Мамлакатимизда диний-маърифий соҳага берилаётган катта эътибор – дунё нигоҳида

Мамлакатимизда диний-маърифий соҳага берилаётган катта эътибор – дунё нигоҳида

Ўзбекистон — буюк алломалар юрти. Табаррук диёримизда камол топган улуғ муҳаддислар, фозилу фузалоларнинг номи жаҳонда ҳурмат билан тилга олинади. Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Исо ва Ҳаким Термизийлар, Маҳмуд Замахшарий, Муҳаммад Қаффол Шоший, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ҳамда бошқа кўплаб даҳолар номи нафақат ислом, айни вақтда башарият тамаддуни тарихига олтин ҳарфлар билан ҳақли равишда битилган.

Албатта, бунинг замирида таълим ва тарбия ётиши, шубҳасиз. Мамлакатимизда мустақиллик йилларида диний-маърифий соҳага берилаётган эътибор бугун ўз самарасини бериб улгурди. Зотан, бу эзгу саъй-ҳаракат дунё миқёсида ислом динининг моҳиятини тушунмасдан, билмасдан унга нисбатан турли муносабатлар илгари сурилаётган бир даврда ниҳоятда долзарб, ниҳоятда аҳамиятли эди.

Давлатимиз раҳбарининг: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, деган сўзлари бутун ислом жамоатчилигининг дилидаги гап эди.

Чиндан ҳам, дунё миқёсида ислом дини билан боғлиқ вазият ўта мураккаб. Мана шундай бир даврда диний қадриятларимиз софлигини сақлаш борасида юртимизда амалга оширилаётган улкан эзгу ишлар ибратли ташаббуслар сифатида халқаро миқёсда юксак даражада эътироф этиляпти.

Жумладан, 2016 йилнинг октябрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкентда ўтказилган 43-сессиясида мамлакатимиз раҳбари Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ғоясини илгари сурди ва Шеробод туманида Абу Исо Муҳаммад Термизий зиёратгоҳи тўлиқ қайта таъмирланди. Қарши туманидаги Абу Муин Насафий зиёратгоҳи ҳамда бошқа қадамжолардаги қурилиш-таъмирлаш ишларидан сўнг бу масканлар халқимизнинг азиз қадамжоларига айланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 23 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Президентимиз 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасида бўлиб, ушбу марказ лойиҳаси билан танишди ҳамда Ислом маданияти маркази номини Ислом цивилизацияси маркази деб аташни таклиф қилди. Марказ “Жаҳолатга қарши — маърифат” шиори остида барпо этилаётгани жуда чуқур маънога эга. Унда академия, кутубхона, архив ва қўлёзмалар фонди ташкил қилиниб, уларни бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар, уламолар томонидан асос солинган илмий ҳамда диний мактабларга доир юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма, тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осориатиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий тадқиқот ишлари, видео ҳамда фото ҳужжатлар билан бойитилди.

Бир неча йил аввал мамлакатимиз раҳбарининг БМТ юксак минбаридан туриб Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича билдирган таклифи долзарблиги билан улкан аҳамиятга эга бўлди. “Бу ҳужжатнинг асосий мақсади — барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат. Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган”, дея таъкидлаган эди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи эса жаҳон ҳамжамиятига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш йўлидаги яна бир улкан тарихий қадам бўлди.

Таъкидлаш ўринлики, халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини жаҳолат ва муросасизлик ташкил этади. Шу боис одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш ниҳоятда муҳим. Зеро, экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Президентимиз ўшанда шу хусусда ниҳоятда қимматли фикрларни билдириб, жаҳон жамоатчилигига «ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини» етказишга чақирган эдилар.

Бугунга келиб, Ўзбекистонда диний-маърифий соҳага берилаётган эътибор билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Ёшларнинг диний-маърифий саводхонлигини ошириш мақсадида кўплаб диний таълим муассасалари ташкил этилди. Бу борада илмий изланишлар олиб борадиган ёшларга кенг йўл очиб берилди. Ҳар йили турли йўналишларда Қуръон мусобақаларининг ташкил этилаётгани, ёшларимиз ва фуқароларимиз орасидан қори ва қорияларимиз етишиб чиқаётгани, улар сафи тобора кенгайиб бораётгани ўзлигимизга сингиб кетган диний қадриятларнинг қайта қадр топаётганидан далолат беради.

Халқимиз ислом динининг моҳияти тинчлик, меҳр-оқибат, ўзаро бирдамликка асосланганини жуда яхши англайди ва шу боисдан ҳам фарзандларининг бу борада билими етарли бўлишини истайди. Диний-маърифий таълим соҳасидаги имкониятларнинг мавжудлиги эса дунё халқларининг нигоҳида фақат ҳавас уйғотмоқда, десак сира муболаға бўлмаса керак. Истагимиз, юртимиздаги бу каби хайрли ишлар бардавом бўлсин.

 Ҳайитали ТЎЙЧИЕВ, 
Улуғнор туманидаги «Мингбулоқ» жомеъ масжиди имом-хатиби.