Наманган кардиология соҳасида Арманистон билан фаолиятнинг янги қирраларига асос солди

Наманган кардиология соҳасида Арманистон билан фаолиятнинг янги қирраларига асос солди

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиали жамоаси соҳа тараққиётини таъминлашда хориждаги етакчи тиббиёт марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Ҳозирга қадар Россия Федерацияси, Беларуссия ва бошқа давлатлар кардиожарроҳлари билан биргаликда бир қатор мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Шунингдек, коронар қон-томирлар ва пиферик қон-томирларни стентлаш, электрокардистимуляторлар имплантацияси, юрак клапанлари вальвулопластикаси, юрак туғма нуқсонларни окклюдерлар билан ёпиш (имплантация) каби мураккаб кам инвазив бўлган юқори технологияли операциялар муваффақиятли бажарилмоқда.

Куни кеча Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиалига Арманистон давлати Эрубуни миллий кўп тармоқли тиббиёт маркази Интервенцион кардиология бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Меружан Сагателян ташриф буюрди.

Наманганлик кардиожарроҳлар билан таниқли шифокорнинг учрашуви ғоят самарали кечди. Меҳмон дастлаб вилоят кардииология марказида олиб борилаётган изланишлар, филиал салоҳияти билан яқиндан танишди. Ҳамкорлик доирасида Меружян Сагателян  "Тож томирларнинг сурункали окклюзиясида янги даволаш услублари" мавзусида маъруза қилди. Айниқса, филиалда ташкилланган маҳорат дарси тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

   Шу куни Арманистон пойтахтидаги Ереван Миллий кўп тармоқли тиббиёт маркази  ва филиал ўртасида келгусида тажриба алмашиш, кадрларни ўқитиш ва ҳамкорликда жарроҳлик амалиётларини ўтказиш буйича Меморандум  имзоланди.

Илмий мунозарадан сўнг шифокорлар мураккаб оклюзиялари бўлган беморларда юқори технологияли амалиётлар ўтказишди.

    Англаш мумкинки, яқин вақт ичида мураккаб қон-томирларни стентлаш, ретроград усули билан жигар ичи ўт йўлларида эндоваскуяр хирургик муолажаларни ўтказиш, аорта, аорта аневризмаларида стент, стент графт қўйиш каби янги амалиётларни жорий этиш орқали аҳолига кўрсатилаётган кардиологик хизмат янги босқичга олиб чиқилади. Бу борада чет эллик малакали мутахассислар тажрибасига таянилади.

Санжарбек ҲАМИДОВ.