«Ideal» бренди маҳсулотлари билан Саудия Арабистони тадбиркорлари қизиқмоқда

«Ideal» бренди маҳсулотлари билан Саудия Арабистони тадбиркорлари қизиқмоқда

 «Istiqlol Tekstil Dizayn LLC» компанияси томонидан «Ideal» бренди остида ишлаб чиқарилаётган кийим-кечак Германия, Россия, Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилинади. Эндиликда, корхонанинг бежирим ва сифатли маҳсулотларига Саудия Арабистои тадбиркорлари ҳам қизиқиш билдиряпти.

«Istiqlol Tekstil Dizayn LLC» компанияси ахборот хизмати маълумотига кўра, яқинда саудиялик ишбилармонлар мамлакатимизга ташриф буюриб, ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишди. Шу куни Подшоҳлик бозорига мос кийим-кечак ва пойафзалга буюртма бериш бўйича келишиб олинди. Тез орада ўзбек компанияси мутахассислари ҳам Жидда ва Мадина шаҳарларида «Ideal» бренди маҳсулотлари учун савдо иншоотлари танлаш, дўконларни жиҳозлаш ва бошқа тизимли ишларни амалга ошириш мақсадида Саудия Арабистонига боради.

– Маҳсулотларимизни тарғиб этиш ва Саудия Арабистони бозорига кириб бориш мақсадида Подшоҳликнинг «Al-Fath Al-Inmaiya» муассасаси ва «Yahya Azam Jalal» чакана савдо ширкати вакиллари билан видеомулоқот ташкил этдик, – деди «Istiqlol Tekstil Dizayn LLC» компанияси бош директори Улуғбек Умаров. – Учрашувда ҳамкорларга «Ideal» бренди ва корхонамиз фаолияти ҳақида батафсил маълумот бердик.

Таъкидлаш ўринли, «Ideal» маҳсулотлари бугунги кунда “ISO 9001” халқаро сертификатига эга, “BSCI” сертификатини қўлга киритиш йўлид саъй-ҳаракат давом этмоқда. Ишлаб чиқариш ва маркетинг жараёнига хорижий давлатлардан тажрибали мутахассислар жалб этилган.

«Istiqlol Tekstil Dizayn LLC» компанияси асосчиси Бахтиёр Умаровнинг айтишича, жамоа ушбу лойиҳани франчайзинг орқали саудиялик ҳамкорлар билан амалга оширишга тайёр.

Бу мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг жаҳон бозоридан муносиб ўрин олиши сари қўйилган яна бир дадил қадам бўлади.