Марказий ва Жанубий Осиё: аҳилликда гап кўп

Марказий ва Жанубий Осиё: аҳилликда гап кўп

Бугунги дунёнинг глобаллашуви, ахборот технологияларининг беқиёс даражада ўсиши, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг оқибатлари давлатлараро муносабатларни ўта мураккаблашувига сабаб бўлди. Башариятнинг тақдири уруш олови ичида қолиши мумкин бўлган бир вақтда жаҳон  сиёсий саҳнасида тинчлик ва ҳамкорлик бўйича конструктив таклиф ва ташаббуслар билан Ўзбекистон ҳукуматининг чиқишларини халқаро ҳамжамият қўллаб-қувватламоқда. Ўзбекистон Президенти Ш. М. Мирзиёевнинг олиб бораётган тинчликсевар ички ва ташқи сиёсатини халқимиз, айниқса ёшларимиз кузатиб бормоқда.  Айниқса, Ўзбекистон Республикасининг “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” халқаро конференциясига мезбонлик қилиши бу борада яна бир ижобий қадам бўлди десак янглишмаймиз.

Мазкур халқаро конференцияда Афғонистон Президенти Ашраф Ғани, Покистоннинг Бош вазири Имрон Хон ва минтақа давлатлари вакилларининг иштироки ўта долзарб муаммоларнинг ечимини топишдаги ҳамкорлик йўлларини белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этади. Минтақа халқлари бой маданий тарихий маданиятга эга бўлиб, Буюк ипак йўли Марказий ва Жанубий Осиёни жаҳон цивилизациясига боғлаган. Икки минтақанинг фаол ҳамкорлиги туфайли илм-фан, маданият соҳасидаги ютуқлар юксак маънавий-маърифий қадриятларга айланди. Шу боисдан халқлар ва давлатларнинг тарихий маданиятларидаги умумийлик, орзу-интилишлардаги уйғун боғлаб туради. Биз Хараппа, Юнон-Бақтрия ва Кушон, Турк хоқонлиги, Хуросон ва Мовароуннаҳр, Ғазнавийлар, Темурийлар давлатларининг бой маданияти, халқларининг миллий-диний  ҳамжиҳат қўшничилик алоқларини назарда тутмоқдамиз.

Марказий ва Жанубий Осиё халқлари савдо-сотиқ, маданий алоқалари ҳақида антик юнон манбаларида ҳам маълумотлар кўплаб учрайди. Бу халқлар ислом, буддавийлик, ҳиндуийлик каби динларга эътиқод қилса-да, маънавий маданиятининг ноёб анъаналари этномаданий муштаракликка хизмат қилган. Натижада, дунёга қадимий диний-дунёвий илмлар тараққиёти билан бирга  ал-Хоразмий, ал-Фарғоний, Форобий, Беруний, Ибн Сино каби мутафаккирлар етишиб чиқди. Уларнинг илм-фан соҳасидаги қарашлари башарият тафаккурининг тараққиётига ижобий асос таъсирини кўрсатди. Миллий мумтоз адабиётимиз намояндаларининг номи инсоният маънавиятини безади. Гап Хусрав Деҳлавий, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Муҳаммад Ҳайдар, Махтумқули, Мирзо Ғолиб, Абай, Рабиндранат Тагор, Садриддин Айний, Чингиз Айтматов ижоди ҳақида бормоқда. Уларнинг ўлмас асарлари жаҳон халқларини ўзаро тинчлик, озодлик ва инсонпарварлик, дўстлик ва ўзаро ишонч “кўприги” вазифасини ўтади. Фикримизни Ҳиндистоннинг биринчи Бош вазири Жаваҳарлаъл Нерунинг Бобур ҳақида “ У – дилбар шахс, Уйғониш даврининг типик ҳукмдори”, деган таърифи билан далиллаймиз. З. М. Бобурнинг “Бобурнома” асари Афғонистон орқали Ҳиндистон ва Марказий Осиё халқларининг ҳалқаро савдо алоқалари ҳақида гувоҳлик беради. Боз устига, Бобур ва унинг сулоласи можароли феодалларни бирлаштириб, минтақада тинчлик ўрнатиши туфайли савдо-сотиқ, маданий алоқалар асосида бунёдкорлик ишлари амалга оширилган.

Янги асрда умумбашарий муаммоларнинг кескинлашиб кетиши, уруш оловини дунё халқларига таҳдиди ортиб бормоқда. Ҳудди шундай вазиятда халқаро ҳамкорлик умумбашарий муаммоларни ҳал этишда ҳамкорлик ва ўзаро тушуниш  муаммосини англаш даври бошланди деб ўйлаймиз. Ўзбекистон Президентининг икки минтақа халқларига Мурожаатида вужудга келган муаммоларни ҳал этиш учун келишув ва ўзаро  маданий-гуманитар келишувлар ҳақидаги ташаббуси муҳим аҳамиятга эгадир.  Чунки, замонавий турфа таҳдидларни бартараф этиш, низо ва можароларнинг олдини олишдан барчамиз манфаатдормиз. Бу ҳудудда қарийб икки миллиард аҳоли яшашини ҳисобга оладиган бўлсак вазиятни ижобий ечими ҳаётий зарурат ва табиий эҳтиёжлиги ойдинлашади.

Ўзбекистон Президенти Ш. М. Мирзиёев ўзаро ҳамкорлик, мулоқотга ижтимоий-маданий асосларга таяниб, изчил ва барқарор ривожланиш асосида халқлар турмуш фаровонлигини оширишга чақириши ҳам давримизнинг муҳим талабидир. Бу мурожаатнинг мазмуни минтақалараро ҳамкорлик ва шериклик майдони ўзаро манфаатли иқтисодий-молиявий товар айирбошлаш, хизматлар кўрсатиш билан ҳамкорликни янги йўналишларни очиш имкониятларидир. Ўзбекистон ҳукумати қуйидаги омилларни алоҳида санаб ўтди:

Биринчидан, конференция иштирокчилари бўлган давлатларнинг тинчлик ва дўстлик, яхши қўшничилиги ўзаро манфаатли бўлиб, конструктив сиёсат олиб боришда умумий манфаатларга тўла мос келади;

Иккинчидан, Ўзбекистон иштирокчи давлатларнинг истиқболли ривожланишининг асосий драйвери сифатида барқарор савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация алоқаларини шакллантиришга чақирди. Пандемия шароитида таҳдидларга қарши туришда кучларни бирлаштириш ва мувофиқлаштириш ижобий натижа беради. Айни вақтда биз иқтисодиётни рақамлаштириш, электрон савдони ривожлантириш ва инновацияларни кенг жорий этиш истагимизни  ҳам билдирдик;

Учинчидан, Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий боғлиқлигини таъминлашда муҳим бўғин ҳисобланади. Ўзбекистон доно афғон халқининг мамлакатда умуммиллий муросага эришишида ўзаро келишувларга тайёрлиги ижобий ҳодиса  ҳисобланади;

Тўртинчидан, минтақа учун хавфсизлик ва барқарорлик фавқулодда муҳим бўлиб, ўзаро алоқаларнинг асосий шарти, муаммоларни конструктив мулоқот орқали таъминлаш мумкин.

Конференция иштирокчилари қуйидаги таклифларни қўллаб-қувватлади:

- Ўзбекистон учун савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш орқали ўзаро сармояларни кўпайтиришга устувор вазифа сифатида қарайди. Шу маънода маҳсулот, хизматлар, инвестицияларнинг эркин ҳаракати, транспорт-коммуникация ва энергетика инфратузилмаларини шакллантириш бўйича амалий ишларни бажариш тарафдори. Иштирокчи давлатларнинг кўп томонлама Иқтисодий ҳамкорлик битимларини тузиш ташаббуси илгари сурилди;
-
Бу ҳудудларда замонавий, самарадор ва хавфсиз транспорт-логистика инфратузилмасини яратиш, Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўл тармоғи ҳамкорлик архитектурасининг пойдевори бўлади. Чунки, темир йўл тармоғи минтақанинг транзит салоҳиятини тўла рўёбга чиқариб, йўловчи ва юкларнинг ташиш суратларини жиддий яхшилайди. Бу “Бир макон, бир йўл” ташаббуси мақсадларига ҳам хизмат қилади;
-
Истиқболли рақамли платформаларни жорий этиш ҳудудларни иқтисодий ривожлантиришнинг локомотивига айлантиради. Савдо, транзит, чегаралардан ўтиш борасида рақамли ҳамкорлик бўйича аниқ чора-тадбирлар учун Қўшма ҳаракатлар стратегиясини қабул қилинади;
-
Бепоён минтақаларимиз ҳудудида ҳамкорликда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, унинг нарх-навоси в тақчиллигини олдини олиш йўлларини излаш борасида Дастурлар ишлаб чиқиш таклифи ҳам ижтимоий аҳамият касб этади;

- Хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашда кучларни бирлаштириб, терроризм, экстремизм, трансмиллий,  кибермакондаги жиноятчиликка қарши самарали кураш  олиб борилади;

- “Яшил” иқтисодиётни ривожлантиришни рағбатлантириш ва экология масалалари алоҳида эътиборни талаб этади;

- Марказий ва Жанубий Осиёнинг улкан сайёҳлик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш тарафдорлик эълон қилинди;

- Бугунги кунда илм-фан, технология ва инновациялар соҳасида юксак марралар жадал ривожланиш йўлидаги муҳим омил ҳисобланади;

- Минтақаларимизнинг ўзаро боғлиқлиги ва тараққиёти суръатини тизимли ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида чуқур ўйланган қарорлар қабул қилиш ҳозирги пайтда ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир.

Ўзбекистон ҳукуматининг конференциядаги ташббус ва таклифлари иштикокчи давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий тараққиёти йўлида янги уфқларни очади. Дарҳақиқат, тинчлик ва яхши қўшничилик вужудга келган таҳдидларни бартараф этишни енгиллаштиради. Шу маънода Ота Маконимизни жаҳон миқёсида нуфузи ортиб бораётган вақтда нафақат минтақа, балки халқаро даражада сиёсий етакчилик (лидер) ролини ўйнаши учун миллий бирлик, ахил иноқлик ила ўзимизнинг нақадар юксак маънавий-ахлоқий маданият вориси эканлигимизни яна бир бора намойиш этиш вақти келди.

Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-маданий тараққиётига тахдидларнинг мавжудлиги ёшларни ҳар томонлама баркамоллиги, илм-фан, маданият йўлидан оғишмай, ўз билимларини ошириши заруриятга айланди. Чунки, ёшларимиз орасида айрим кимсалар миллий-диний низо ва можароларни чиқаришга уриниш кузатилмоқда. Шу боисдан ёшларнинг тарбияси нафақат таълим тизими, шу билан бирга ўзини шу юртнинг зиёлисиман, деб ҳисоблаган ҳар бир  фуқаронинг миллий бурчидир.

Яна бир хулоса шуки, тинчлик бебаҳо неъмат, уни ҳимоя этганни Оллоҳ ўзининг бандаларининг комили сифатида ажримлар борлигини муқаддас китобларимиздан ўқигансиз. Ўзбек халқи муқаддас ислом динини қадриятга айланишида жаҳон цивилизацияси тараққиётига ўзининг ҳиссасини қўшган миллатдир. Шу ўринда амалдаги қонунларимизда ёшларнинг диний тарбияси давлат ва ота-оналарнинг тасарруфида эканлиги,  исломда илмий маърифат диний ибодатдан устунлиги адабиёт ва саньат вакилларимизни ҳам ёшлар тарбиясига фаол иштирокини талаб этади. Чунки, айрим фуқароларимизнинг ОАВдаги чиқишлари ёшлар онги-тафаккурига салбий       таъсир этиб юртимиз обрў-эътиборини жаҳон афкор оммаси олдида тушириши дуруст эмас. Халқларимиз тинчликсевар, яхши қўшничилик удум-одат, одат-анъаналаримиз эса бир хил экан ахил иноқ яшаб бахтга етмоқлик ЎЗИнинг иродасидир. Шу маънода ёшларни ҳар томонлама фалсафий мушоҳада қилиш, атрофдаги бўлаётган воқеа ва ҳодисаларга соғлом нигоҳ билан ёндашувини тарбиялашдан кўра муҳимроқ вазифа йўқ.

Абдирашид Мирзаҳмедов,
Наманган муҳандислик-технология институти
доценти, фалсафа фанлари бўйича фан доктори