Наманган аҳолисининг 85 фоизи яқин йиллар ичида ичимлик суви билан таъминланади

Наманган аҳолисининг 85 фоизи яқин йиллар ичида ичимлик суви билан таъминланади

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи – ҳамон долзарблигича қолмоқда. Негаки, ичимлик суви тармоқларининг эскириши, қолаверса, аҳолининг кўпайиши, яшаш пунктларининг кенгайиши, янги истиқоматгоҳларнинг пайдо бўлиши бу соҳа вакиллари олдига қатор вазифаларни қўйяпти.

“Наманган сув таъминот” масъулияти чекланган жамияти директори Илҳомжон Ширанов билан бўлган суҳбатимизда айни пайтда тоза ичимлик суви таъминоти юзасидан амалга оширилаётган ишлар ва галдаги режалар ҳақида фикр алмашдик.

- Илҳомжон Абдуманнобович, бугунги кунда вилоятимизнинг неча фоиз аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланган?

- Вилоятдаги 775 та МФЙда яшовчи 2 867 400 дан ортиқ аҳолининг 63 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. 4,2 фоиз аҳолига ичимлик суви махсус транспорт воситалари орқали етказиб берилади. Қолган 32,8 фоиз аҳоли альтернатив сув манбаларидан фойдаланади. Бу кўрсаткичларни маҳаллалар кесимида оладиган бўлсак, 652 та фуқаролар йиғини аҳолиси марказлашган сув тармоқлари орқали, 35 таси автотранспорт орқали ичимлик суви билан таъминланган бўлса, 88 таси эса альтернатив сув манбаларидан фойдаланади. Истеъмолчиларга ичимлик суви 579 та сув олиш ва узатиш иншоотлари, 5468,1 км. ичимлик сув тармоқлари орқали етказиб берилади.

- Шу ўринда аҳолини оқава сув ҳамда коммунал канализация хизматининг аҳволи тўғрисида ҳам маълумот бериб ўтсангиз.

- Вилоятда коммунал канализация хизматлари Наманган шаҳри ва 8 та туман (Косонсой, Наманган, Поп, Тўрақўрғон, Уйчи, Чортоқ, Чуст ва Янгиқўрғон туманлари) марказларида кўрсатилади. Жами 4 та оқава сувларни тозалаш иншоотлари, 4 та оқава ҳайдаш насос станциялари ва 381,9 км оқава тармоқлари мавжуд, оқава сув тозалаш иншоотларининг умумий қуввати 107,1 минг куб метр. Қисқа қилиб айтганда, вилоят аҳолисининг 6,8 фоизи оқова сув тизими билан таъминланган.

Мингбулоқ, Норин, Учқўрғон туманларида коммунал оқава сув тизимлари мавжуд эмас. Бироқ, Норин туманида 2020 йилда қуввати суткасига 1000 куб.метр бўлган оқава тозалаш иншооти ва 7,8 км. оқава сув тармоғи қуриш ишлари бошланган. Жорий йилда қурилиш-монтаж ишлари давом этяпти.

- Ичимлик суви тармоқларининг ҳаммаси ҳам яроқли ҳолатда эмас, тўғрими? Чунки кунда-кун ора ижтимоий тармоқлар орқали шу хусусдаги мурожаатларга гувоҳ бўляпмиз. Мазкур йўналишда қандай ишлар амалга ошириляпти?

- Тўғри, мавжуд 5,5 минг километр ичимлик сув тармоқларидан 2,2 минг километри таъмирталаб ҳолатда. Аҳоли ва бошқа истеъмолчиларни ичимлик сув таъминотини ва канализация хизматларини ривожлантириш учун 2017-2020 йилларда салмоқли ишлар амалга оширилди. Яъни, 351,5 миллиард сўм маблағ ҳисобига 1196,9 км ичимлик ва оқава сув тармоқлари реконструкция қилинди. Натижада  350 дан ортиқ аҳоли пунктида яшовчи 300 мингдан ортиқ аҳоли ичимлик суви билан таъминланди, 500 мингдан ортиқ аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Бу билан вилоят бўйича ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 56,3 фоиздан 63 фоизга ўсди.

- Жорий йилда қандай натижаларга эришиш назарда тутилган?

- 2021 йилда республика бюджет ҳисобидан ажратиладиган жами 133,4 млрд. сўм маблағ ҳисобига 38 та объектда 381,6 км. ичимлик ва оқава сув тармоқлари ҳамда 31 дона иншоотлар қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган.

Хусусан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 26 та МФЙдаги 30 та объектда 277,0 км ичимлик ва оқава сув тармоқлари ҳамда 27 та иншоотларни реконструкция қилиш ва қуриш ишлари бажарилади, бунинг учун жами 72,6 млрд. сўм маблағ талаб этилади.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил
21 апрелдаги 230-сонли қарорига асосан, “Сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш бўйича инжиниринг компанияси” буюртмачи, “Ўзбеккоммуналлойиҳақурилиш” ДУК бош лойиҳачи, “Янги авлод қурилиш инвест” МЧЖ бош пудратчи этиб белгиланди. Қарор билан шу йил 1 октябрга қадар объектларда қурилиш-монтаж ишларини лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан параллел олиб боришга рухсат берилган.   

Ҳозирда объектларнинг лойиҳа-смета хужжатларини ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, “Янги авлод қурилиш инвест” МЧЖ томонидан 14 та объектларда қурилиш-монтаж ишлари бошланди, 10 та объектларда қурилиш материалларининг захираси яратилмоқда.

- Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 18-19 феврал кунлари вилоятимизга ташрифи давомида ҳамда Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ичимлик сув таъминоти оғир бўлган ҳудудлардаги аҳолининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича шахсан Президентимиз томонидан топшириқлар берилди. Бу вазифалар ижроси ҳақида нима дея оласиз?

- Таъкидлаб ўтганингиз - юқоридаги вазифа ижросини таъминлаш мақсадида дастлабки манзилли рўйхат шакллантирилди. Унга мувофиқ 8 та объектларда 73,8 км. ичимлик сув тармоғи ва 6 та иншоотлар қуриш ва реконструкция қилиш ишларига 32,9 млрд. сўм маблағлар ажратилиши белгиланди. Ҳозирда “Сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш бўйича инжиниринг компанияси” буюртмачилигида объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.

Таъкидлаб ўтишим жоизки, 2021 йил инвестиция дастури  доирасида “Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармаси” маблағлари ҳисобидан 6 та объектларга 27,9 млрд. сўм маблағлар ажратилган. Бу маблағлар эвазига 104,6 км. тармоқлар ва 4 та иншоотлар қуриш ҳамда реконструкиця қилиш режалаштирилган. Йилнинг ўтган даври мобайнида объектларда 7,2 млрд. сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилиб, 7,8 млрд. сўм маблағлар молиялаштирилди.

- Наманган шаҳрининг “Бунёдкор” МФЙ аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланиш ҳолати бугун қандай даражага келди?

- “Бунёдкор” МФЙни ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 149,6 млрд. сўм маблағ ҳисобидан Янгиқўрғон тумани “Булоқбоши” МФЙда 8 та тик қудуқдан иборат сув олиш ва узатиш иншооти, “Булоқбоши” сув иншоотидан Наманган шаҳар “Бунёдкор” МФЙгача 20,8 км диаметри Д-700 мм магистрал тармоқ, 2 та 5000 м3 ҳажмли тоза сув сақлаш ҳовузидан иборат “Ёшлик” сув тақсимлаш иншооти, “Ёшлик” сув иншоотидан “Мустақиллик” сув иншоотигача 11 км диаметри Д-500 мм магистрал сув тармоғи ва “Бунёдкор” МФЙда 53 км ички тармоқлар қуриш кўзда тутилган.

Буюртмачи - “Сув таъминоти ва  оқава сув объектларини қуриш бўйича инжинирнг компанияси” УК Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси, лойиҳачи - “TRUE ENGINEERING SUPERVISION” МЧЖ ва бош пудратчи - “Янги авлод қурилиш” МЧЖ томонидан объектда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш бўйича тармоқ жадвали ишлаб чиқилган ҳамда тармоқ жадвали асосида ишлар олиб борилмоқда.

Май ойи сўнггидаги ҳисоб-китобларга кўра “Бунёдкор”да жами 52,8 км, шундан 10,4 км магистрал қувур учун, 42,4 км кўча тармоқлари учун траншея қазилди, 48,6 км қувурлар монтаж қилинди ҳамда кўмилди, 96 дона колодецлар ўрнатилди.

Бундан ташқари, “Булоқбоши” сув олиш иншоотида 2 та тик қудуқларни компрессор ёрдамида тозалаш ва 2 та тик қудуқни қазиш ишлари якунланди, 1 та тик қудуқни бурғулаш ишлари давом этмоқда, иншоотда тоза сув сақлаш ҳовузини қуриш учун ерни қазиш ишлари ва арматурадан каркас тўқиш ишлари бажарилмоқда.

- Янглишмасак, Халқаро молия институтлари иштирокида ҳам бир мунча ижобий ишлар амалга ошириляпти, шундайми?

- Дарҳақиқат, вилоят ахолисини турмуш даражасини ошриш мақсадида Халқаро Молия институтлари иштирокида 2020-2026 йиллар давомида 5 та лойиҳа бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Лойиҳалар доирасида 3 та сув олиш ва 4 та сув узатиш иншоотлари қуриш, 6 та сув олиш ва 13 та сув узатиш иншоотларини реконструкция қилиш, 3 та оқава сув тозалаш иншооти ва 41 км оқава тармоқлари қуриш, 1 та оқава иншооти ва 15 км коллекторларни рееконструкция қилиш ишларига 291,7 млн. АҚШ доллари сарфланади.

Шунингдек, 2022-2026 йиллар давомида 695,1 млрд. сўм республика бюджети ҳисобидан 1832 км. ичимлик суви тармоқлари ва 200 дан ортиқ сув иншоотлари реконструкция қилинади ва қурилади. Канализация хизматларини яхшилаш бўйича эса республика бюджетидан жами  226,7 млрд. сўм маблағ ажратилган бўлиб, бунинг ҳисобига 250 км. оқава сув тармоқлари ва 2 та иншоот қурилади ҳамда 3 та оқава тозалаш иншоотлари реконструкция қилинади. 

Юқоридаги лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида вилоятда аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 85 фоизга, оқава сув тизими билан таъминланганлик даражаси эса 30 фоизга ўсишига эришилади.

- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.