Наманган Давлат университетида тиббиёт факультети очилди

Наманган Давлат университетида тиббиёт факультети очилди

6 сентябрь - анъанавий таълимнинг илк кунида Наманган давлат университетида янги ташкил этилган Тиббиёт факультетининг очилиш маросими бўлиб ўтди. 
Тантанали тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Шокиржанович Абдураззақов иштирок этди ва университет жамоаси ҳамда талабаларни факультетнинг ташкил этилиши ва янги ўқув йили билан табриклади. 

Дарвоқе, давлатимиз раҳбарининг шу йил 18-19 февраль кунлари вилоятимизга ташрифи давомида Наманган давлат университетида Тиббиёт факультетини ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланган эди. Бунга сабаб вилоятда олий маълумотли тиббиёт мутахассис кадрларига бўлган талабнинг юқорилиги эди.


Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Наманган давлат университетида Тиббиёт факультети ташкил этилди ва жорий ўқув йили учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича “Даволаш иши” ва “Педиатрия иши” йўналишларига 50 нафар талаба тест синовлари асосида қабул қилинди. Талабалар сони оширилган шартнома асосида ўқишни хоҳлайдиганлар ҳисобига ортиши ҳам мумкин.

Тиббиёт факультети алоҳида бино, маъруза, амалий ва лаборатория машғулотлари учун замонавий жиҳозланган хоналарга эга бўлди. Зарур адабиётлар, ўқув меъёрий ҳужжатлар ва янги ўқув йили юкламалари ҳам шакллантирилди. Талабаларни ўқитиш жараёни университет ва Андижон давлат тиббиёт институти билан имзоланган ўзаро меморандумга асосланган ҳолда олиб борилади.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва университет ўртасида тузилган шартномага мувофиқ эса талабалар амалиёти, ихтисослик фанларидан амалий машғулот дарслари, илмий даражали тиббиёт ходимларини ўқув, илмий фаолиятларни ҳамкорликда давом эттириши, шифохоналар моддий-техник базаларидан белгиланган тартибларда фойдаланиш бошқарма тасарруфидаги нуфузли шифохоналарда олиб борилади. Бир сўз билан айтганда, бўлажак шифокорларнинг кучли мутахассис бўлиб етишиши учун барча имкониятлардан фойдаланилади.