Дунё бўйича ҳар йили 1 триллион ақш доллари миқдорида пора бериш ва олиш жиноятлари содир этилади

Дунё бўйича ҳар йили 1 триллион ақш доллари миқдорида пора бериш ва олиш жиноятлари содир этилади

Коррупция. У - мамлакатни таназзулга юз тутишга мажбур этадиган жиноят. Коррупция илдиз отган жамиятда Ватан ва халқ манфаатларига, демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етади, инсон ҳуқуқлари бузилиши рўй беради.

Коррупция қайси соҳада содир этилмасин, у ўша соҳанинг тараққиётига тўсиқ бўлиб, ич-ичидан емиради. Билимсизлик, ўзибўларчилик, лоқайдлик каби иллатлар унинг воситасида пайдо бўлади. Айнан шу сабабдан Президентимиз: “Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак”, деган эдилар.

 Маълумот ўрнида айтиб ўтиш ўринлики, БМТ маълумотларига кўра, дунё бўйича ҳар йили 1 триллион АҚШ доллари миқдорида пора бериш ва олиш жиноятлари содир этилади. Дунё мамлакатлари иқтисодиёти ҳар йили коррупция туфайли 2,6 триллион АҚШ долларидан ортиқ зарар кўради. Бу эса жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизини ташкил этади.

Мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупция омилларини келтириб чиқараётган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган қатор қонун ҳамда Президент ва ҳукумат қарорлари қабул қилинди.

Наманган давлат университети «Пресс клуби» томонидан ташкил этилган, «Коррупция – тараққиёт йўлидаги энг хатарли таҳдид» мавзусидаги давра суҳбатида коррупция ва унинг оқибатлари, унга қарши кураш омиллари, бу борада фуқаролар олдида турган бурч ва масъулият, коррупция жинояти учун қонунчиликда белгиланган чоралар  ҳақда сўз борди.

Давра суҳбатида  жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг судьяси Давлатмирза Комилов, вилоят прокуратураси бўлим катта прокурори Қаҳрамон Тўлашев, жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг раиси Бахтиёр Таваккаловлар бугунги кунда жамиятдаги коррупция жинояти билан боғлиқ ҳолатларнинг салбий оқибатлари ҳақида фикр билдирдилар. 

Дарҳақиқат, коррупцияга қарши курашиш барчадан ҳамжиҳатлик ва ҳушёрликни, адолат тарафида бўлишни, энг муҳими, ҳалолликни талаб этади. Бундан бир йил муқаддам давлатимиз раҳбари жамиятнинг ҳар бир аъзоси, масъул шахсларни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланиши зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтган эдилар. Ўтган вақт ичида юртдошларимизда маълум маънода коррупциянинг аянчли оқибатлари хусусида тасаввур ва тушунча пайдо бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Улар коррупцияга қарши курашиш нафақат фуқаролик, балки инсонийлик бурчи эканини англаб етмоқдалар.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, айни кунларда – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги арафасида юртимизда инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва муҳофазасига оид кўплаб тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Бошқача айтганда, “Конституция – бу ҳуқуқ демакдир!” деган сўзлар ҳаётимизда ўз тасдиғини топмоқда. Мамлакатимиз бўйлаб шу кунларда давом этаётган  “Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз!” 16 кунлиги фикримизга далил бўла олади. Бу ҳали ҳамон жамиятда юз бераётган зўравонлик ҳолатларига барҳам беришда муҳим роль ўйнаши, шубҳасиз.

Наманган давлат университети маънавий-маърифий ва ёшлар масалалари бўйича проректори Наримон Деҳқанов сўзга чиқиб, спикерлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар хусусида, шунингдек, бу борада олийгоҳда амалга оширилаётган ишлар давомийлиги тўғрисида тўхталиб ўтди.

Давра суҳбатида талаба-ёшлар мутахассислардан мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши кураш олиб бориш фақат давлат органларининг вазифаси эмас. Балки коррупцияга муросасиз бўлиш ўзини шу юрт фарзандиман, деб билган ҳар бир инсоннинг бурчи ва фуқаролик вазифасидир. Ана шундагина биз кўзланган мақсадга эришишимиз, фаровон ва обод ҳаёт қуришимиз мумкин бўлади.

Санжарбек ҲАМИДОВ.