Хатолардан хулоса чиқармасанг...

Хатолардан хулоса чиқармасанг...

Ҳаёт инсонни ҳар кўйга солади. Гоҳ жонингни қийнаб, гоҳ молингни олиб, тоқатингни синайди. Ҳа, бу чинакам синов. Нима бўлганда ҳам, ҳар қандай қийинчилик дамларида ҳам, виждонни, ҳалолликни унутмаган инсон кун келиб ҳаммасини енгиб ўтади. Ҳеч бўлмаганда, у одамлар орасидаги обрўсини, ҳурматини, хотиржамлигини йўқотмайди. Аксинча, мушкулотларини, ташвишларини ноқонуний йўллар билан топилган маблағ, даромад эвазига аритмоқчи бўлган инсон қаттиқ адашади. Худди Исмат (исм ва манзиллар шартли) каби.

У ўзининг “Жигули”сида киракашлик қилиб, топганига рўзғорини тебратиб келаётганди. Отаси оғир дардга чалинди-ю, топгани дори-дармонгагина етадиган бўлиб қолди. Шунда у кўпроқ пул топиш йўлини излай бошлади ва топгандай бўлди. Бировлардан наша ва ёки шунга ўхшаш гиёҳванд моддаларнинг озгина миқдори ҳам фалон пул туришини, бунақа “нарсалар”ни излаб юрувчилар кўп эканини эшитгани бор эди. Шундай қилиб, тез орада оғуфурушга айланди-қолди.

Дастлаб “бозори” юришмади. Бир-икки “мижоз”лар орттиргач, иши юришиб кетгандай бўлди. Аммо бу савдонинг охири вой эди.

Туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан уюштирилган “Назорат-харид” тадбирида у шартли харидорга 300 минг сўмга баҳоланган 0,93 грамм “гашиш” гиёҳвандлик моддасини сотаётганида қўлга олинди.

Муқаддам ҳам содир этган жиноятлари учун қонуний жавобгарликка тортилган Исмат Латиповга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми билан айб эълон қилиниб, тўпланган далиллар тегишли органларга тақдим этилди.

Юқорида бежиз синов ҳақида сўз юритмадик. Хатолардан тўғри хулоса чиқармаган инсон фақатгина ўзига жабр қилади, ўзгаларга эмас. Шундай экан, ҳамиша тўғрилик ва ҳалолликни касб қилмоқ керак.

Улуғбек ЁҚУБОВ, 
Чортоқ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси бошлиғи, капитан.