Меҳримиз муҳтожлар қалбига нур олиб кирсин!

Меҳримиз  муҳтожлар қалбига нур олиб кирсин!

Дунё аҳолисининг салкам учдан бир қисмини  болалар ташкил қилади. Уларга ғамхўрлик кўрсатиш, тарбияси ва таълим олиши учун етарли шарт-шароит яратиш, соғлигини муҳофаза қилиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш устивор йўналиш сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Айниқса, етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни ижтимоий ҳаётга тайёрлашда давлат ва ижтимоий институтлар ҳамкорлигининг педагогик механизмларини такомиллаштириш, ижтимоий иш ходимларининг касбий компетентлигини ривожлантириш, етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болалар учун мўлжалланган муассасалардаги тарбия тизимини модернизациялашга  катта эътибор қаратилмоқда. Дунёнинг ривожланган давлатларида етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг оила муҳитида тарбиялаш ва ривожлантиришнинг инновацион тизимлари ишлаб чиқилаётганлигини алоҳида қайд этиб ўтиш лозим.

Республикамизда БМТнинг минг йиллик ривожланиш мақсадлари (МРМ) ҳамда болалар ҳуқуқларини амалга оширишга мувофиқ етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни ижтимоий ҳаётга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, миллий ва жаҳон тажрибаси асосида инновацион тарбия технологияларини татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, меҳрибонлик уйларида шахсга йўналтирилган тарбия технологияларини кенг татбиқ этиш, “Меҳрибонлик” уйларини ноинституционаллаштириш дастури асосида босқичма-босқич кам комплектли болалар шаҳарчаларига ўтказиш, оила институтини мустаҳкамлаш, ижтимоий етимликнинг олдини олишнинг профилактик тизимини ишлаб чиқиш, тарбиялаш учун оилага қабул қилиш (патронат), шунингдек, болаларни мустақил ҳаётга тайёрлашнинг педагогик шарт-шароитларини такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар Стратегиясида “Етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий фаоллигини ошириш, турмуш шароитини яхшилаш” каби муҳим вазифалар белгилаб берилди. Бу эса, “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчиларини ижтимоий ҳаётга тайёрлашнинг педагогик механизмларини такомиллаштириш, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлашнинг фасилитацион тизимини ишлаб чиқиш долзарб масала эканлигини кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар Стратегияси тўғрисида”ги  ПФ-4947-сон Фармони, 2019 йил 11 февралдаги “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4185-сон Қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 12 августдаги “Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги  263-сон Қарори ҳамда мазкур фаолиятга тегишли бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга оширилмоқда.

Президентимиз томонидан етим болаларни тарбиялаш бўйича муҳим қарор қабул қилинди. “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарорнинг  асосий мазмунидаги таълим –тарбия жараёнлари ва бўш вақтларини самарали ташкил этиш  бўйича  “Меҳрибонлик” уйлари ва болалар шаҳарчаларига олий таълим муассасалари, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг бириктирилгани; бунда факультатив дарс, тўгараклар, фан мусобақалари ташкил этилиши ва жалб қилинган профессор -ўқитувчиларга қўшимча ҳақ тўланиши, йилига 2 маротаба мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига  саёҳатга  олиб чиқиши, шунингдек, тиббий кўрикдан  ўтказиш билан бирга Олий Мажлис  Сенатига  болалар муаммоларини  ўрганиш  ҳамда ҳал этиш  бўйича  2021 йил 1 ноябрдан “ Меҳр дафтари”га киритилган  болаларни  қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этилгани ва етим болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиши меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига кўрсатилган жуда катта  ғамхўрликдир.

Барча даврларда ҳам маълум жамиятда ота-онасиз қолган ёки улар билан алоқани йўқотган ёшлар (болалар, ўсмирлар, ўспиринлар) мавжуд бўлишган. Уларга нисбатан ижтимоий эътибор турли жамият, давлатларда турлича бўлган. Ислом дини таълимотида эса бу каби шахсларга нисбатан инсонпарварлик ғояларига таянган ҳолда муносабатда бўлиш энг олий сифат тарзида баҳоланади. Ўзбек халқи тараққиёти тарихида ҳам ушбу ғояларга оғишмай амал қилиб келинган. Бу ҳолат айниқса, уруш ҳаракатлари олиб борилаётган вазиятларда яққол намоён бўлган. Иккинчи Жаҳон уруши йилларида ота-онасиз қолган ёки улар билан алоқани йўқотган минглаб болаларнинг ўзбек оилаларига қабул қилиниши, ўта оғир шароитда уларни озиқ-овқат, кийим-кечак ва турар-жойлар билан таъминлаш борасида кўрсатилган ғамхўрлик юксак инсонпарварликнинг ёрқин намунасидир.

Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини жамиятнинг етук аъзолари сифатида ижтимоий ҳаётга тайёрлаш муҳим ижтимоий мақсадлардан бири бўлиб, мазкур жараёнда қуйидаги йўналишлар устувор ўрин тутади:

-  таълим бериш (тарбияланувчилар онгида илмий билимларни ҳосил қилиш);

-  миллий ва умуминсоний қадриятлар, миллий истиқлол ғояси асосида ижтимоий-ғоявий эътиқод ва иммунитетни шакллантириш, дунёқарашни бойитиш;

-  маънавий-ахлоқий сифатлар (меҳнатсеварлик, одамийлик, тиришқоқлик, камтарлик, атрофдагиларга меҳр-муҳаббатли, раҳм-шафқатли, шунингдек, иймон-эътиқод, қатъий ирода ва мустаҳкам характер)ни тарбиялаш;

-  касбга йўналтириш (муайян касб-ҳунарлар сирлари, касбий фаолиятларнинг асосларини ўргатиш);

-  ижтимоий муносабатларни ташкил этиш (субъектлар ўртасидаги ўзаро алоқа алмашув, жамоа аъзолари билан ҳамкорликда фаолият юритиш, ўзи мансуб бўлган гуруҳлар (микро, мезо ва микро гуруҳлар)нинг аъзолари билан руҳий бирликка эришиш)га тайёрлаш;

-  шахсий ҳамда атрофдагиларнинг саломатлигини муҳофазалаш малакалари (жисмоний тарбия ва спорт билан доимий равишда, изчил, узлуксиз шуғулланишларига эришиш, соғлом турмуш тарзи (спиртли ичимлик ва наркотик моддаларни истеъмол қилмаслик, тамаки маҳсулотларини чекмаслик, нотўғри ва тартибсиз жинсий ҳаёт кечирмаслик) кўникмаларини ҳосил қилиш;

-  ҳуқуқий маданият унсурлари (ижтимоий ахлоқ меъёрларига амал қилиш, ҳуқуқбузарликларни содир этмаслик, қонунбузарлик, жиноятчилик ва ижтимоий адолатсизликка нисбатан муросасиз бўлиш)ни шакллантириш;

-  атроф-муҳит ва табиатга масъулиятли муносабатни қарор топтириш;

-  психологик хизматни ташкил этиш (психологик толиқиш ва зўриқишни бартараф этиш, руҳий тетиклик, келажакка ишонч ҳиссига эга бўлиш, шунингдек, жамоада соғлом муҳитни қарор топтириш (меҳрибонлик уйлари раҳбарлари, педагоглари ва тарбияланувчиларнинг бир-бирларини тушунишлари, бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари, доимо ўзаро ёрдамга тайёр туришларига эришиш);

-  оилавий ҳаётга тайёрлаш.

Мазкур йўналишларда педагогик фаолиятни ташкил этиш махсус дастур ва аниқ режаларни ишлаб чиқишни тақозо этади. Уларни ишлаб чиқишда меҳрибонлик уйларининг ички имкониятлари, педагогларнинг иш тажрибалари ва маҳоратлари, шунингдек, уларнинг, айниқса,, раҳбар ходимларнинг ташаббускорлиги, бошқарув маданиятига эгаликлари алоҳида аҳамиятга эга.  Mеҳрибонлик уйларининг ижтимоий ташкилотлар, жумладан, бошқа турдаги таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, ижтимоий муҳофаза органлари, ёшлар, ҳомий, шунингдек, халқаро ҳомий ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликка эришиш, тарбияланувчиларни ҳар томонлама ижтимоий ҳаётга тайёрлаш жараёнида уларнинг имкониятларидан самарали фойдалана олиш ҳам кутилган натижаларни қўлга киритиш имконини беради.

Юқорида кўрсатилган йўналишлар бўйича педагогик фаолиятни ташкил этишга малакали, кўп йиллик иш тажрибасига эга педагогларни жалб қилиш ҳам эришилган ютуқларни бойитади, меҳрибонлик уйларида юзага келиш эҳтимоли бўлган ёки мавжуд зиддиятларни бартараф этишда тўғри йўл саналади.

Қарорга  асосан  Наманган Давлат университети  раҳбарияти  ва профессор – ўқитувчилари томонидан “Меҳрибонлик ” уйлари билан икки томонлама  шартнома  тузилган бўлиб,  мазкур шартномага биноан   педагогик  амалиёт  ўтказиш, илмий тадқиқотлар ишларини олиб боришда тажриба-синов  ишларини  амалга ошириш, маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш, тўгарак ишлари орқали касбга йўналтириш, оилавий  ҳаётга тайёрлаш  каби вазифалар амалга оширилмоқда.

Ўғилой Асқаров,
Наманган Давлат университети
педагогика фанлари доктори, профессор.