Маънавият иммунитет кучли бўлса...

Маънавият иммунитет кучли бўлса...

Огоҳ яшайлик!

...Сурайё (исм ва манзиллар шартли) коллежни тамомлагандан сўнг хусусий корхоналардан бирида бироз вақт ишлади. Аммо у ердаги тартиб ва талабчанликни ёқтирмаганлиги боис ишдан бўшади. Кўнглига ёқадиган иш топгунича бир-икки йил ўтиб кетди. Бекорчилик, аниқроғи, ҳамёнида унинг ҳаражатлари учун етарли пул бўлмаслиги жонига тегди.

Қиз нима қилсам, қўлимга тузукроқ туш тушаркин, деган ўйда юрган кунларида маҳаллага Тошкентдай жойдан бир йигит ва бир қиз келганини, улар ўзларининг таниқли компанияларига «дилер» излаётганларини эшитиб, кўча томон ошиқди. Сўзга чечан «компания вакиллари» бир зумда Сурайёнинг кўнглига ғулғула солишди. «Фалон сўм тўлаб, компанияга аъзо бўлсам бўлгани, улардан олган маҳсулотимнинг устига шунча сўмдан қўйиб сотаман. Мен учун бундан ҳам яхши иш бўладими?!» - деди ўз-ўзига қизгина. «Вакиллар»дан ташриф қоғозини олгач, эртасигаёқ улар айтган манзилга етиб борди…

Аввалига 50-60 чоғли хотин-қизларни бир залга тўплаган «компания вакиллари» улардан тест олишди. Бу сизларнинг тадбиркорлик қобилиятингизни синаш учун, ахир биз ўзимизга иқтидори қай даражадаги инсонни шерик қилиб олаётганимизни билишимиз керак, дейишди улар. Аммо тест саволлари ичида бир савол бор эдики, «вакиллар» айни шу саволга берилган жавобга қараб ўзларига хайрихоҳларни саралаб олишди. Кейинги босқичга ўттизтага етиб-етмаган хотин-қизлар (кўпроғи ёш қизлар) қолди.

- Мана бу тақинчоқ саломатлигингиз, қолаверса, сизнинг омад туморингиз бўлиши мумкин, - деди асосан косметика маҳсулотлари билан савдо қилувчилар. – Унинг кулонидаги арабча ёзув – бу ҳамма ҳам билавермайдиган дуо. Бу дуонинг маъносини билиш учун мана бу китобчани ўқиб чиқишингиз керак бўлади…

Кейинги машғулотлар, «вакиллар»нинг айтишича, «дилерларни тайёрлаш курслари»да бу каби антиқа тавсиялар, қандайдир ақидани тарғиб қилувчи рисолаларни ўқиш таклифи кўпайиб бораверди. Гўёки ёш қизларнинг онгига солинаётган заҳар миқдори тобора ошганидек…

Орадан бироз вақт ўтиб, Сурайё ажабтовур, юз-кўзигача мато билан ўралиб кийинишни одат қилди. На акалари, на онасининг гапига кирди. Фикри-ёдини яқинда «компания вакиллари» билан араб давлатларига қилажак сафари эгаллаб олганди. Афсуски, бу ғўргина қизнинг эртанги орзулари сув юзасидаги кўпикдай гап эди…

У янглишганини, хато қилганини жуда кеч – суднинг қора курсисига ўтиргандагина тушуниб етди. Сиртдан қараганда, мақсади компания маҳсулотларини реклама қилиш бўлиб кўринганларнинг асл нияти қора – диний экстремистларга янги хайриҳохларни излаб топиш эди, холос…

Яна бир бор афсуски, Сурайё каби алданганлар битта эмас орамизда. Унинг қисмати кимларга сабоқ бўлди, кимга эса йўқ…

Инсон билибми, билмай хато қилади. Баъзан бу хатолар бир ўзи учунгина эмас, бошқалар учун ҳам қимматга тушади. Бу юрт, давлат, Ватан манфаатига зид бўлсами, у ҳолда бу ҳолатни ифодалаш жуда мушкул кечади...

Давлатимизда виждон эркинлиги кафолатган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида: «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга», деган ҳуқуқий қоида мавжудки, у фуқароларнинг бу борадаги ҳуқуқи бузилишининг олдини олиш мақсадида «диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди» деган муҳим қоида билан тўлдирилган.

Мустақил Ўзбекистонимизнинг стратегик мақсади дунёвий деморкатик давлат ва ҳурфикрлиликка асосланган замонавий фуқаролик жамиятини қуришдир. Асосий Қонунимизнинг 12-моддасида: «Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас» дейилади ва бундай режани  амалга ошириш, биринчи навбатда, дунёвийлик тамойилларига риоя этилишини тақозо этади. Шу билан бирга у диний эътиқоднинг ҳаётий мақомини ҳам асло инкор этмайди, балки унинг юксак маънавий-руҳий ҳамда чексиз аҳлоқий кучини эътироф этиб, қўллаб-қувватлайди. Том маънодаги дунёвийлик тамойилларининг даҳрийлик тушунчасидан асосий фарқи ҳам шундадир, назаримизда.

Яна бир гап. Маҳаллада яшар эканмиз, моддий ва маънавий кўмакка муҳтож оилалардан ҳеч қачон ёрдамимизни аямаслигимиз керак. Бу борада ҳукуматимиз томонидан ҳам чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Бироқ қўни-қўшни, ҳамсоя сифатида ёнимизда яшаётган инсонлар ҳолидан хабардор туриш огоҳликнинг, тинчлик ва мустақиллигимизни асрашнинг муҳим омилидир.

Янги Ўзбекистоннинг маънавий баркамол ва соғлом фуқаросини тарбиялаш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда мунтазам бойитиб бориш, азалий эзгу одат ва удумларимиз, айниқса, халқимизнинг ҳақиқий маънавий сурати ва сийратини белгиловчи фазилатлар бўлган меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, шарқона одоб-аҳлоқ каби энг олий инсоний фазилатларнинг сақланиши ва эъзозланишида диннинг ҳам муносиб ўрни борлигини инкор этолмаймиз. Ўзи билмаган ҳолда турли ноқонуний гуруҳлар таркибига кириб қолганлар эса иродаси суст инсонлардир. Ирода – бу руҳият демакдир. У жуда нозикки, маҳоратли психолог даражасига етган турли диний экстремистик гуруҳ аъзолари ўзларига шу йўл билан осонгина шерик топа оладилар, инсонлар, айниқса, ёшлар қалбини забт этадилар.

Демак, ҳар қадамда ҳушёрлик ва огоҳликни унутмаслигимиз, ёмон ниятли кимсаларнинг алдовларига учмаслигимиз керак. Корхона, ташкилот, муассасаларда, ўқув даргоҳларида, қишлоқ ва маҳаллаларда, хонадонларда огоҳлик борасида мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришимиз даркор.

Ҳайитали ТЎЙЧИЕВ, 
Улуғнор туманидаги “Мингбулоқ” жомеъ масжиди имом-хатиби.