Бу ҳаётнинг аччиқ ҳақиқати.

Сўнгги йилларда жаҳон ҳамжамияти янги муаммоларга дуч кела бошлади. Унинг энг хатарли кўриниши - диний экстремизм. У тинч-осуда яшаётган халқларнинг ҳаётига қутқу солишга ҳаракат қилмоқда. Аммо ёмонликнинг умри қисқа бўлади. Халқимизнинг огоҳлиги, фарзандларини ҳушёрлик билан асраши, теран фикрга эга экани бугун биз қураётган фуқаролик жамиятининг соғлом бўлишига кафолат бермоқда, десак янглишмаймиз.

Биз яхши биламиз, диний экстремизм жамият учун анъанага айланган диний қадриятлар ва ақидавий аҳкомларни рад этиш, уларга зид бўлган ғояларни алдов ва зўрлик билан тарғиб қилиш демакдир. Жумладан, Марказий Осиёда диний экстремистлар минтақа халқлари учун анъана бўлган ҳанафий мазҳаби ва мотуридия ақидасини рад этиб, мусулмонларга сиёсийлаштирилган ўз ғояларини сингдиришга уринишмоқда. Натижада терроризм илдиз отиб бораётир. Зўравонлик, суиқасд, қотиллик, гаровга олиш, аҳоли орасида беқарорликни келтириб чиқариш орқали муайян гуруҳлар ҳокимият сари интилишмоқда.

Бир сўз билан айтганда, диний экстремизм ва терроризм инсониятни жиддий таҳдидга солмоқда. Жиноий гуруҳлар томонидан олиб борилаётган жирканч ишлар, парокандалик ҳаммани огоҳ яшашга чорлайди. Ҳар бир ақли расо, онгли киши бундай қабиҳ ниятли кимсалар алдовига учмайди, уларга қарши мардона ва ҳушёр туради.

Бу иллатларга қарши курашиш учун бу жирканч сўзларнинг асл маъноси, моҳиятини англаш лозим бўлади. «Экстремизм» динга ўта ишониш демакдир. «Фундаментализм» лотинча сўз бўлиб, «асос» ёки «пойдевор» маъноларини англатади.  «Диний ақидапарастлик» тушунчаси эса арабча «ақоид» деган сўздан олинган бўлиб, барча динлар учун хосдир. Ақидапарастларнинг мақсади бир диний ёки диний оқимни бошқасининг устидан устунлигини кишилар онгига сингдириш, диний тушунчалар ва урф-одатларни энг бошланғич даври қоидаларини тарғиб қилиш, энг асосийси, давлат бошқаруви тизимига диний қоидаларга амал қилишни киритишдан иборатдир.

Диний экстремизм бузғунчилик, зўравонлик маъносини билдириб, бунда бир динни бошқа бир дин устидан афзаллигини исботламоқчи бўлинади. Керак бўлса, қурол, жиҳод, террорчилик йўли билан ўз мақсадига эришишга даъват этади. Диний экстремистлар ҳам динни бошланғич тарқалиш даврини ўзларига асос қилиб олганлар, яъни бир дин пайдо бўлганда уни бошқа мамлакатларга, халқларга зўрлик, қурол кучи, қон тўкиш йўлини сингдиришган.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг орамизда истиқлолимизни кўролмайдиган айрим кимсалар - диний экстремистик оқим тарафдорлари пайдо бўлдики, улар пана-пастқам жойларда халқимизнинг очиқ кўнгил, соддалигидан фойдаланиб, даъват ишларини олиб боришди. Охир-оқибат кўплаб кўнгилсиз воқеалар содир бўлди. Бироқ бугун 30 ёшли навқирон Ўзбекистон ўз танлаган йўли, ёруғ манзилига эга. Шундай бўлса-да, биз ҳар қадамда ҳушёрлик ва огоҳликни унутмаслигимиз, ёмон ниятли кимсаларнинг алдовларига учмаслигимиз керак. Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида огоҳлик борасида мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришимиз керак.

Ҳайитали ТЎЙЧИЕВ, 
Улуғнор туманидаги “Мингбулоқ” жомеъ масжиди имом-хатиби.