Наманган давлат университети Хитой фанлар академияси билан ҳамкорлик шартномасини имзолади

Наманган давлат университети Хитой фанлар академияси билан ҳамкорлик шартномасини имзолади

Мамлакатимизда илк маротаба Наманган вилоятида Олий таълим муассасалари ҳамда ҳамкор ташкилотлар ўртасида келишув шартномалари имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йил 16 июнь куни “Олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнлари”га бағишланган видеоселектор йиғилишида  Олий таълимни ривожлантиришдаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Мазкур вазифалардан бири: “Таълим бериш жараёнини бозор талабларига мослаштириб, ишлаб чиқариш билан узвийлигини таъминлаш ва талабанинг ўз устида ишлаши учун муҳит ҳамда шароитни яратиш. Олийгоҳлар талабани ўқишга қабул қилишдан аввал уларни қаерга ишга юборишини билиши, бунинг учун иш берувчилар билан 10 йиллик шартномага эга бўлишлари керак”, деб белгиланди.

Ушбу вазифага мувофиқ Наманган вилояти олий таълим муассасаларидаги мавжуд 84 та кафедралар ўзларининг таълим ва илмий тадқиқот йўналишларига мос бўлган Республика ва вилоят ҳудудидаги 300 дан ортиқ тармоқ ташкилотлар билан ўқув, илмий ва кадрлар билан таъминлаш соҳалари бўйича ҳамкорликни йўлга қўйдилар.

Бугун “Наманган вилояти Олий таълим муассасалари ҳамда ҳамкор ташкилотлар ўртасида келишув шартномаларини имзолаш маросими”да таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг интеграциясини амалга оширишни янги босқичига ўтилмоқда.

Ҳамкорлик шартномасини имзолаш маросимида  Наманган вилояти олий таълим муассасалари ҳамкор ташкилотлар билан 10 йиллик ҳамкорлик истиқболларини расман шартномавий асосда келишиб олдилар.

Эътиборлиси шундаки, Наманган давлат университети нуфузли хорижий илмий ва ўқув марказлари билан хам ўқув, илмий ва кадрлар алмашинуви бўйича хамкорликни йўлга қўйган. Бугунги маросимда  Хитой фанлар академиясининг машҳур Кунминг ботаника институти директори Сун Ханг жаноблари билан истиқболли ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Тантанали равишда имзоланган ҳамкорлик шартномалари амалиётга жорий этилиши билан ўқув дастурлари тармоқ соҳаларга мослаштирилиши натижасида такомиллаштирилиб, ҳамкорларнинг илмий ечимга эга бўлган муаммолари университет олимлари томонидан ҳал этиб берилади.

Университетнинг битирувчилари тармоқ соҳалар учун манзилли тайёрланади, иш билан таъминланади.