Энг ёш туман - Давлатободнинг эрта учун қандай режалари бор?

Энг ёш туман - Давлатободнинг эрта учун қандай режалари бор?

Айни кунларда кенг жамоатчилик диққат билан кузатмоқдаки, шаҳар ва туманлар ҳокимлари 2021 йилда амалга оширилган ишлар ва 2022 йил учун тузилган режалар хусусида мурожаат қилмоқдалар. Жумладан, куни кеча Халқ депутатлари Давлатобод тумани Кенгашининг ўн олтинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Анваржон Тожимирзаевнинг мурожаати тингланди.

Хўш, ушбу мурожаатдан жорий йилга доир қандай натижалар тилга олинди ва келгуси йил учун қандай мақсадлар режа қилиняпти? Мухбиримиз туман ҳокими билан шу мавзуда суҳбатлашди.

- Анваржон Абдувоҳидович, Давлатобод тумани эндигина бир ёшга тўлди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида ташкил топган эди. Ўтган қисқа вақт ичида қандай ишлар амалга оширилди? Эришилган натижалардан қониқсак бўладими?

- Албатта. Тўғри туманимиз ёш, бироқ аҳолимиз ва тадбиркорларимизнинг фидокорона меҳнати, уларнинг давлат органлари билан биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли жорий йилда барча соҳаларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилиши кутиляпти.

Президентимизнинг ўтган йилги Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича ишни маҳаллаларда ташкил этиши, муаммоларни ўрганиб, уларга ечим топиши зарурлигини таъкидлаган эди. Шунинг учун биринчи навбатда сектор раҳбарлари томонидан тумандаги 26 та маҳалланинг аҳолиси билан жойларда учрашувлар ўтказилиб, уларни бугунги кундаги долзарб муаммолари тингланди. Бунда аҳолини бир неча йиллардан буён қийнаб келаётган мухандислик коммуникация, йўл, электр, ичимлик суви каби муаммолар қийнаб келаётгани маълум бўлди ва бу муаммоларнинг аксарияти қисқа муддатларда ҳал қилинди.

Гапнинг очиғи, бу ҳудудда қарийб 40 йиллардан буён эътибор қаратилмаган ички йўллар бор эди, шу йилнинг ўзида тумандаги 19 та маҳалладаги 40 км.дан ортиқ ички йўллар тўлиқ асфальтланди ва 2 та маҳаллада 3 км. ички йўллар шағалланди.

Яна бир катта муаммо ичимлик суви билан боғлиқ эди. Бу борада 9 та маҳаллада 11 км. ичимлик суви тармоғи тортилди. 2 та маҳаллада 7 км. газ тармоғи реконструкция қилинди ва барча маҳаллалардаги 476 та ГРПлар таъмирдан чиқарилди.

Шунингдек, аҳолининг электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш мақсадида маҳаллалардаги кўчаларга 67 км. янги тармоқлар тортилиб, 16 та янги трансформаторлар ўрнатилди. Натижада 125 мингдан ортиқ аҳолининг яшаш шароити маълум маънода яхшиланди.

- Президентимизнинг жорий йил 2 апрелдаги 5048-сонли қарори доирасида туманда “Обод маҳалла” дастурига асосан бир қатор ишлар амалга оширилганидан хабаримиз бор. Шу ҳақда батафсил сўзлаб бера оласизми?

- Ушбу дастур доирасида 26 та маҳаллада белгилаб берилган қурилиш ишлари 95 фоизга бажарилди. Яъни 140 млрд. сўмдан зиёд маблағлар ўзлаштирилди.

Таъкидлаш ўринлики, шу пайтгача аҳолининг қийнаб келаётган муаммолар - ички кўчалар, маҳаллалардаги муҳандислик инфратузилма объектлари, ижтимоий соҳа муассасаларига давлат бюджетидан бунчалик кўп маблағ ажратилмаган. Дастурга тушган “Порлоқ” ҳамда “Елхон” маҳаллаларининг ўзига ушбу дастур доирасида 60,0 млрд. сўм маблағ йўналтирилиб, ички йўллар, ичимлик сувлари тармоғи, электр, газ тармоқлари, ички ирригация тармоқлари ва ижтимоий соҳа муассасалари реконструкция қилинди, 80дан ортиқ кўп қаватли уйларнинг ташқи фасад қисмлари тўлиқ таъмирланди.

Шунингдек, Дастур доирасида маҳаллалардаги 10 та мактабгача таълим ташкилоти, 8 та мактаб, 4 та тиббиёт муассасаларида реконструкция ва қурилиш ишлари амалга оширилиб, бюджетдан 40,0 млрд. сўм маблағ сарфланди.

Ўз биносига эга бўлмаган 2 та маҳалла фуқаролар йиғинига 1,5 млрд. сўм маблағ эвазига давлат хусусий шерикчилик асосида замонавий бино қуриб берилди. Ушбу биноларда маҳалладан ташқари, аҳолига хизмат турларини кенгайтириш, касб-ҳунарга ўқитиш  мақсадида ўқув марказлари ҳам ташкил этилди.

Кейинги йилда мавжуд маҳаллаларни давлат хусусий шерикчилик асосида тадбиркорлик субъектларига берган ҳолда қайтадан реконструкция қилиб, 2-3 қаватлик бино қуриб, уларда хизмат турлари ва иш ўринларини яратишни мақсад қилганмиз.

- Туманда Инвестиция дастури доирасида қандай ишлар амалга оширилди?

- Жорий йилда Инвестиция дастурига мувофиқ, 6 та объектда қиймати 57 млрд. сўмлик қурилиш монтаж-ишлари бажарилди. “Юксалиш” маҳалласининг ўзида 990 ўқув ўринли янги мактаб ҳамда 150 ўринли болалар шифохонаси барпо этиляпти. Ушбу объектлар 2022 йилда фойдаланишга топширилади.

Шунингдек, туман прокуратурасининг биноси йўқ эди, фаолият кўрсатмай қаровсиз турган бино қайта реконструкция қилиниб, прокурутара ихтиёрига топширилди. Тумандаги 1-шаҳар шифохонаси марказий шифохонага айлантирилди ва қўшимча 265 ўринли бино қурилди. Ўрта Ғирвон, Қуйи Ғирвон, Юқори Ғирвон ҳамда “Боғ” маҳалласига хизмат қилувчи оилавий поликлиника мавжуд эмас эди, 40 мингга яқин аҳоли Наманган шаҳридаги 3-оилавий поликлиникага, 3-4 км. масофа босиб қатнарди. Бу масала Қуйи Ғирвонда замонавий талабларга мос келадиган 200 ўринли оилавий поликлиника қуриб фойдаланишга топширилиши билан ижобий ечимини топди.

- Аҳолини арзон ва замонавий уй-жойлар билан таъминлаш шу куннинг энг долзарб вазифасига айланган. Бу аҳоли зичлиги жиҳатидан юқори ўринларда турувчи туман учун ҳам ниҳоятда аҳамиятли. Мазкур йўналишда Давлатободда қандай чоралар кўриляпти?

- Бу мақсадда “Юксалиш”, “Янги Тонг”, “Элобод” маҳаллаларида 13 та 640 та хонадонга эга замонавий кўп қаватли турар-жой бинолари қуриб фойдаланишга топширилди. Туманда “Янги Наманган шаҳарчаси”нинг барпо этилиши, туманимиз салоҳиятини ва брэндини бутун Ўзбекистонга, балки хорижлик сайёҳлар учун ҳам замонавий масканга айлантирмокда. Мазкур лойиҳа учун туманимизнинг “Юксалиш” ҳамда Тўрақўрғон туманининг “Еттикон” маҳаллалари ҳудудидан 1371 гектар ер ажратилган. Белгиланган лойиҳага асосан келгуси йилда 410 та кўп қаватли уй,
7 та мактаб, 4 та болалар боғчаси, шунингдек, кўплаб инфратузилма иншоотлари барпо этилиши режалаштирилган. “Юксалиш” маҳалласидаги бунёдкорликлар бу ишларнинг биринчи босқичи ҳисобланади. 2018−2021 йилларда амалга оширилган бу босқич доирасида 71 та кўп қаватли уй қурилди. “Юксалиш”, “Ёшлар” ва “Кушон” кичик саноат зоналари ҳам ташкил этилди. Жорий йил охиригача яна 11 та кўп қаватли уйлар фойдананишга топширилади. Лойиҳанинг иккинчи босқичи 2022-2024 йилларга мўлжалланган. Бу бўйича “БУХАРА СИТИ” лойиҳасини ишлаб чиққан Туркиянинг “ВЕРТЕБРА СТУДИЯ” компанияси томонидан бош режа ишлаб чиқилган. Ҳозирги кунда қурилиш лойиҳавий таклифлар кўриб чиқилмоқда. Иккинчи босқичда 30 минг хонадондан иборат 16 ва 
24 қаватли уйлар, мактаб ва боғчалар, шифохона, спорт мажмуалари, масжид, кутубхона, IT-парк, меҳмонхона, бизнес маркази, савдо ва сервис объектлари қад ростлайди. Лойиҳанинг 2024−2026 йилларга мўлжалланган учинчи босқичи ҳам бор. Мазкур “ақлли” шаҳарча тўлиқ қуриб битказилганда аҳолига шу ернинг ўзида яшаши, ишлаши ва дам олиши учун барча қулайликлар яратилади. Натижада 2026 йилга бориб Наманган шаҳри бир миллион аҳоли истиқомат қиладиган йирик мегаполис шаҳарга айланади.

- Сўнгги йилларда аҳоли, шу жумладан, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, ишсиз ва касб-ҳунарга эга бўлмаган, ҳуқуқий ва маънавий-психологик қўллаб-қувватлашга зарурати бўлган фуқароларга давлат томонидан манзилли кўмаклашиш бўйича мутлақо янгича тизим жорий қилинди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оилалар ва фуқаролар муаммолари бўйича қандай натижаларга эришилди? Бу йўналишдаги келгуси режалар қандай?

- Туманимиз ташкил этилганида, “Темир дафтар”да 525 та оила ва уларнинг 1906 нафар аъзолари мавжуд эди. Уларга кўрсатилган ҳар томонлама ёрдамлар асосида 455 та оиланинг 1605 нафар аъзолари “Темир дафтар”дан чиқарилиб, бугунги кунда 70 та оиланинг 301 нафар аъзолари билан иш олиб бориляпти.

Йил давомида 63 та оилага 136 млн. сўмлик 945 та парранда, катак ва бир ойлик озуқаси билан берилди. 86 та оилага 327 млн. сўмлик 86 та тикув машинаси, 525 та оилага 605 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. 525 та оилага 996 млн. сўмлик нақд пул моддий ёрдам тариқасида берилди.

“Ёшлар дафтари”даги 2236 нафар ёшларнинг 1961 нафари кўрсатилган ёрдамлар натижасида дафтардан чиқарилди. Уларнинг 107 нафарига 407 млн. сўмлик тикув машиналари, 4 нафарига кичик электр печлари, 12 нафарига автомобилларга техник хизмат кўрсатиш асбоб-ускуналари, 32 нафарига замонавий пайвандлаш ҳамда “болгарка” аппаратлари берилди. Улар ҳозир ўзлари эгаллаган ҳунар орқали даромад топишяпти. Шунингдек, ҳайдовчилик курсларида ўқиш истагида бўлган 116 нафар ёшларга тўлов шартномаларининг 70 фоизи тўлаб берилди. 27 нафар йигитнинг ойлик ҳарбий хизмат тўловларига 142 млн. сўм маблағ ўтказилди. 4 нафар ёшга умумий қиймати 22 млн. сўм бўлган компьютер жамланмалари тақдим қилинди ва уларнинг ҳам меҳнат фаолиятини бошлашларига имкон яратилди. Бундан ташқари, 28 нафар ёшга 24 млн. сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ажратилган бўлса, олий таълимда таҳсил олаётган 42 нафар ёшга 182 млн. сўм миқдоридаги тўлов-контракт пулларининг ярми “Ёшлар жамғармаси” ҳисобидан қоплаб берилди. Бугунги кунда “Ёшлар дафтари”да қолаётган 275 нафар ёшнинг мурожаатларини ижобий ҳал этиш чоралари кўриляпти. “Аёллар дафтари”га 2250 нафар аёллар киритилган эди, уларга кўрсатилган ёрдамлар натижасида 2153 нафари дафтардан чиқарилди. 97 нафар аёлларга ҳар томонлама кўмак бериш чоралари кўриляпти.

- Туманда йил якуни бўйича ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар таҳлилига ҳам тўхталиб ўтсангиз.

- Бу борада барча соҳалар ва тармоқларда кўрсаткичларни ортиғи билан бажарилиши таъминмоқда. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 116,2 фоизга (2,4 трлн.сўм), халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ҳажмини 122,5 фоизга (1,6 трлн.сўм), қурилиш ишлари (пудрат) ҳажмини 118 фоизга (523млрд.сўм),  хизмат кўрсатиш ҳажмини121 фоизга(1,1 трлн.сўм) бажарилиши кутилмоқда. Тумандаги экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш ҳисобига 11ой давомида тумандаги 90 та (йил бошида 60 та бўлган) корхоналар томонидан 77 млн. долларлик маҳсулотлар экспортга йўналтирилди. Йил якунига қадар 11 та экспортёр корхоналарнинг 18 млн. долларлик омбордаги тайёр маҳсулотларини экспортга йўналтирган ҳолда, жами 90 млн. долларлик экспорт учун белгиланган режасини ортиғи билан бажарилишини таъминлаймиз. Аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига асосан, 604 та лойиҳалар ҳисобига 1821 та янги иш ўринлари ташкил этиш режалаштирилган бўлса, бугунги кунга қадар 837 та лойиҳа эвазига 2087 та янги иш ўринларини яратган ҳолда, белгиланган режанинг ижроси 115 фоизга таъминланди.

-  2022 йил учун қандай режалар бор?
-
Туманимизда 26 та маҳалла бор, улардаги аҳоли сони 15350 нафардан зиёд. Ишсиз фуқаролар 5503 нафарни ташкил этяпти. Бу муаммони ҳал этиш учун маҳаллаларнинг “ўсиш нуқтаси” - драйверини белгилаб олганмиз. 6 та маҳаллада хизмат кўрсатиш, 6 та маҳаллада тикувчилик, 7 та маҳаллада иссиқхона, 2 та маҳаллада асаларичилик, 2 та маҳаллада қорамолчилик, биттадан маҳаллада сабзавотчилик, балиқчилик ва ҳунармандчиликни ривожлантирмоқчимиз.

Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича тўртта йўналишни белгилаб олганмиз. Унинг асосида 2022 йилда 12585 та янги иш ўринларини яратамиз. Жумладан, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича
3600 та янги иш ўринлари яратилади. Инвестиция дастурлари бўйича эса 5968 та янги иш ўринларини яратишни мақсад қилганмиз ва бандлик хизматлари орқали 1884 нафар ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаймиз. Хизматлар соҳаси орқали 1133 та янги иш ўринлари яратилиши назарда тутилган. Натижада туманда ишсизлик даражаси 8,7 фоиздан 7,6 фоизга камаяди.

Аҳоли турмуш даражасини яхшилаш мақсадида ҳам олдимизда бир қатор режаларни қўйдик. Жумладан, мактабгача таълим йўналиши бўйича қамров даражамиз 51 фоизни ташкил қиляпти, келгуси йилда қўшимча 55 та боғча ташкил этиш орқали боғчалар сонини 133 тага етказиб, қамров даражасини 70 фоизга олиб чиқамиз. Соғлиқни сақлаш тизимида келгуси йилда 5 та соғлиқни сақлаш муассасалари ташкил этилади. Халқ таълими тизими бўйича қўшимча 2 та умумтаълим муассасаларини ташкил этиб, ўринлар сонини 31075 тага олиб чиқамиз ва 80 та янги иш ўринлари яратамиз.

“Обод маҳалла” дастури доирасида “Ижодкор” ва “Халқлар дўстлиги” маҳалласида 5 км. ичимлик суви тармоғи, 7,2 км. автомобил йўли, 3 та ижтимоий соҳа муассасалари, 10 км. электр энергияси тармоғи, 1,5 км. табиий газ, 1,5 км. ички ирригация тармоқлари тортилади ва бу мақсадларга 43,0 млрд. сўм маблағлар йўналтирилади.

Шунингдек, келгуси йилда “Янги Наманган шаҳарчаси” ҳамда “Янги Ўзбекистон боғи”ни барпо этиш ишлари энг қизғин паллага киради. Давлатобод тумани Президентимиз ташаббусига кўра “Спорт шаҳарчаси”га айланади. Бу борада “Навбаҳор” футбол клуби атрофидаги 44 гектар ер майдонида қўшимча 7 та стандарт футбол майдони, 2 та баскетбол майдончаси, 120 ўринли ётоқхона ҳамда ошхона, “ворк аут”, ёпиқ бассейн ҳамда транажёр заллари қурилади.

Туман учун “драйвер” соҳа сифатида учта йўналиш белгилаб олинган. Булар - кичик саноат зоналарини кўпайтириш, тўқимачилик ва тикувчилик саноатини ривожлантириш ва хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш йўналишларидир. Бу йўналишлар бўйича 2022 йилда
1,5 трлн. сўмлик лойиҳалар амалга оширилиб, қарийиб 4 минг нафар янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

Солиқ тушуми бу йил 85млрд. сўм кутилаётган бўлса, кейинги йилга бориб, 125 млрд.сўмга етказилади. Янги иш ўринлари бу йил 2600 та бўлса, бу кўрсаткични 2022 йилда 3800 тага етказамиз. Ишлаб чиқариш ҳажми ҳам бу йилгига нисбатан икки баробар ортади, яъни 1,2 трлн. сўмга етказилади. Экспорт ҳажмини 16млн. долларга оширишни режа қилганмиз.

- Мазмунли суҳбат учун ташаккур. Халқ манфаатлари йўлида эзгу фаолиятингизга куч-қувват тилаймиз!

Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.