Наманган вилояти тиббиётининг таянч маркази

Наманган вилояти тиббиётининг таянч маркази

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида амалга оширилаётган мураккаб жарроҳлик амалиётлари ва жамоа эришаётган ютуқлар хусусида ахборот манбааларида тез-тез ўқияпмиз. Марказ раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминовнинг касбий тажрибаси, маҳорати, раҳбарлик салоҳияти ҳақида эса соҳанинг каттаю кичик вакили жуда яхши тасаввурга эга. Бир неча йиллар давомида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи сифатида юксак савия билан иш юритган Солижон Жалилович чуқур билим ва тафаккурга, бебаҳо инсоний фазилатларга эга инсон сифатида из қолдирди. Бугун ўзининг қадрли жамоаси - Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалини бошқариб келаётган Солижон Мўминов чин маънода юрагига тугиб қўйган режа-мақсадларига эришмоқда. Зотан, вилоятни кардиология соҳасида нафақат республика, балки бутун дунёда таниқли марказга айлантириш унинг узоқ йиллик орзуси эди. Бунинг учун бугун дадил қадамларнинг қўйилаётгани янада аҳамиятли жиҳатлардан биридир.

Филиалда касалликлар профилактикаси, эрта аниқлаш ва скрининг қилишга жиддий эътибор қаратилади. Чунки асоратли юрак қон томир касалликлари вақтида эътибор қаратилмаган, даволанилмаган хасталиклар натижаси бўлади. Бу йўналишда филиалнинг етук мутахассислари вилоятнинг 11 та туманида ташкил этилган тиббиёт марказларида маҳорат сабоқлари йўналишида илмий-амалий семинарларни ўтказиб келмоқдалар. Ҳар бир туманда икки-учтадан юрак қон-томир хасталиклари бўйича кўргазмали операцияларнинг ўтказилгани туманлардаги шифокорлар малакасини ошириб, беморлар учун ҳам қулайлик яратяпти. Ҳозирги кунгача операциялар сони 40дан ошди.

Бундан ташқари, шифокорлар фаолиятида тажрибанинг ниҳоятда муҳимлиги филиалга хориждаги нуфузли клиникалар шифокорларнинг ташриф буюраётганида ҳам намоён бўлмоқда. Филиалда Россиянинг Новосибирск шаҳридаги Мешалькин номли кардиохирургия маркази етакчи мутахассиси Редькин Дмитрий Анатольевич ва Кемерова шаҳридаги Кузбасс кардиология маркази мутахассиси, Сибирь интервенцион кардиологлари ассоциацияси раиси, профессор Владимир Иванович Ганюковнинг ташрифи натижасида юрак сурункали ишемик хасталикларида ёпилиб қолган томирларни ангиопластика  ва стентлаш амалиёти жорий қилинди.

Шунингдек, Польша Республикаси профессори Р. Дж. Гилл бошчилигида буйрак артериялари торайиши билан асоратланган қон томир касалликларида, периферик қон томирлар зарарланишида ангиопластикаси ва стентлаш амалиётлари, В. Воҳидов номли хирургия маркази Республика бош интервенцион кардиологи, профессор Зуфаров Миржамол Мирумарович бошчилигида юрак туғма нуқсонларида транскатетер усулда нуқсонни бартараф этиш амалиётлари, “ЕZGU NIYAT” кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокори Музаффар Жўралиев бошчилигида юрак туғма нуксонларида транскатетер усулда нуқсонни бартараф этиш амалиётлари, Республикада етакчи   м интервенцион кардиологи тиббиёт фанлар  номзоди  Юлдашев Наби Пиримович иштирокида коронар кон томир стволини стентлаш амалиёти ҳам муваффақиятли ўтказилганини эътироф этиш лозим.

Қолаверса, интервенцион аритмолог Электрофизиологик текшириш усуллари сохосида етакчи мутахассиси тиббиёт фанлари номзоди Якубов Акмал Абдусаматович бошчилигидаги гуруҳ ёрдамида вилоятда илк бор шу йил июль ойида 6 нафар беморда юрак ритмининг мураккаб бузилишларида электрофизиологик текширув ва радиочастотали абляция амалиётларининг ўтказилгани филиал эришган энг ижобий натижалардан биридир. Жорий йилда Арманистон давлати Эребуни миллий кўп тармоқли тиббиёт маркази Интервенцион кардиология бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Меружан Сагателян бошчилигида коронар қон томирларининг сурункали окклюзиясида стентлаш амалиёти, Санкт-Петербург шаҳри Мечников номли марказ рентгенэндоваскуляр диагностика ва даволаш бўлими раҳбари Каледин Александр Леонидович иштирокида коронар томирлар ангиографик текширувида дистал радиал доступ бўйича амалиёт муваффақиятли ўтказилди. Бу амалиёт Ўзбекистонда биринчи марта бизнинг вилоятимизда амалга оширилди. 

- Ўтказилган махорат соатлари, мутахассисларнинг ўз устида ишлаши натижасида бўлимда ҳозирги кунда коронарография, коронар қон томир ва периферик қон томирлар ангиопластикаси ва стентлаш амалиёти, бир ва икки камерали электрокардиостимулятор имплантацияси, артериал қон томир малформацияси ва турли хил қон кетиш билан кечувчи хасталикларда томир эмболизацияси амалиёти, юрак туғма ва орттирилган нуқсонларида баллонли вальвулопластика ва окклюдер имплантацияси амалиётлари кенг миқёсда амалда қўлланиб келинмоқда, - дейди РИКИАТМ НФ раҳбари Солижон Мўминов. - Жуда кўп хориждаги нуфузли тиббиёт марказлари, жумладан, Арманистон давлати Эребуни миллий кўп тармоқли тиббиёт маркази, Санкт-Петербург шаҳридаги Мечников номли марказлар билан жорий йилда меморандумлар имзоланди. Бунинг натижасида келгусида соҳани янада такомиллаштириш мақсадида аортал клапанини интервенцион усулда ўрнатиш (TAVI), онкологик беморларда кимётерапевтик препаратларни селектив шикастланган жойга юбориш (онко-интервенция), жигар циррозларида эндоваскуляр усулда порта-кавал анастамоз ўрнатиш (TIPS), ишемик инсультни бошдан ўтказган беморларда бош мия томирларини стентлаш, бош мия қон томирлар аневризмасида эмболизация (нейро-интервенция) амалиётлари йўлга қўйилади.

Филиалнинг Рентгенэндоваскуляр хирургия бўлими фаолиятини янада такомиллаштириш ҳам асосий мақсадларимиздан бири. Бу бўлим 2014 йилдан буён фаолият юритиб келяпти. Бўлим 20 ўринга ихтисослаштирилган, 5 нафар интервенцион кардиолог, 12 нафар ўрта тиббиёт ходими, 9 нафар кичик тиббиёт ходими меҳнати туфайли 2017-2021 йиллар мобайнида 5600 нафар беморда юқори технологик текшириш ва даволаш амалиётлари ўтказилди.

Дарвоқе, бўлимда Тошкент шаҳридан сўнг республика вилоятлари ичида биринчи бўлиб коронар томирларни, периферик томирларни стентлаш, орттирилган ва туғма юрак нуқсонларини интервенцион усулда бартараф этиш, ҳар хил юрак аритмияларида радиочастотали абляция (РЧА), бачадон, простата бези артериялари эмболизацияси, электрокардиостимулятор ўрнатиш, кавафильтр ўрнатиш, тери орқали жигар ичи ўт йўлларини дренажлаш амалиётлари йўлга қўйилди. Бу билан Наманган интервенцион хизмати жаҳон стандартларига яқинлаштирилди.

Келажакда бўлимда аортал клапанни интервенцион усулда ўрнатиш (TAVI), онкологик беморларда кимётерапевтик препаратларни селектив шикастланган жойга юбориш (онко-интервенция), жигар циррозларида эндоваскуляр усулда порта-кавал анастамоз ўрнатиш (TIPS), ишемик инсульт ўтказган беморларда бош мия томирларнини стентлаш амалиёти, бош мия қон томирлар аневризмасида эмболизация (нейро-интервенция) амалиётларини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бунинг учун бўлимда илмий салоҳият етарли. Шифокорлар чет эл тиббиёт марказларида ўтказилаётган анъанавий конференция ва конгрессларда мунтазам иштирок этиб келишяпти. Бўлим мутахассислари А. Жалилов, А. Абдуллаевлар 2018 йилда Ҳиндистон давлатининг Мумбай шаҳрида ўтказилган семинарда, Москва шаҳрида ўтказилган «TCT Russia» конференциясида, 2017 йил Хитойнинг Пекин шаҳрида юрак қон-томир хирургиясида инновацион технологиялар мавзусидаги малака ошириш курсларида иштирок этиб қайтган бўлса, Б. Камолидинов, Ж. Юсуфжанов, А.Саидовлар 2019 йилда Москва шаҳрида ўтказилган «СамКО» маҳорат соатларида, Алмата шаҳрида бўлиб ўтган интервенцион аритмология курсларида қатнашдилар.

Янада қувонарлиси, жорий йилда РЭХ бўлим мудири А. Жалилов РИКИАТМ илмий кенгашида «Коронар қон-томирлар стентлаш амалиётидан кейинги рестеноз билан асоратланишни прогнозлаш» мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олди.

Яхшилик ва яхши инсонлар билан ҳаёт бардавом ва гўзалдир. Билим ва маҳоратда, тажриба ва изланишда энг кучлиларни бир саф, бир мақсад йўлида бирлаштирган Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали жамоасини ҳам Тиббиёт ходимлари куни билан табриклаймиз. Беморлар дардига шифо улашишдек эзгу ишда толмай меҳнат қилаверинг, тиб илмининг соҳиблари - Ибн Сино издошлари!

Шаҳло ТОШБЕКОВА