Наманган давлат университети юридик факультети: ТАРИХ ВА ТАРАҚҚИЁТ ОДИМЛАРИ

Наманган давлат университети юридик факультети:  ТАРИХ ВА ТАРАҚҚИЁТ ОДИМЛАРИ

Наманган давлат педагогика институтига университет мақоми берилган  дастлабки йилларда университетда замон талабларига мос мутахассисликлар очишга  алоҳида эътибор қаратилди.

1995 йилнинг баҳорида университет ректори, профессор Абдулла Аъзамов, юридик фанлари номзоди, доцент Аҳмаджон Шарипов ва  тарих факультети декани Бахриддин Талаповлар тарих факультети таркибида ҳуқуқшунос-педагог мутахассислигини тайёрлаш таклифини университет илмий кенгашига киритдилар. Таклиф бир овоздан маъкулланди.

1995 йил  ёзги   қабул даврида  ҳуқуқшунос-педагог  йўналишига 20 нафар  талаба қабул қилинди. Дастлабки йилларда мазкур йўналиш талабаларига доцентлар Аҳмаджон Шарипов, Баҳриддин Талапов, ўқитувчилар Озодахон Чубоева, Неъматжон Бобохонов, Жамолхон Қаҳҳаровлар ҳуқуқ фанларидан сабоқ беришди. Кейинчалик мазкур йўналишни янада мустаҳкамлаш мақсадида 1998 йили июнь ойида Ҳуқуқшунослик кафедраси ташкил этилди. Бу кафедрага дастлабки йилларда тарих фанлари номзоди Баҳриддин Талапов, доцентлар Файзихон Акимбаева ва Шавкатжон Жўрабаевлар мудирлик қилишди.

Талабаларнинг йилдан-йилга кўпайиши баробарида профессор-ўқитувчилар салоҳияти ҳам ортиб борди. Айни шу йилларда юридик фанлари номзоди Одилжон Азимов “Жиноят ҳуқуқи ва процесси” кафедрасини, юридик фанлари номзоди Воҳиджон Зоҳидов “Давлат ва ҳуқуқ назарияси” кафедрасини бошқарди. Университет раҳбарияти, сиёсий фанлар доктори, ректор Турсунбой Файзуллаев бошчилигида  ушбу йўналиш негизида бўлим ва факультет ташкил этиш, унинг илмий–педагогик кадрлар салоҳиятини мустахкамлаш, етакчи олий ўқув юртларидан  юқори малакали  кадрлар жалб қилиш, мутахассислик кафедралари, суд мажлислари зали ва криминалистика хоналари очиш, факультет кутубхонасини дарслик ва ўқув адабиётлари билан бойитиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу жараёнларни ташкил этиш вазифаси 1998-2002 йиллари ҳуқуқшунослик факультетига деканлик қилган Баҳриддин Талапов ва факультет жамоаси зиммасига тушди. Дастлабки йилларда факультетда “Ҳуқуқшунос-педагог” бакалавр йўналиши бўйича кадрлар тайёрланган.

2001 йил  август ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг  навбатдаги сессиясида биринчи Президент мамлакатимизда ҳуқуқшунос кадрлар  тайёрлаш масаласига  алоҳида  эътибор қаратди ва ушбу йўналишда  кадрлар тайёрлаётган барча олий ўқув юртлари фаолияти атрофлича ўрганиб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус  таълим вазирлигининг “Вазирлик тасарруфидаги олий таълим  муассасаларида ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш тўғрисида”ги 2002 йил 12 февраль 42-сонли  буйруғига асосан   Наманган давлат университети Фарғона водийсида ягона марказлашган ҳуқуқшунос кадрлар тайёрловчи ўқув масканига айланди.

2002-2005 йиллари ҳуқуқшунослик факультетига  юридик фанлар доктори Йўлдошали Раҳимов раҳбарлик қилди. Бу йилларда  Фарғона давлат университетидан юридик фанлари номзодлари, доцентлар Орол Эрназаров, Мирзааҳмад Жиянов, Жумахўжа Қозихўжаев, Марафат Акаева, катта ўқитувчилар Жумабой Умаров, Худойберди Ҳолиқов, Комилжон Бокубаев, ёш ўқитувчилар: Фурқат Собиров, Ойбек Расулов, Иномжон Қўзибоев, Ахроржон Жумабаев, Муҳаммаджон Исроилов, Ҳамдамжон Ҳакимовлар таклиф этилиб,  фаолият кўрсатишди.

Ўша йиллари факультетда фаолият кўрсатган “Фуқаролик  ҳуқуқи ва процесси” кафедрасига  юридик фанлари номзоди, доцентлар  Орол Эрназаров, Марафат Акаева, “Жиноят ҳуқуқи ва процесси ” кафедрасига юридик фанлар номзоди, доцент Мирзааҳмад Жиянов ва Жумахўжа Қозихўжаевлар раҳбарлик қилишди. 2005-2012 йиллари ҳуқуқшунослик факультетига  юридик фанлари номзоди, доцент Мирзааҳмад Жиянов деканлик қилди. У самарали ташкилотчилик фаолияти билан илмий-тадқиқот ишларини қўшиб олиб борди. Унинг муаллифлигида  2 та монография, 50 дан ортиқ илмий мақолалар эълон қилинди. 2012 йили ёзида М. Жиянов юридик фанлари доктори илмий  даражасини олиш учун диссертациясини мувафаққиятли ҳимоя қилди. Бу йилларда талабаларга чуқур назарий билим бериш бароварида  университетда олган назарий билимларини  амалиётда янада  мустаҳкамлаш, уларда касбий малака ва кўникмаларни  шакллантириш мақсадида факультетда Юридик клиника ташкил этилди. Унга дастлабки йилларда юридик фанлари доктори Йўлдошали Раҳимов, кейинроқ эса катта ўқитувчи Абдужаббар Нишонов раҳбарлик қилди.

Ҳуқуқшунослик факультети фаолият кўрсатган йилларда мазкур йўналишда бир қатор иқтидорли талабалар таҳсил олишди. Булар - Навоий номидаги давлат стипендияси соҳиблари Раҳимжон Ҳакимов, Нателла Арутунянц, Жўрабек Тожиев, Дадашер Жўрабоев, Комилжон Алихўжаев, Тимур Алиев, Фарруҳ Маликов, Рустамжон Жалалов, Ҳотамжон Шомирзаев, Мўминжон Жалилов ва бошқалардир. Бугунги кунда мазкур йўналиш битирувчилардан  Раҳимжон Ҳакимов юридик фанлари доктори, профессор Тошкент давлат юридик  университети ректори,  Нодирбек Мухторов  юридик фанлар номзоди Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси масъул ходими, кўплари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, вилоят прокуратуралари масъул ходимлари, туман прокурорлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб бормоқдалар. Ҳуқуқшунослик йўналиши талабалари  республика миқёсида ўтказилган “Балли, ҳуқуқшунослар!” кўрик-танловининг 2011 йилдаги ғолиби, 2012 йилги совриндори бўлишган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5987-сонли  Фармонига биноан Наманган давлат университетида юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлашни амалга ошириш мақсадида юридик факультети ташкил  этилди.

Янги ташкил этилган  юридик факультетига  2019 йили тўлиқ таъмирдан чиқарилган замонавий жиҳозлар билан  таъминланган 300 ўринли ўқув биноси ажратилган.

Ҳозирда факультетда “Давлат ҳуқуқи ва бошқаруви” ва “Миллий ғоя ва ҳуқуқ таълими” кафедралари ташкил қилиниб, асосий штатда 20 нафар профессор-ўқитувчилар фаолият олиб бормоқдалар. Уларнинг 7 нафари фан номзоди, доцентлар, 13 нафари эса катта ўқитувчи ва ўқитувчилардир. Илмий салоҳият 33,0 фоизни ташкил қилади. 2 нафар  профессор-ўқитувчилар эса  соатбай  асосда (1 нафар юридик фанлари доктори, профессор, 1 нафар юридик фанлари номзоди) фаолият юритмоқдалар.

Факультет талабаларини ўқитиш жараёнлари кредит-модуль тизимида  амалга оширилмоқда.

Баҳриддин ТАЛАПОВ, 
Наманган Давлат университети юридик факультети декани.