Наманган давлат университети – «Маърифат майдони» танлови ғолиби!

Наманган давлат университети – «Маърифат майдони» танлови ғолиби!

Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ёшлар фестивали мамлакатимиз ёшлари ҳаётида катта аҳамият касб этгани билан аҳамиятлидир. Фестивал доирасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида “Маърифат майдони” танловининг якуни босқичи ўтказилгани фикримиз далили бўла олади.

Мазкур кўрик-танлов талаба-ёшлар ўртасида атоқли адиблар ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг тарғиб қилиш, уларнинг адабиётга қизиқишларини янада ошириш, уларга ўз иқтидорларини намойиш этиш учун имконият яратиш мақсадида ташкил этилган бўлиб, танловнинг ҳар бир босқичи қизғин курашлар остида кечди.

Ҳозиргина олган хушхабаримизга кўра, республика олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган “Маърифат майдони” танловининг якуний - республика босқичида Наманган давлат университети фахрли 1-ўринни қўлга киритди!

Эртага жамоамиз Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуыодир Тошқулов томонидан 1-даражали диплом ва 12 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади.

Фақат бугина эмас. Фестивал доирасидаги яна бир танлов - “Маънавият фидойиси” республика кўрик-танловида университетнинг юридик факультети декани ўринбосари Иброҳим Атамирзаев 1-ўринни эгаллади ва ғолиб сифатида 1-даражали диплом ва 1,5 миллион сўм пул мукофотига сазовор бўлди.

Шунингдек, университет талабаси Моҳидил Ҳамидуллаева “Энг яхши аудио ва видеошеърлар” танловида 3-ўрин соҳиби бўлди.