Кўчма ректорат, текин навбатчи автомашиналар ва 100 та ноутбук Буларнинг барчаси НамДУда!

Кўчма ректорат, текин навбатчи автомашиналар ва 100 та ноутбук Буларнинг барчаси НамДУда!

Наманган давлат университети ректори Собитхон Турғунов билан талабалар турар жойида учрашув ташкил этилди. Турар-жой ошхонасидаги бир пиёла чой устидаги учрашув расмиятчиликдан ҳоли, самимий суҳбат тарзида ўтди. Ректор бу ерда фаолият юритаётган тўгараклар иши билан танишар экан, тўгараклар аъзолари бўлган талабалар фикри ва таклифлари билан қизиқди.

Шуниси алоҳида эътирофга лойиқки, эндиликда талабалар таклифига асосан факультетларда кўчма ректорат иш бошлайди. Ҳар бир факультет талабаларининг муаммолари, мурожаатлари мана шу кўчма ректорат орқали қабул қилинади. Бу билан таълим сифати талабаларга яқинроқ бўлган ҳолда назорат қилинишига эришилади.

Шунингдек, тез кунда яна бир ажойиб ташаббус амалга ошади. Яъни, агар дарслардан кейин ахборот ресурс марказида дарс тайёрлаган талабалар яшаш манзилига кеч қолсалар, кутубхона ёнида уларни  навбатчи машиналар кутиб туради ва талабалар яшаш манзилларига бепул элтиб қўйилади.

Бундан ташқари, университет ректори томонидан замонавий универсал АРМда доимий компьютерлардан ташқари, олиб фойдаланиш учун юзга яқин ноутбуклар қўйилди. Талабалар дам олиш кунлари ҳам ноутбукларни ўз уйларига олиб кетиб фойдаланишлари мумкин.

Умуман олганда, университетда жорий йилнинг март ойидан бошлаб талабалар турар-жойлари ва ижарада яшовчи талабалар билан ишлашнинг янги механизми асосида иш ташкил этиляпти. Мавжуд 5 та талабалар турар-жойида 1400 дан ортиқ талаба яшаяпти. 2000 дан ортиқ талаба хонадонларда ижарада истиқомат қилмоқда. Бу ҳали олдинда талабаларнинг яшаш шароитини яхшилаш, уларга муносиб шарт-шароит ва имкониятлар яратиб бериш юзасидан муҳим вазифалар кўп эканини кўрсатади. 397 нафар гуруҳ мураббийлари ойлик маошларига нисбатан 25 фоизгача бўлган миқдорда устама ҳақларини беришнинг йўлга қўйилгани бу вазифаларни изчил амалга оширилишини таъминлайди.

Бир сўз билан айтганда, келгусида ҳар ҳафтада икки марта талабалар турар-жойида ректор ва проректорлар билан суҳбатлар ўтказилади, ҳар ҳафтада талабалар учун қизиқарли мавзуларда мастер класслар ташкил этилади, 5 муҳим ташаббус ижроси доирасида тўгараклар фаолияти янада жонлантирилади, пайшанба “ТТЖ ва ижарада яшовчи талабалар ҳолидан хабар олиш куни” деб эълон қилинади, ижарада яшовчи талабалар, уларнинг ота-оналари, хонадон соҳиблари, МФЙ, профилактика инспекторлари, тегишли факультет деканлари иштирокида уч томонлама шартномалар тузилади ва талабаларнинг яшаш шароитини яхшилаш бўйича мунтазам равишда мониторинг олиб борилади.

 Санжарбек ҲАМИДОВ.