Наманган давлат университетининг 174 нафар иқтидорли талабасига 517 минг сўмдан пул мукофоти топширилди

Наманган давлат университетининг 174 нафар иқтидорли талабасига 517 минг сўмдан пул мукофоти топширилди

Наманган давлат университетида бугунги кунда 25323 нафар талабалар бўлиб, республикадаги йирик олий таълим муассасалар қаторидан ўрин олиб улгурди.

Иқтидорли, истеъдодли талабаларни рағбатлантириш, кам таъминланган оила фарзандларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш Наманган давлат университети раҳбариятининг энг эзгу анъанасига айланган. Бугунга қадар 34 нафар талабаларнинг 111 миллион сўм, “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг 7 нафар талаба фарзандларининг 48 миллион сўм миқдоридаги шартнома пуллари ҳомийлар томонидан тўлаб берилгани фикримиз далилидир.

Шунингдек, 13 нафар етим ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар учун ўқув, илмий ва бадиий китоблар хариди учун 17,5 миллион сўм субсидия ажратилган бўлса, 101 нафар “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар”га киритилган ва ногиронлиги бўлган талабалар бепул турар-жой билан таъминланди.

Бу каби ишларнинг мантиқий давоми сифатида шу йил 23 ноябрда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Олий ва ўрта махсус таълим вазири томонидан иқтидорли талабаларни университет “Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси” ҳисобидан моддий рағбатлантириш топшириғи берилган эди. Унинг ижроси доирасида Наманган давлат университетининг 174 нафар иқтидорли ва фаол талабалари 517 минг сўм миқдорида пул мукофоти билан тақдирланди. Бу талабаларнинг ота-оналарига эса университет ректорининг “Ташаккурнома”си топширилди.

 Санжарбек ҲАМИДОВ