Етти маҳалланинг боласи

Етти маҳалланинг боласи

Тарбия ҳар қандай давлат ва жамият учун ҳамиша долзарб масала ҳисобланади. Бизнинг мустақил мамлакатимизда ҳам ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилиб келинади. Тарбиянинг ўчоғи оила саналади, ота-она маънавиятли бўлсагина, фарзандлар ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб камол топишади.

Икки оилани биламан. Биринчи оиланинг бошлиғи оддий ишчи, турмуш ўртоғи - уй бекаси. Бу оилада тўрт нафар фарзанд улғаймоқда. Мен оила бекасини ҳечам бекор юрганини кўрмаганман. У ҳали тўнғич ўғлини қўшимча фан тўгарагига олиб кетаётган, ҳали ўртанча қизининг рақс машғулотларини кузатиш учун бораётганига гувоҳ бўламан. Менинг ҳавасимни келтирган яна бир ҳолат – онанинг тўртала фарзандини етаклаб, тез-тез шифокор кўригига олиб боришидир. Уйига қачон кирмай, шинамликни кўраман. Ошхонадаги банкаларда турли мевалар шарбатлари ва қайнаган сув қишин-ёзин тайёр. Шунинг учунми, бу аёлнинг болалари доим соғ, юзлари қип-қизил, ҳаракатчан.

Иккинчи хонадоннинг соҳиблари олий маълумотли, нуфузли идорада ишлашади. Икки нафар фарзанд камол топаётган оилада иқтисодий қийинчилик ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Бироқ мен онанинг деярли ҳар куни, айниқса, ёз кунларида ишдан қайтаётганида, кўчадаги аёлларга қўшилиб соатлаб гаплашиб турганини кўраман.

Бир кунги шундай суҳбатларнинг бирида у ёзғириб қолди:

- Каттамнинг шундай қилиқлари чиқяптики, асабим бузилганидан роса калтакладим тунов куни. Тонгга яқин уйга кириб келибди. Мен ҳам сезмабман, қизим айтиб қолди.

- Ўғлингиз қаерда экан, сўраб-суриштирдингизми? – сўради аёллардан бири.

- Э, қаёқда! Бунга вақтим борми?..

Бу оиладаги ҳолатни изоҳлашнинг ҳожати бўлмаса керак.

- Узоқ йиллар болалар боғчасида тарбиячилик қилдим, - дейди бир аёл. - Ўтган йиллар давомида неча болага тарбия берган бўлсам, уларнинг феъл-атвори, қизиқиши шунчалар турфа, ҳар бири бир олам эди.

Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Ўшанда гуруҳдаги бир бола ўйинчоқ машинани пачоқ қилибди. Буни кўрган тарбиячи болани жазолабди. Мен ҳамкасбимни койидим ва бола билан дилдан гаплашдим. Тўрт яшар бола: «Мен уни бузмоқчимасдим, фақат қандай ясалганини билмоқчийдим, холос», деганида тарбиячининг қандай катта хатога йўл қўйганини англаганман. Эртаси куни болага уйимдан болаларим ўйнамай қўйган бир нечта машиналарни олиб келиб бердим. Бола ҳаммасини бузиб кўрди…

Ишонасизми, мана шу бола ҳозир конструктор, пойтахтдаги авиация заводида ишлайди. Бўладиган бола бошидан маълум деб шунга айтсалар керак.

Айтмоқчиманки, ҳар бир ота-она фарзанди қизиқишига жиддий муносабатда бўлиши керак. Бу даврдаги қизиқиш боланинг келгуси ҳаётига йўл очиб бериши шубҳасиз. Халқимизда «Бир болага етти маҳалла ота-она» деган нақл бор. Бироқ бу ҳикматли сўзлар бугун ҳам ўз қимматини йўқотгани йўқ дея оламизми? Афсуски, йўқ...

Азиз замондош, ҳар бир ўғил-қиз тақдирига ўзимизни масъул сезайлик. Токи, эртамиз бугунгидан-да ёруғроқ бўлсин.

Ҳайитали ТЎЙЧИЕВ, 
Улуғнор туманидаги “Мингбулоқ” жомъе масжиди имом-хатиби.