Наманган – бўлажак чемпионлар маскани

Наманган – бўлажак  чемпионлар маскани

Давлат миқёсидаги муҳим масалаларга бағишланган видеоселектор бормоқда. Президентга оғир атлетикачи Акбар Жўраев Токио-2020да олтин медаль соҳибига айлангани хусусидаги хушхабар етказилди. Спортга эътиборни қаранг: давлатимиз раҳбари бир муддат видеоселекторни тўхтатди, йиғилиш қатнашчилари ва бутун халқимизни улкан ютуқ билан қутлади. Бунақаси тарихда бўлмаган! Ўша лаҳзаларда спорт соҳасини танлаганимдан фахрланиб кетдим! Дилимга тугдимки, келажакда Намангандан ҳам Олимпиада чемпионлари чиқишига муносиб ҳисса қўшаман, бу борада бор кучимни аямайман. Ишончим комилки, келажакда наманганлик олимпиачилар ҳам чемпионлик шоҳсупасига кўтарилиб, Ватанимиз донғини дунёга таратишади.  Яхши хабарнинг, яхши ниятнинг қаноти бўлади. Мен мустақиллигимизнинг шонли ўттиз йиллиги тантаналари нафаси юртимизда кезиб юрган бир пайтда шундай эзгу орзулар қилмоқдаман. Орзу қилишга ҳақлиман. Негаки бу йил Наманган Давлат университети жисмоний маданият факулътети магистратура йўналишини битирдим.  Демоқчиманки, айни ишлайдиган пайтим. Устозларимизнинг қўллаб-қувватлашлари билан кўнглимда катта режалар лойиҳаси бўй ростламоқда.  Портлаш “эффект”и дегани шу.  Биргина туртки кишидаги янги имкониятлар тўлқинини очиб юборади.

Бундан олти йил муқаддам Қўқон Давлат педагогика институти талабаси бўлгандим. Ҳўқанди латифда бир йил таҳсил олгач, оилавий шароит сабаб ўқишимни Наманган Давлат университети жисмоний маданият факулътетида давом эттирдим.  Барибир, бегона муҳитга аралашиб кетиш қийин. Бир куни дарс чоғи ўқитувчимиз Сардор Рустамов талабаларнинг келажак мақсадлари хусусида сўради. Кимдир мураббий, бошқа биров мактабда ўқитувчилик қилиши ҳақида сўзлади. Мен  эса спорт билан бир қаторда шеъриятни яхши кўришим ҳақида бир оз ийманибгина айтдим. Ўшанда Сардор ака дарсдан кейин мени ёнига чорлаб, ижод ва меҳнат ютуқларнинг қўш қаноти эканлиги ҳақида таъкидлади, мени янги марралар сари руҳлантирди, факультетимиздаги бошқа устозларга мени яқиндан таништирди. Шу биргина туртки эвазига факультет, кейинчалик университетимизда Бахтиёр Холмирзаев бўлиб танилдим.  Университет ректорати ва факультет деканати менинг ҳаваскорлик руҳидаги ижодий ишларимни астойдил қўллаб-қувватлади, ҳатто  оиламизга ташриф буюриб, ота-онам ва бошқа яқинларимга ютуқларим ҳақида сўзлаб беришди.  Ёшлар, хусусан, истеъдодлар Президентимиз ва бошқа мутасаддилар томонидан қўллаб-қувватланишининг ёрқин намунаси эмасми бу?!   Бундай вазиятда янги куч-ғайрат ва жўшқин илҳом билан ишламай бўладими?!

Куни кеча факультетимиз декани Собитхон Азизовга кўнглимдагиларни ёрдим.  У киши хурсанд бўлиб: “Ёз, қара, қанча-қанча ютуқларимиз бор! Ниятинг эзгу! Токио-2020да икки талабамиз, яъни оғир атлетикачи Адҳамжон Эргашев ва боксчи Шаҳноза Юнусова иштирок этишди. Адҳамжоннинг совриндорлар сафига кириши учун озгина омад етмади, холос! Адҳамжон, Шаҳноза ва улар каби ғолибликка ташна талабаларимизнинг келажаги ҳали олдинда!” -деди иштиёқ билан! Шу боис  Наманганимизда ҳам чемпионлар камол топаётгани тўғрисидаги ниятим қатъийлашди. Фахр-ифтихорга тўлиб айтишим керакки, Наманган спортининг кечаги куни, бугуни ва эртаси, ҳеч шубҳасиз, Наманган Давлат университети жисмоний маданият факультети билан чамбарчас боғлиқ! Ташкил этилганига ярим асрдан ошган мазкур мўътабар даргоҳда қанча-қанча устозлар меҳнат қилиб, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлишди. Факультетимиз тарихига назар ташласак, юзлаб донгдор спортчилар айнан шу даргоҳда катта спортга қадам қўйишганини, ғолиблик марраси сари боришганини билиб олиш қийинмас. Мустақилликдан аввал бир вилоят марказида жойлашган университет талабасини олимпиада ўйинларида иштирок этишини тасаввур қилиш мумкинмиди?! Йўқ, тасаввурга сиғмасди у пайтлар бундай воқелик. Истиқлолимизнинг ўттиз йиллиги тўйи арафасида эса Наманган фарзандлари ҳам бошқа юртдошалримиз қатори Токио-2020да жавлон уришди.  Яна уч йилдан сўнг Парижда ёзги олимпиада ўйинлари ўтказилади. Дўппини бир айлантиргунча йиллар ортда қолади. Демак, бизнинг вазифамиз ҳозирдан отни қамчилаш  ва Наманган мисолида юртимиз номини кўҳна Европада, Францияда шарафлашдан иборат!

Ҳа, юртимизда истиқлол байрами шукуҳи ва олимпиа ўйинлари нафаси биргаликда кезиб юрибди.  Ҳозир ҳам, келажакда  ҳам шонли истиқлолимиз тантаналари чемпион спортчиларимиз ғалабалари билан гўзалдир, тотлидир!  Шундай хушбахт дамлар ҳар биримизга насиб айласин!

                                                                                                                   Бахтиёр ХОЛМИРЗАЕВ