Мустақиллик – улуғ неъмат

Мустақиллик – улуғ неъмат

Шукроналик билан унинг асрашимиз, мустаҳкамлашимиз мумкин!

Бу ёруғ оламда инсон учун яратилган неъматлар жуда кўп. Аммо тинчлик, хотиржамлик ва истиқлол неъматидек ноёб бойлик, азиз нарсалар йўқ. Ажододларимиз халқимиз, миллатимиз озодлиги, ҳуррият учун жон олиб, жон берганлар, миллат тақдири ва юрт келажаги учун курашганлар.

Шукрки, бугун мустақилмиз. Дунё давлатлари олдида ёруғ юз билан спорт, маданият, таълим соҳаларида илғор ёшлар ғалабалари билан бормоқдамиз. Бу имконият, бундай тинч ва фаровон кунларга ҳар қанча шукрона айтсак шунча кам.

Мустақиллик ҳар бир юртдошимиз ҳаётига янгича мазмун, турмушига фаровонлик олиб кирди. Барча соҳада қўлга киритилаётган муваффақиятлар биз танлаб олган тараққиёт йўли нақадар тўғри ва ишончли эканлигининг амалий тасдиғи сифатида намоён бўлмоқда.

Истиқлол туфайли мамлакатда Ислом дини равнақи йўлида ҳам кенг имкониятлар очилди. Бу нарса айниқса, мустақилликка эришганимиздан кейин миллий ва диний қадриятларимизни халқимизга қайтариш соҳасидаги салмоқли ишлар орқали янада равшанроқ намоён бўлади.

Истиқлолдан олдин юртимиздаги масжидларнинг аҳволи ўта аянчли эди. Бутун республикада бор-йўғи тўқсонга яқин масжид бўлиб, уларнинг кўпи таъмирталаб эди. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда минглаб масжидлар мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти янгидан қурилган. Буларнинг ҳаммаси мустақилликнинг кўзга кўринган самараларидир.

Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, фақат истиқлолгина юртимиз мусулмонларига “Ҳаж” ва “Умра” қилиш имкониятларини кафолатлаб берди. Жаҳон Ислом тамаддунига, фан ва маданиятига улкан ҳисса қўшган Хожа Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳрор Валий каби атоқли ислом олимлари ва тасаввуф уламоларининг таваллуд саналари катта воқелик сифатида нишонланмоқда, қадамжолари обод қилиниб, асарлари нашр этилмоқда. Буларнинг ҳаммаси - истиқлол берган неъматлар.

Мухтасар сўзимиз - ана шундай катта имкониятларни очиб берган истиқлолимизнинг қадрига етиб, уни кўпроқ ардоқлайлик. Биз яратилган мана шундай диний эркинликлар ва қулайликлар Аллоҳ таолонинг жуда катта илоҳий неъмати эканини қалбимиздан англаб етайлик. Юртимиз йилдан-йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, бунга жавобан кечаю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб боришимиз лозим. Чунки Аллоҳ таола ўз каломида: “…агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…” – деб таъкидлаганидек, ўз неъматларини янада зиёда этиши муқаррардир.

Зотан, Аллоҳга ҳамду сано айтиш, Унинг неъматлари шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат, ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб шундай деганлар: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, деганлар. Аллоҳ таолонинг бизларга берган улуғ неъматларидан яна бири юртимизнинг тинч ва осойишталигидир.

Ҳозирги кунда барчамиз ер юзининг турли жойларида бўлиб турган турли офат ва балолар, уруш ва қон тўкишлар ҳақида эшитиб, кўриб турибмиз. Юртимизни бундай турли офат-балолардан Ўз ҳимоясида сақлаб, бундан-да фаровон ҳаётни барчамизга насиб қилсин!

Ҳайитали ТЎЙЧИЕВ,
Улуғнор туманидаги “Мингбулоқ” жомеъ масжиди имом-хатиби.