Косонсой туман ЎСТК бошлиғи Зарифжон ҒАНИЕВ: «Ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очмоқчимиз»

Косонсой туман ЎСТК бошлиғи Зарифжон ҒАНИЕВ: «Ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очмоқчимиз»

- Зарифжон,  “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилоят кенгаши Аҳмаджон ака Аълоходжаев раҳбрлигида соҳани ривожлантириш борасида катта ишларни амалга оширмоқда. Ташкилот фаоллари “Токио – 2020”дан сўнг яна фахрланса арзигулик ютуқларни қўлга киритишди ва муносиб тақдирланишди.  Жумладан, жорий йилнинг 4 – 11 сентябрь кунлари Россия Федерациясиннг Татаристон Республикаси пойтахти Қозон шаҳрида ўтказилган биринчи МДҲ давлатлари ўйинларида Пневматик қуролдан ўқ отиш йўналишида 1-ўринни эгаллаб олтин медалга, шунингдек, 10 – 20 сентябрь кунлари Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрида ўтказилган “XIV Осиё Чемпионати” мусобақасида фахрли 2 ва 3-ўринни эгаллаб, кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлган юртдошимиз – Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгашининг ўқ отиш спорт секцияси аъзоси Муҳаммад Камалов, шу билан биргаликда, ўтказилган “XIV Осиё Чемпионати” мусобақасида 4-ўринни эгаллаган Наманган вилояти кенгашининг ўқ отиш спорти секцияси аъзоси АлинаТарасова  ҳамда уларнинг мураббийлари Муҳаббат Кондакова ва Вадим Кондаковларга “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилоят кенгаши томонидан  қимматбаҳо эсдалик совғалари  топширилди. Табиийки, ютуқлар бошқаларни ҳам изланишга чорлайди...

- Нима демоқчи эканлигингизни тушундим. Косонсой туман ЎСТК фаолиятини тубдан янгилашни режалаштирмоқдамиз. Генерал бўлишни орзу қилмаган солдат солдат эмас, деган гап бор-ку! Нима учун бизнинг ташкилот вакиллари орасидан Осиё ва жаҳон чемпионлари, Олимпиада совриндорлари чиқмаслиги керак?! Орзуларимиз юксак, режаларимиз пухта. Насиб этса, “Париж – 2024”да Косонсой ЎСТК вакиллари иштирок этишлари учун астойдил ҳаракат қиламиз. Албатта, бунинг учун, аввало, яхши шароит ва ишчан муҳит шакллантирилиши лозим. Бу борада мақтансак арзийди.  Ташкилотимизнинг асосий маъмурий ва ўқув биноси Косонсой – Наманган автомобиль йўлининг бўйида жойлашган бўлиб, 2 қаватдан иборат. Ушбу бинода 11 та ўқув синф хонаси, 2 та амалий лабаратория машғулотлар хонаси, 1 та якуний назорат синовлар хонаси ва  50 ўринли маънавият зали мавжуд. Спорт мажмуасида 4 ўринли 10 метрлик ўқ отиш тири, автомобилларни сақлаш учун 11 та очиқ ва 18 та ёпиқ сақлаш жойлари, автосаройда эса 1 та техник назорат пункти, тиббиёт хонаси, 1 та кундалик техник хизмат кўрсатиш ва 1 та автомобилларни ювиш жойлари тингловчилар ихтиёрига топширилган.  Гўрмирон қишлоғидаги қўшимча ўқув бинода 3 та ўқув хонасида фаолият олиб борилмоқда. Ҳозирги кунда ташкилотимизда меҳнат қилаётган  40 нафар ходимнинг 17 нафари олий, 23 нафари ўрта махсус маълумот эгаларидир. Олий маълумотли мутахассисларнинг 6 нафари ёшлардан иборат эканлиги жуда қувонарли ҳолдир. Ҳолва деган билан оғиз чучимайди, дейди халқимиз. Кўнгилдагидек натижага эришиш учун иш қуроли соз бўлмоғи даркор. Ташкилот ўқув моддий негизини Низом талаблари даражасида жиҳозлаш ва замонавий ўқув автомобиллари билан бойитиб бориш мақсадида иккиламчи бозордан  “ОТАЙЎЛ” русумли юк автомобили сотиб олиниб, ўқув автомобили сифатида фойдаланилмоқда. Ташкилот маблағларини тежамкорлик билан сарфлаш натижасида янги сотиб олинган иккита “НЕКСИЯ 3” русумли ўқув автомобилларига иқтисодий арзон бўлган ёнилғи, яъни сиқилган табиий газда ишлаш ускунаси ўрнатилди. Шунингдек, ташкилот ўқув биноси эшик ва деразалари замонавий “акфа” ромларига алмаштирилди. Йўлакларни замонавий тарзда таъмирлаш ва жиҳозлаш мақсадида жами 75000000 (етмиш беш миллион) сўмлик қурилиш таъмирлаш ва пардозлаш ишлари олиб борилди. Ишончимиз комилки, бу саъй-ҳаракатларимиз кутилган самаралар учун муносиб пойдевор вазифасини бажаради.

- Президент Шавкат Мирзиёев “Ватанпарвар” ташкилоти фаолиятини яна-да такомиллиштириш бўйича бир қанча таклифларни илгари сурди. Мазкур йўналишда Косонсой ЎСТК маъмурияти қандай ишларни амалга оширмоқда?

- Тан олиш керакки, Президентимизнинг соҳага қаратган эътибор ва ташаббуси фаолиятимизда янги саҳифа очди. Хусусан,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.02.2021 йилдаги ПФ-6155 –сонли “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини, «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор режалар тузилиб, ҳаётга татбиқ этилди. Аҳамиятлиси,  ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш бўйича “Автомобил двигателлари чилангари”,  “Автоэлектрик”, “Электрик аккумуляторчи”, “Вулканизаторчи” ва “Электрогазпайвандчи” мутахасисликлари бўйича лицензия олиниб, моддий негиз шакллантирилди. Ҳозирги кунда 25 нафар ёшлар “Электрогазпайвандчи” мутахасислиги бўйича таҳсил олмоқда. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 28.04.2021 йилдаги № 250 сонли қарорига асосан, тумандаги “Ёшлар дафтари”га киритилган 124 нафар йигит-қиз касб-ҳунарга ўқитиш машғулотларига жалб қилиниб,  ҳозирги кунда уларнинг 71 нафари ўқишни якунлаб, “В” ва “ВС” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлдилар.

Қолаверса, ташкилот фаолиятини яна-да такомиллаштириш ва янги ўқув гуруҳларини шакллантириш мақсадида тумандаги барча умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари билан ҳамкорликда пиёдалар иштирокида содир этилиши мумкин бўлган йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича тарғибот тадбирлари ўтказиш орқали ҳайдовчилик курсларида ўқиш истагини билдирган ёшлар ўқишга жалб этилмоқда.

Фактларга мурожаат қилсак, 2021 йилнинг ўтган олти ойи давомида 424 нафар “В” тоифа, 221 нафар “ВС” тоифа ва 95 нафар “В” дан “С” тоифа –  жами 740 нафар ҳайдовчилар тайёрланганига, демакки йиллик режанинг  67 фоизи бажарилганига гувоҳ бўламиз.

- Юқорида орзу ва режалар ҳақида сўзладингиз. Яқин келажакда Сиз раҳбарлик қилаётган ташкилот фаолиятида қандай янгилик ва ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда?

- Бугунги давр шиддати ҳар кун, ҳар соат изланишда бўлишни тақозо қилмоқда. Изланмаган, янгиликлар руҳида яшамаган раҳбар ёки ташкилот замон талабидан орқада қолаверади. Шу маънода Косонсой ЎСТК фаолиятида ҳам ёшларимиз учун янги имкониятларни яратиш ниятидамиз. Ташкилотда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги № 408 сонли Қарорига асосан фаолият ташкил этилган бўлиб, унга биноан  Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан 2018 йил  11 августдаги AVHT 0118 рақамли  «В», «ВС» ва «С» тоифа ҳайдовчиларни қайта  тайёрлаш бўйича лицензия олинган. Ҳозирги  кунда “Е” тоифа, яъни юк автомобилларини тиркамаси билан бошқариш бўйича ўқитиш учун қўшимча лицензия олиш мақсадида ўқув моддий негиз шакллантирилмоқда.

- Эзгу режа-ниятларингиз рўёбини тилаймиз. Самимий суҳбатингиз учун миннатдорчилик билдирамиз.

 Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди,