Хайрия тадбирлари – фаолиятимиз мезони

Хайрия тадбирлари – фаолиятимиз мезони

Бугун мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етиши учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Бу масала давлат сиёсатининг устувор мақсад-вазифасига айланган. Президент Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ҳамда Президентимизнинг 2017 йил 25 декабрдаги “2018-2022 йилларда болаликда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида”ги 3440-сонли қарори каби муҳим ҳужжатлар ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар фикримиз далилидир.

Бу борада Наманган вилояти, хусусан, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Наманган вилояти ҳудудий филиалида ҳам тизимли чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Жумладан, вилоят ҳокимининг шу йил 29 апрелдаги “Соғлом она – соғлом бола” ҳайрия ойлигини ўтказиш тўғрисида”ги 145-Ф-сонли фармойишида назарда тутилган вазифаларни бажариш мақсадида, шунингдек, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан филиалимиз томонидан вилоят халқ таълими бошқармасига қарашли 42, 44, 45, 46, 47, 48, 49-сонли имконияти чекланган махсус болалар мактаб-интернатларига 1232 килограмм, қиймати 39,2 миллион сўмлик қуритилган витаминли озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат мурувват ёрдами кўрсатилди.

Бундан ташқари, Поп туманидаги эркаклар “Мурувват уйи”га 2186 килограмм, қиймати 70,3 миллион сўмлик, Тўрақўрғон туманидаги вилоят асаб касалликлари шифохонасига 2998 килограмм, қиймати 96,3 миллион сўмлик, Мингбулоқ ва Чуст туманларидаги силга қарши курашиш шифохоналарига 746 килограмм, қиймати 23,9 миллион сўмлик, Наманган шаҳридаги “Саховат” интернат уйига ҳам 198 килограмм, қиймати 6,4 миллион сўмлик қуритилган витаминли озиқ-овқат маҳсулотлари хайрия ёрдами сифатида тақдим этилди.

Аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламлари ҳам доимий эътиборимизда. Поп ва Косонсой туманидаги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оилалардаги бемор, ногирон ва кам таъминланган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида Поп туман тиббиёт бирлашмасига 2043 ўрамдаги 8 турдаги 453,1 миллион сўмлик, Косонсой туман тиббиёт бирлашмасига 1998 ўрамдаги 8 турдаги 417,7 миллион сўмлик шамолаш, грипп, йўтал, тумов, бўғим оғриқлари ва қандли диабет касалликларига қарши профилактика тарзида истеъмол қилиш учун дори-дармон воситалари бепул хайрия сифатида тарқатиш учун берилди.

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан эса вилоят ХТБга қарашли махсус мактаб-интернатларига умумий ҳисобда 11401 ўрамдаги умумий қиймати 1 миллиард 107 миллион сўм бўлган дори-дармон воситалари ва қуритилган озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Бу каби хайрли ишларимиз мунтазам давом этади. Зеро, кўмакка ва ёрдамга муҳтожларни қўллаб-қувватлаш, ёрдам қўлини чўзиш фаолиятимизнинг асосий мезонидир.

 Хайрулло АРТИКОВ, 
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди
Наманган вилояти ҳудудий филиали директори.