Наманган Давлат университети докторантининг АҚШдаги таҳсили ва грант дастуридаги иштироки

Наманган Давлат университети докторантининг АҚШдаги таҳсили ва грант дастуридаги иштироки

У бунга қандай эришди, унинг муваффақият сабаблари нимада?

Бугун Ўзбекистон ёшлари билими, истеъдоди, шижоати, иродаси, қатъияти билан жаҳонни лол қолдирмоқда. Улар орасида шундайлари борки, эришган ва эришаётган ютуқларини кўриб, ҳавасинг келади.

Биз ғурур билан сўз юритадиган йигит ҳам Наманганнинг чекка  қишлоғида туғилиб ўсган ўзбек фарзанди. Унинг муваффақиятлари ҳар қандай одамни ҳайратга солиши, қалбида янги умидлар уйғотиши табиий.

Абдувоҳид Исақов 1981 йилнинг 3 ноябрида Косонсой туманида туғилган. 1998 йилда тумандаги 11-умумтаълим мактабини тамомлаб, 2000 йилда НамДУ санъатшунослик факультети талабаси бўлган. 2004 йилда тасвирий санъат йўналиши бўйича бакалавриат, 2006 йилда магистратурани тамомлаган.

Наманган давлат университети докторанти Абдувоҳид Исақов билан суҳбатлашар эканмиз, инсон интилишдан ҳеч қачон тўхтамаслиги, ҳар ким мақсадига эришишга қодирлиги, фақат бу йўлда билим, изланиш ва меҳнатни ўзига ҳамроҳ қилиши лозимлигига амин бўлдик.

- Абдувоҳид, бугунга келиб ўз мақсадингиз йўлида катта ғалабаларни қўлга киритдингиз. Иш фаолиятингизни қачон бошладингиз ва нималарга кўпроқ аҳамият қаратдингиз?

- Иш фаолиятимни 2006 йилда Наманган шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатида ўқитувчи сифатида бошладим. 2010-2011 йилларда Наманган ўлкашунослик музейида аввал кичик илмий ходим, кейинчалик “Санъат ва адабиёт” сектори раҳбари вазифасида, 2011-2018 йилда Наманган шаҳар ижтимоий-иқтисодиёт ва педагогика коллежида, шу йили НамДУ ҳузуридаги ХТХҚТМОИда ўқитувчи бўлиб ишладим. 2018 йил сентябр ойидан НамДУ тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси кафедрасида иш бошладим. 2020 йилдан эса НамДУ тасвирий ва амалий безак санъати ихтисослиги бўйича таянч докторанти бўлдим. Айни пайтда “Тасвирий санъат дарсларида рақамли технологиялардан фойдаланишнинг методик асосларини такомиллаштириш” мавзусида илмий изланиш олиб боряпман. Ҳозирга қадар нуфузли хорижий ва маҳаллий илмий журналларда туркум мақолаларим чоп этилди.

 - Америка қўшма штатларидаги таҳсил ва илмий фаолиятингиз қандай бошланди?

-  Мен  АҚШ “American Councils for International Education tomonidan taklif etilgan FEP” (Faculty Enrichment Program-FEP | Faculty Enrichment Program (americancouncils.org) дастури бўйича иштирок этдим. Мазкур дастур Ўзбекистон ОТМларида фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилар ва ходимларга АҚШда 4 ой давомида ўзларини қизиқтирган мавзу бўйича амалиёт ўташ, ўз касбий маҳоратини ошириш ва АҚШда ижтимоий-маданий алмашинувларда иштирок этиш имкониятини беради. Бу грантни қўлга киритиш учун 3 босқичли: лойиҳа тақдимоти, индивидуал интервью ҳамда тил билиш даражасини аниқлаш (TOEFL) тестидан муваффақиятли ўтдим ва Ўзбекистон ОТМларининг 30 нафар вакиллари қаторида дастурда иштирок этиш бахтига мушарраф бўлдим.

Ўшанда жуда хурсанд бўлганман. Чунки бундай имконият ҳаммага ҳам берилавермаслигини яхши билардим. Ҳозирда шу дастур асосида Мичиган давлат университетида “Experiential learning in art education” мавзусидаги академик лойиҳа устида иш олиб боряпман.

- Шубҳасиз, Ўзбекистон ва АҚШ таълим тизими орасида тафовут мавжуд. Бу ҳақда қандай фикр билдирган бўлардингиз?

 - Тўғри, АҚШда олий таълим муассасаларининг таълим тизими кредит-модуль тизимида амалга оширилиб, ўқитишда замонавий педагогик ва ахборот технологияларидан кенг фойдаланилади. Шунингдек, талабалар ўз йўналишлари бўйича ўзлаштирилиши керак бўлган фанларда ўқув йилининг ўзига қулай бўлган семестрида иштирок этадилар. Шуниси аҳамиятга моликки, таълимга бу ерда “ўқитиш” эмас балки, “таълим олиш” концепцияси асосида ёндашилади. Яъни, ўқув машғулотларини ташкил этишда аудиторияда ўқитувчи “ягона ахборот манбаи” ҳисобланмай, у таълим олувчиларга керакли йўналишни кўрсатиб турувчи инсон сифатида қаралади. Талабалар эса билим олувчи сифатида вақтини кўпроқ фан ва мутахассисликни ўзлаштиришга сарфлайди, дарслардан кейин вазифаларни пухта бажаришга ҳаракат қилади.

Мисол учун, ўзим иштирок этаётган фанларнинг бирида кичик гуруҳлар учун ролли ўйинлар методига асосланган театрлаштирилган саҳна кўриниши тайёрлаш топшириғи берилди. Масалан, бизнинг гуруҳимиз аъзолари ҳафтанинг икки кунида дарсдан ташқари вақтда йиғилиб, биргаликда муҳокама ва тайёргарликлар олиб бордик. Талабаларнинг барчаси тайёргарликка ўз вақтида келиб, ўзига бириктирилган вазифаларни самимий бажариб беришди. Мен ўзимнинг академик лойиҳамни амалга ошириш учун 4 та ўқув дарсларида қатнашаман. Уларнинг 2 таси PhD тингловчилари учун мўлжалланган бўлиб, асосан таълимда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланишга қаратилган. Яна бир фан АҚШ таълим тизимида сўнгги йилларда кенг қўлланилаётган “Experiential learning” (тажрибага асосланган таълим) технологияси асосида ўқитишни ташкил этишга асосланган. Иштирок этаётган фанларимизда фақатгина тигловчи сифатида иштирок этамиз. Бизга фанлар бўйича вазифаларни бажариш мажбурияти юкланмаган бўлса-да, барчасини бажаришга ҳаракат қиляпмиз. Чунки ана шу жараённинг ўзида ҳам катта тажриба, билим ва кўникмаларга эга бўлинади.

Шу ўринда айтиш керакки, АҚШнинг барча олийгоҳлари нуфузли электрон базалар (SCOPUS, Web of Science, ProQuest)дан бепул фойдаланиш имкониятини беради.

  - Ҳар бир инсоннинг ҳаётда ўз олдига қўйган буюк бир мақсади бўлади. Сизнинг келажакдаги орзуларингиз қандай?

- Албатта, мазкур дастур якунлангач, юртимга қайтаман. Режаларим эса бир олам. Келажакда илмий изланишларимни тажрибаларим асосида давом эттириш. Шунингдек, ҳозирда амалга ошираётган академик лойиҳа асосида тасвирий санъатни ўқитишда замонавий педагогик технологиялардан фойдаланиш бўйича услубий ёрдам кўрсатиб, АҚШда олган тажрибаларим асосида битирувчи босқичда таълим олаётган талабалар ҳамда мактабларда фаолият олиб бораётган тасвирий санъат фани ўқитувчиларига фаннинг ўқитиш сифатини оширишда кўмаклашмоқчиман. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда тасвирий санъат фани ва уни ўтиш жараёнларини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқишга ўз ҳиссасини қўшиш ниятидаман.

- Абдувоҳид, бу мақсадларингизга ҳам эришишингизга ишонамиз. Келгуси фаолиятингизда омад тилаймиз. Самимий суҳбат учун ташаккур!

Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.