Муҳаббат Йўлдошева: «Мақом санъати – миллийлик ва ўзликнинг илдизларидир»

Муҳаббат Йўлдошева: «Мақом санъати – миллийлик ва ўзликнинг илдизларидир»

Муҳаббат Йўлдошева - Ўзбекистон давлат филармонияси Наманган вилояти бўлинмаси яккахон хонандаси. Санъат соҳасида 35 йилдан буён ижод қилиб келади. Унинг фаолиятида Алишер Навоий номли Наманган вилоят драма ва комедия театри, Академик ва халқ бадиий жамоалари дирекциясида кечган ижод даври алоҳида ўрин тутади.

Ўзига хос ёрқин овози, дилтортар қўшиқлари билан халқимиз кўнглидан чуқур жой олган Муҳаббатхон Юлдашева шу кунгача бир қатор ютуқларни қўлга киритган. У “Марҳабо талантлар”, “Ўзбекистон - Ватаним маним”, “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика кўрик-танловлари ғолиби саналади.

Қаҳрамонимиз ҳозирда Ўзбекистон давлат филармонияси Наманган вилояти бўлинмаси таркибидаги “Наманган наволари” ашула ва рақс ансамблининг яккахон хонандаси.

Ҳар бир халқнинг санъати унинг маънавияти, маданиятини, бир сўз билан айтганда, ўзлигию ўзига хослигини ифода этади. Санъат халқ онги, тафаккури билан бирга ривож топади. Бироқ бу соҳада асрлар давомида сайқал топиб, асл дурдонага айланган йўналиш ҳам борки, бу – мақомдир. Миллий мақомга ҳурмат назари билан қараш, уни асраш, тарғиб қилиш ёш авлодни чин маънода комил инсон бўлиб улғайишида муҳим ўрин тутади.

Хўш, бугун ўзлигимизнинг жон томирларидан бири ҳисобланган миллий мақом санъатига халқнинг, ёшларнинг, тингловчининг муносабати қандай?

Ўзбекистон давлат филармонияси Наманган вилоят бўлинмаси яккахон хонандаси Муҳаббат Йўлдошева билан суҳбатимиз давомида миллий мақом қўшиқчилигининг тарихи, тақдири, бугуни ва эртаси хусусида фикрлашдик.

- Муҳаббат опа, сўнгги йилларда мамлакатимизда санъат соҳасига эътибор кучайди. Ҳукуматимиз томонидан миллий мақом санъати йўналишини ривожлантиришга доир қатор қарор ва фармонлар қабул қилингани фикримиз далили бўла олади. Мақом санъати вакили сифатида юқоридаги муҳим ҳужжатлар ижроси юзасидан вилоятимизда амалга оширилаётган ишлардан қониқяпсизми? Бу борада қандай мулоҳаза ва таклифларни билдирган бўлардингиз. Келинг, суҳбатни шундан бошласак.

- Ҳозирги кунда миллий мақом санъатини ривожлантириш, асраш ва тарғиб қилишга эътибор ҳар қачонгидан кучли. Бундан фақат қувониш мумкин. Вилоятимизда ҳам бир қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Масалан, йил бошида шаҳардаги “Шодиёна” мажмуасида “Мақом кечалари” ўтказила бошланди. Бу мумтоз қўшиқлар куйлаш истагидаги ёшлар учун чинакам маҳорат мактаби бўлиши мумкин эди. Бироқ бу кечаларнинг умри қисқа экан. 4-5 марта ўтказилди-да, кейин тўхтаб қолди. Бунинг сабаби бизга номаълум.

Мен Ўзбекистон давлат филармонияси хонандасиман. Жудаям ўкиндим. Пойтахтимиздан таниқли ижодкорлар, ҳатто, хориждан меҳмонлар келиб, иштирок этишган эди, ўша мақом кечаларида. Президентимиз ҳам Наманган вилоятига ташрифлари чоғида: “Ҳар бир хонадонда оиланинг ҳар бир фарзанди қайсидир чолғу асбобини чалишни ўрганиши керак. Намангандан етишиб чиққан устоз санъаткорлар Камолиддин Раҳимов, Ҳабиба Охуноваларнинг овози, ўлмас қўшиқлари, керак бўлса, ҳар бир таълим масканида янграб турсин. Танаффус пайтидами ёки дарс машғулотлари бошланмасидан аввалми, шу қўшиқлар янграб турсин. Сизлар Наманган услубини яратиб, бошқа ҳудудларда тарғиб қилинглар”, деган таклифни баён этган эдилар. Бу кўнглимиздаги гаплар эди. Чунки ҳақиқатдан ҳам, бундай истеъдодлар халқ орасида саноқли.

Мен ҳалигача устоз Камолиддин Раҳимовнинг қўшиқларини эшитсам, бошқача таъсирланаман. Чунки бундай овозни ҳозир топиб бўлмайди. Устознинг овози ёқимли, ширали бўлиш баробарида юрагингизни жунбушга келтирадиган, сизни бошқа дунёга олиб кирадиган кучга эга.

Камолиддин Раҳимовнинг ўз мактаби бор эди. Ана шу мактабни қайта тиклаш керак деб ўйлайман. Мана, Наманган давлат университетининг мусиқа факультети бор. Ўзбекистон давлат филармониясининг Наманган вилоятида филиали бор. У ерда ҳам мақом йўналишида куйлайдиган ёшлар бор. Уларни ишга олаётганда: “Камолиддин Раҳимов, Ҳабиба Охунова, Ўринбой Нуралиевларнинг қўшиқларидан биласизми? Улардан намуналар куйлаб беринг”, дея сўраш керак, ижроларини баҳолаш керак. Наманганлик хонанда бўла туриб, уларнинг қўшиғини билмаслик – уят. Лекин эстрада йўналишида куйлаш ёшлар учун осон бўлиб қолди. Санъатга қизиққан аксарият ёшлар шу йўлни танлаяпти. Ёш истеъдодлар қалбида мақом санъатига қизиқишни пайдо қилиш учун, давлатимиз раҳбари айтганларидек, жуда ёшликдан улар қалбига мақом оҳангларини сингдириш керак, деб ўйлайман.  

- Дарҳақиқат, нафақат Ўзбекистонда, балки қардош халқлар орасида наманганлик машҳур устоз санъаткорлар Камолиддин Раҳимов, Ҳабиба Охуноваларни танимаган, билмаган инсон кам. Уларнинг издоши сифатида “устоз-шогирд” йўналишини давом эттираётган санъаткорлар фаолияти ҳақида нималар дея оласиз?

- Раҳматли устозларимиз Камолиддин Раҳимов, Ҳабиба Охунова, Ўринбой Нуралиев, Турсуной Мамедовалар ўз даврида катта шуҳрат қозонган. Уларнинг ҳар бири алоҳида бир мактаб қилса арзигулик ижодкорлар. Бугунги кунда ўша таниқли, машҳур юртдошларимиз ижодини кенг тарғиб қилиш - бизнинг асосий вазифамиз. Мен Янгиқўрғон туманининг олис Нанай қишлоғида туғилиб ўсганман. Қачон қишлоққа йўлим тушса, мендан: “Биз Камолиддин Раҳимовни яхши кўрамиз, Ҳабиба Охунованинг қўшиқларини соғинганмиз, эшитиб мазза қиламиз. Қачон концерт дастури бериб, уларнинг қўшиқларидан айтиб берасиз?” - деб савол беришади. Мен хоҳлардимки, бутун Фарғона водийсида шу устозларнинг хотирасига атаб мақом кечалари ўтказилса, уларнинг ўлмас ижод намуналарини халққа эшиттирсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ҳозирда ижрочилар орасида санъатни тушунмайдиган, бир ғазални ёд билмайдиган, мазмунини чақолмайдиганлар бор, бу – ниҳоятда ачинарли ҳолат. Мактабларда адабиёт, мусиқа дарслари билан қўшган ҳолда бир дарслик яратилса-ю, бу сабоқлар жараёнида шундай нодир, қимматбаҳо меросимиз – Нодира, Фузулий, Навоий, Машраб ғазаллари таҳлил қилинса, улардаги мазмун, моҳият болалар онгига, қалбига сингдирилса. Эртанги кун давомчилари бўлмиш ёш авлод вакиллари мактаб давриданоқ санъатга ҳурмат руҳида улғайса, миллий мақом қўшиқларини тинглаб вояга етса, ана шундагина санъатнинг қадрига етишни ўрганади.

- Муҳаббат опа, аллани ҳам миллий қўшиқчилигимизга дахлдор санасак бўлади. Аммо бугунга келиб алла айтадиган оналар йўқ ҳисоби. Наманганда эса алла ижрочилари танловини ўтказиш анъанага айланиб улгурган. Танлов бошқа вилоятларда ҳам ўтказилиши мумкинми?

- Ҳабиба Охунованинг “Алла”си ҳар бир кўнгилни жунбушга келтиради. Бундай танловлар турли ҳудудларда ўтказилиши, албатта, нур устига аъло нур бўлади. Чунки янги истеъдодлар кашф этилади, турли йўналишдаги аллалар, кимнингдир, қачонлардир куйлаган алласи қайтадан дунёга келади. Чекка ҳудудларда шундай истеъдод соҳиблари борки, уларнинг овозига ҳавасингиз келади. Шундай истеъдодларни кашф этиш учун сиз айтган таклиф айни муддао бўлади. Ўз навбатида, ёш оналаримиз учун ҳам жуда қўл келади деб ўйлайман. Бу таклифни юқоридаги раҳбариятга билдириш керак.

- Ўзбек мумтоз санъати - жиддий соҳа. Истеъдодлар бор, уларнинг маҳорати ўзига яраша баҳоланиши табиий. Бироқ соҳада муаммолар ҳам талайгина. Сизнингча, мутасаддилар муаммолар ечими юзасидан қандай ишларни амалга ошириши лозим?

- Тўғри, муаммолар етарли. Оддий бир мисол, мен мақом йўналишини севаман. Шу йўналишда жўшиб куйлагим, халққа қувонч улашгим келади. Лекин тадбирларда тайёрлаб келган қўшиғим у ёқда қолиб, енгил-елпи, фақат қандайдир арзимас ҳаракатларни тарғиб қилувчи, бошқа миллатлардан кўчирилган шўх қўшиқларни сўрашади. Ахир бизнинг ўз миллий санъатимиз, ўлмас меросимиз бор?!

 Ёшимиз ўтган сайин бизни ҳурмат қилиш, насиҳатимизга қулоқ солиш ўрнига бизга нисбатан эътиборсизлик, лоқайдлик билан қарашади. “Шу ижодкор узоқ йиллар санъатнинг нонини еди. Қийинчиликлар, машаққатлар, заҳматлар чекди. Унинг қайғуришига сабаб бордир”, деб ўйлаб ҳам кўришмайди. Ижодкор халққа танилиши, ўзбек миллий санъатини бутун дунёга тарғиб этиши учун наҳотки, унинг ширали овози эмас, балки сохталаштирилган ташқи кўриниши муҳим бўлса?!

Мен шунча йиллар давомида ижод қилдим, қиляпман. Ўзимга яраша мухлисларим бор. Лекин келажак авлодни қандай тақдир кутмоқда? Миллий мақом йўналишига муносабатни ўзгартирмас эканмиз, эртага бу йўналишдаги устозларни топиб бўлмай қолади. Агар шу кетишда бўлса, оқибати аянчли бўлиши муқаррар.

Вазифамиз ўзимизга юклатилган масъулиятни сидқидилдан бажариш, халққа маданий-маънавий озуқа беришдан иборат экан, бу йўлда мутасаддиларнинг қўллаб-қувватлашига, эътиборига эҳтиёж сезамиз.

Мен бир нарсани орзу қиламан - Намангандан яна эл фахрланса арзигулик жуда кўп санъаткорлар, мақомнинг маҳоратли ижрочилари етишиб чиқса. Агар биз ҳозирданоқ миллий мақом санъати тарғиботини кучайтирсак, бунга эришиш мумкин деб ўйлайман.

- Фаолиятингизда куч-қувват тилаймиз. Ижодий муваффақиятлар ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин. Мазмунли суҳбат учун ташаккур!

Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.