Гўзаллик салони Наманганнинг энг олис қишлоқларига етказилди

Гўзаллик салони Наманганнинг энг олис қишлоқларига етказилди

Ҳали-ҳамон чекка қишлоқларда эрта-индин тўйи бўладиган қизлар пардоз-андоз қилиш ёки сочини турмаклатиш учун бир неча чақирим йўл босиб туман марказларидаги гўзаллик салонларига боришга мажбур. Сабаби кўпгина қишлоқларда бундай салонлар йўқ, бўлгани  ҳам бор-йўғи соч турмаклашни уддасидан чиқишади холос.

Чекка қишлоқларда ҳам барча шароитларга эга гўзаллик салонлари ишини йўлга қўйиш ва шу орқали “Аёллар дафтари”даги кўплаб хотин-қизларни иш билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан гўзаллик салони контейнерлари барча вилоятлар сингари Наманганга ҳам жўнатилди.

Тўрақўрғон, Чуст, Чортоқ ҳамда Косонсой туманларининг аҳолиси зич, олис қишлоқларига ўрнатилган бундай салонларининг рамзий калитлари “Аёллар дафтари”да  ишсизлиги туфайли рўйхатда турган ва пойтахтдаги "Ишга марҳамат"  мономарказида бепул ўқиб келган тўрт нафар опа-сингилларимизга расман топширилди.                                                                                                

Ана шу хотин-қизларимиз орасида чортоқлик Руҳсора Ибрагимова ҳам гўзаллик салонининг рамзий калитини олган заҳоти яхши ниятда ишга киришиб кетди. Ҳозирда у ўзи сингари етти нафар маҳалладошига касб сирларини ўргатиш билан банд. Келгусида Руҳсоранинг шогирдлари  ушбу гўзаллик салонига ишга жойлашади.

Шунингдек, Чуст туманидаги  чегара ҳудуд Ғова қишлоғида жойлашган  “Тинчлик”  маҳалласига ҳам етказилган гўзаллик салони контейнери  кўплаб аёлларнинг ҳушнудлигига сабаб бўлди ва уларнинг барчаси шу ишларнинг бошида турган ташкилотчиларга самимий миннатдорчилик билдиришди.

Орзугул РУСТАМОВА, ISHONCH